«Жайрон»га уюштирилган пресс-тур нимаси билан ёдда қоларли бўлди?

19:38 21 Октябр 2022 Жамият
458 0

Фото: Халқ сўзи

Бухорода вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими томонидан бир гуруҳ ижодкорлар ва БухДУ журналистика бўлимида таҳсил олаётган талаба-ёшлар учун «Жайрон» питомнигига пресс-тур ташкил этилди.

Айтиш жоизки, 16 минг 522 гектар ҳудудга эга питомникнинг фаунаси жуда хилма-хил. Бу ерда биргина қушларнинг 250 дан зиёд, умуртқали ҳайвонларнинг элликка яқин, сут эмизувчиларнинг 36 турини учратиш мумкин. Айни пайтда питомникда 1 минг 203 бош жайрон, 175 бош қулон, 48 бош Бухоро тоғ қўйи, 16 бош Пржевалский оти бор. Ҳудуднинг Бухоро шаҳридан атиги 42 километр узоқликда жойлашгани воҳада экотуризмни ривожлантириш имкониятини яратади. Бинобарин, «Жайрон»га йилига ўртача икки мингга яқин сайёҳ ташриф буюраётгани бу ҳали чегара эмас.

Пресс-тур давомида питомник директори Жамшид Ҳошимов, унинг илмий ишлар бўйича ўринбосари Дилшод Турсунов ушбу маскан ташкил этилиши тарихи, бу ерда сақланаётган ноёб ҳайвонлар ҳақида сўзлаб бердилар. Шу ернинг ўзида бўлғуси журналистлар учун тажрибали қаламкашлар томонидан маҳорат сабоқлари ўтилди.

Яна бир эсда қоларли жиҳат шунда бўлдики, пресс-тур қатнашчилари питомникка қарашли ҳудудда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 200 туп саксовул кўчати ўтқазишди. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, чўл ўсимлиги саналган саксовул қум кўчиши олдини олади. Жониворларни озуқа билан таъминлайди, уларнинг жазирама иссиқда жон сақлашларида асқатади.

Она-табиат бағрига саёҳат, хусусан, талаба-ёшларда катта қизиқиш уйғотди, экожурналистикага бўлган иштиёқни кучайтирди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер