Жамият барқарорлигини таъминлашда миллий ғоянинг зарурати: миллий ва хорижий тажриба

14:51 05 Январь 2023 Жамият
563 0

Бугунги кунда дунёда 223 дан зиёд миллат, 5 мингдан ортиқ этник гуруҳлар мавжуд бўлиб, улар ўзига хос хусусият ва ривожланиш имкониятларига эга. Аксар давлатларда бир неча ўнлаб, баъзиларида ҳатто юздан ошиқ миллат ва элатлар яшайди. Аҳолисининг таркиби турлича бўлган мамлакатларда ҳар қандай қонун ва қарорлар қабул қилиш, ислоҳотларни амалга ошириш ва давлатнинг ўз ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш ҳамда уни кундалик ҳаётга татбиқ этишда бу жараёнлар муҳим омил ҳисобланади.

Ўзбекистон Ресубликасида ҳам айни вақтда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар истиқомат қилмоқда. Бу эса улардаги ва миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланишга эришиш имокниятларини оширишда катта аҳамият касб этади. Бунда, шубҳасиз, миллий ғоянинг ўрни беқиёс.

Ўзбекистонда яшаётган инсонлар миллати, тили, дини, ирқи, жинси, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, барча фуқаролар қонун олдида тенглиги Конституциямизнинг 18-моддасида белгилаб қўйилган. Яъни фуқаролар ягона халқ вакиллари эканлиги таъкидланган. Уларни ягона мақсад йўлида бирлаштиришда ҳар бир ривожланган давлатда муҳим демократик қадрият сирасига кирган миллий ғоянинг ўрни ва роли бор.

Бунинг учун, аввало, унинг моҳиятини тўғри англаш алоҳида стратегик аҳамият касб этади. Миллий ғояга муайян миллат ҳаётига мазмун бахш этадиган, уни эзгу мақсад сари етаклайдиган фикрлар мажмуи, дея таъриф берилади. У миллатнинг ўтмиши, бугуни ва истиқболини ўзида мужассамлаштиради, унинг туб манфаатларини, мақсадларини ифодалайди. Миллий ғоя ўз моҳиятига кўра халқ, миллат тақдирига дахлдор, қисқа ёки узоқ муддатда ҳал этилиши керак бўлган вазифалар ва мақсадларни ҳам акс эттиради. Дунёнинг ривожланган мамлакатлари ўз тараққиётига, аввало, миллий ғоя ва мафкурани шакллантириш орқали эришганини тарихдан гувоҳи бўлганмиз.

Таъкидлаш жоиз, ёшларнинг ғояларини мафкураларга бирлаштиришда етакчилик қилаётган мамлакатлар Германия, Финляндия, Италия, Испания ва Франция ҳисобланади. БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) томонидан бутун дунёда ёшларнинг демократияни ривожлантиришдаги иштирокини таъминлашга қаратилган “оммавий нутқ” шаклида тадбирлар (190 та мамлакат ёшлари билан биргаликда) ўтказилади. Ушбу халқаро лойиҳанинг мақсади болалар ва ёшларга ўз манфаатларига дахлдор бўлган барча масалалар бўйича ўз фикрларини эркин ифода этиш ҳуқуқидан фойдаланиш учун очиқ майдонни тақдим этишдан иборат. Шу билан бирга, дунёда ёшларни бирлаштириш боарсида тан олинган AIESEC, яъни ёшлар томонидан бошқариладиган халқаро мустақил нотижорат (сиёсий бўлмаган) ташкилот мавжуд бўлиб, унинг аъзолари 18-29 ёшгача бўлган дунё ёшлари ҳисобланади.

Россия Федерациясида ёшларни ватанпарларлик руҳида тарбиялаш ҳамда бирлаштириш мақсадида, шунингдек, уларнинг ижтимоий муаммолари билан шуғулланиш давлат томонидан тартибга солинади ва 1992 йил сентябридан ҳукумат таркибида “Ёшлар ишлари бўйича” алоҳида давлат қўмитаси фаолият кўрсатади.

Финляндия давлатида ёшларни асосан мамлакат тараққиётида ўз ўрнини эгалллаши ҳамда жамиятда уларнинг сиёсий позициясини мустаҳкамлаш орқали сиёсий тизим легитимлигини оширишга қаратилган ғоялар асосида тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор берилади. Ёшлар билан бевосита ишлаш билан Финляндияда Таълим ва маданият вазирлиги шуғулланади. Ёшларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини оширишга ҳамда уларнинг бирлашувини таъминлашга қаратилган қонунчилик биринчи марта “Ёшлар тўғрисида”ги қонун номи билан 1972 йилда қабул қилинган. Жамиятдаги ўзгаришлар ва уларнинг ёшлар онгига таъсирини ҳисобга олган ҳолда ушбу қонунчилик ҳар 10 йилда (1986, 1996, 2006, 2016) қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни назарда тутади. Қонуннинг асосий мақсади ёшларнинг ривожланишини ва мустақиллигини қўллаб-қувватлаш, фаол фуқаролик позициясини ошириш билан боғлиқ.

АҚШда ҳозирги кунда 300 дан зиёд ёшларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш дастурлари эълон қилинган бўлиб, уларнинг ичида энг самаралиси сифатида қуйидагилар келтирилади: “Чексиз кампус имкониятлари лигалари”, “Талабалар орасида очликни йўқ қилиш учун”, “Ёлғиз оналар учун ёрдам”, “Шаҳар муаммолари билан танишиш”, “Нажот армияси”. Шу билан бирга, жамиятда ёшлар орасида ёт ғояларнинг олдини олиш ҳамда жиноятчиликни камайтириш мақсадида ҳукумат таркибида ёшлар жинояти муаммоларини ҳал этиш ва ҳуқуқбузарлик хатти-ҳаракатларининг олдини олиш бўйича Федерал Кенгаш ташкил этилган. У ҳудудларда (штатларда) махсус рўйхатда турувчи ёшлар билан ишлаш, таълим муассаларида ватанпарварлик ғояларини кенг тарғиб этиш ва уни назорат қилиш билан шуғулланади.

Юртимизда “Ўзбекистон – умумий уйимиз” ибораси миллий ғоямиз негизини ташкил этади ва унинг мантиқий давоми сифатида ҳозирги ислоҳотлар “Янги Ўзбекистонни бирга қурамиз” деган шиор остида олиб борилмоқда. Режалаштирилган, истиқболда қилинадиган ўзгаришлар асоси – Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди. Унда белгиланган вазифаларни биргаликда амалга ошириш жамиятдаги ҳар бир шахснинг фуқаролик бурчи саналади. Миллий ғоянинг илдизи, аввало, ўзликни англаш, ўз тарихини билишдан бошланади. Ёш авлодни қадриятлардан бохабар этиш, аждодлардан фахрланиш ҳисси ва миллий ғурурни шакллантириш мақсадида 10 мингдан ортиқ мактабларда “Ўзбекистон тарихи”, “Маънавият асослари” каби фанлар ўтилмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида 70-мақсад “Ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш” деб номланди. Юқорида келтирилган мисолларни таҳлил қилиш орқали ҳар соҳада барқарор тараққиётга эришиш учун миллий ғоядан унумли фойдаланиш, фуқаролар, айниқса, ёшлар орасида уни тарғиб қилиш зарур эканлигининг яна бир тасдиғини кўриш мумкин. Баён қилинганлардан келиб чиқиб, мамлакатимизда ёшларни ягона мақсад ва ғоялар асосида ривожлантириш, айниқса, уларни турли ёт ғояларга кириб қолишдан ҳимоялаш борасидаги тадбирлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида қуйидагилар таклиф этилади:

биринчи, ҳудудларда ёшларнинг қарашлари, уларнинг қизиқишларини аниқлашга қартилган социологик сўровномалар ўтказиш шу асосда тегишли мутасадди ташкилотлар билан амалий ишларни кучайтириш (доимий равишда мониторинг қилиш тизимини йўлга қўйиш);

иккинчи, ОАВ воситаларида айнан ёшлар учун доимий равишда (ҳафтанинг аниқ кунида) тарғибот кўрсатувларини ташкил этиш (Финляндия тажрибаси);

учинчи, ҳудудларда ёшлар билан ишлашда бошқарув органлари билан биргаликда “маҳорат дарслари”ни ташкил этиш;

тўртинчи, ёшларнинг тарбиялашда асосий биринчи босқич бўлмиш мактабгача таълим ва халқ таълими тизимида “Ватанпарварлик куни” “Вилоят (туман, қишлоқ)нинг энг иқтидорли ўқувчиси” каби танловлар ўтказиш (ойда 2 марта);

бешинчи, ёшлар билан ишлашга йўналтирилган нодавлат нотижорат ташкилотлар сонини кўпайтириш ва уларнинг фаолиятини ташкил этишни соддалаштириш (бу уларнинг фаолияти кенгайишига олиб келади);

олтинчи, ҳар бир ҳудудда ёшларнинг мақсад ва қизиқишларини аниқлашга қаратилган “Ҳукуматга таклифлар” қутилари (ёки онлайн портали)ни ташкил этиш (бунда, ўз навбатида, аноним тарзда шу ҳудуддаги ёшларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш имкони ҳам юзага келади).

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирги кунда менталитетимизга ёт, экстремистик ва бошқа турдаги таҳдидларга қарши айнан миллий ғоямиз қалқон бўла олади.

Ғ. МАҲАММАДЖОНОВ,

Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар факультети

“Фуқаролик жамияти ва ҳуқуқ таълими” кафедраси мустақил тадқиқотчиси,

Қонунчилик муаммолари ва парламент

тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер