Жанубий Урал давлат университети билан қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади

19:45 03 Август 2022 Маданият
594 0

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари К.Каримов ҳамда Жанубий Урал давлат университети ректори А.Вагнер ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Унда томонлар Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассаалари ўртасида олиб борилаётган ҳамкорлик алоқалари кўламини юқори баҳолаган ҳолда, республикамизнинг бир қатор ОТМ ва мазкур университет билан алоқаларни кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.

Маълумот учун: Жанубий Урал давлат университети – Россия Федерациясининг Челябинск вилоятида фаолият юритаётган 16 та ОТМ орасидаги энг йирик таълим муассасаси, шунингдк, у кўп маданиятли ва кўп миллатли СМАРТ-Университет ҳисобланади. Университет 1943 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатидан 30 мингдан ошиқ талаба таълим олмоқда. 

 «Ўзбекистон ва Россия ректорлари конференцияси, Таълим форуми каби йирик тадбирлар икки мамлакат олий таълими вакиллари ўртасида ўзаро мулоқот учун самарали платформа бўлиб хизмат қилмоқда. Жанубий Урал давлат университетини ҳам ушбу тадбирларда фаол иштирок этишга таклиф қиламиз», — деди вазирнинг биринчи ўринбосари К. Каримов.

2018 йилда бўлиб ўтган биринчи Ўзбекистон ва Россия ректорлари конференциясидаги иштирокини мамнуният билан эслар экан, ректор А. Вагнер республикамиз ОТМ билан ҳамкорлик учун қатор манфаатли йўналишларни санаб ўтди. Шу билан бирга, ректор ўзи раҳбарлик қилаётган ОТМ томонидан ташкил этиладиган халқаро «Звезда» фанлар олимпиадасида республикамиз академик лицей ўқувчиларини қатнашишга таклиф этди.

Шунингдек, учрашувда Жанубий Урал давлат университети ва Тошкент давлат техника университети ўртасида қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, ТДТУ талабаларининг ушбу хорижий ОТМ магистратурасида таҳсил олиши учун грант ўринларини ажратиш, илмий кенгашларда диссертациялар ҳимояси ва икки ОТМ илмий журналларида мақолалар чоп этиш каби йўналишларда ишларни янада жадаллаштиришга келишилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер