Жаноб ҳоким, бизга китоб олиб беринг

16:26 12 Февраль 2024 Жамият
356 0

Яқинда Навоий шаҳри ҳокими Дилмурод Эргашев Навоий Давлат педагогика институтида бўлиб, илм даргоҳининг профессор-ўқитувчилари ва талабалар билан мулоқот ўтказган эди.

Учрашувда турли ижтимоий, маданий масалалар билан бирга талабалар томонидан айрим турдаги илмий ва техник адабиётлар ҳамда бадиий китобларни топишга қийналишаётганлиги, лотин алифбосидаги адабиётлар институт кутубхоналарида камлиги масаласини кўтариб, шаҳар ҳокимидан китоб олиб беришларини сўраган эди.

— Хизмат тақозоси билан деярли ҳар куни учрашув ва мулоқот ўтказаман, — деди Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев. — Бироқ шаҳар ҳокими сифатидаги фаолиятимда “китоб олиб беринг”, деган мурожаатга илк марта дуч келаяпман. Шу сабаб бу мурожаатни бажону дил қабул қилдим.

Куни кеча шаҳар ҳокими ваъдаси устидан чиқиб, ўз ҳисобидан 300 га яқин китоблар жамланмасини Навоий Давлат педагогика институти кутубхонасига топширди.

— Биз шаҳримиз ҳокимидан ниҳоятда миннатдормиз, — дейди мурожаат муаллифи, талаба Ҳулкар Жўрақулова. — Шу билан бирга биз талабалар вилоятимизнинг турли ҳудудларидан эканлигимизни инобатга олиб, бошқа туманларнинг раҳбарлари ҳам институтимиз кутубхонаси фондининг бойитишга ўз ҳиссасини қўшадилар, деган умиддамиз.

Чиндан ҳам илм даргоҳига туҳфа этилган китоблар, эрта-индин унинг битирувчилари, бўлғуси педагоглар тафаккури орқали юзлаб ёшлар қалбида зиё сочиши тайин.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер