Жамшид Ходжаев Халқаро молия корпорацияси (ХМК)нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Вибке Шлемер билан учрашув ўтказди

20:37 28 Сентябр 2022 Сиёсат
775 0

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Халқаро молия корпорацияси (ХМК)нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Вибке Шлемер билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида жорий қўшма лойиҳаларни амалга оширилиши ҳамда янги инвестициявий ташаббусларни ишлаб чиқишни назарда тутган ҳолда ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, ХМК амалдаги портфели банк, молия, энергетика, тўқимачилик, озиқ - овқат, кимё, мебель саноати ва кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш йўналишларида жами 480 миллион АҚШ долларлик 28 та инвестиция лойиҳаси ҳамда мамлакатнинг молия ва энергетика соҳаларида ишлаб чиқилаётган 474 миллион долларлик 5 та лойиҳадан иборат.

ХМК раҳбариятига молия бозорларини ривожлантиришда, агробизнес, транспорт, соғлиқни сақлаш ва энергетика соҳаларида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан Сирдарё вилоятида 3 та қуёш электр станцияси ва 1500 МВт қувватга эга буғ - газ электр станциясини ҳамда Хоразм, Наманган ва Бухоро вилоятларида учта қуёш электр станцияларини қуриш бўйича халқаро тендерлар ўтказишда кўрсатилган техник ёрдам учун миннатдорлик билдирилди.

Шунингдек, давлат корхоналари ва тижорат банкларини трансформациялаш ва хусусийлаштиришни назарда тутган ҳолда, Ўзбекистонда иқтисодий ва таркибий ислоҳотларни амалга оширишда ХМКнинг маслаҳат ва техник ёрдамини жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. ХМК инвестиция муҳитини яхшилаш, соҳаларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, шунингдек саноатни жадал ривожлантиришга қаратилган таркибий ислоҳотлар бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Томонлар Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш ва аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар доирасида, шу жумладан Wэ-Фи дастурининг аёллар тадбиркорлигига қулай шарт-шароитлар яратиш имкониятларидан фойдаланган ҳолда ҳамкорликни давом эттиришни муҳокама қилдилар.

Учрашув якунида муҳокама қилинган лойиҳалар ва ташаббуслар доирасида ўзаро ҳамкорликни давом эттириш мажбурияти билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер