Жаҳоннинг ёнғин-қутқарув спорти усталари Самарқандда

10:30 03 Октябр 2022 Спорт
690 0

Фото: Халқ сўзи

Халқаро ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар спорти федерацияси билан ҳамкорликда 29 сентябрь — 5 октябрь кунлари қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида йирик тадбирлардан бири — ёнғин-қутқарув спорти бўйича эркаклар ўртасида XVII жаҳон чемпионати ва аёллар ўртасида VIII жаҳон чемпионати ўтказилмоқда.

Ушбу жаҳон чемпионатида Халқаро ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар спорти федерацияси Президенти, Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал-полковник А.Чуприян бошчилигида Австрия, Бенин, Беларус, Болгария, Буркина-Фасо, Габон, Жанубий Африка, Камерун, Корея, Кот-дЪИвуар, Латвия, Мўғилистон, Нигер, Озарбайжон, Россия, Сенегал, Словакия, Тунис, Туркия, Тожикистон, Ҳиндистон, Хитой, Эрон, Қатар, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон давлатлари, шунингдек, Халқаро ёнғин ўчирувчилар спорти федерацияси, Халқаро фуқаро мудофааси ташкилотлари вакиллари қатнашяпти.

Мусобақада 30 га яқин давлатларнинг жамоалари тўрт йўналиш бўйича 60 та медаллар тўплами учун ўзаро баҳс олиб бормоқда. Фахрий меҳмонлар қаторида нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам бор.

Чемпионатнинг эркаклар ўртасидаги баҳсида 11 давлат - Ўзбекистон, Тожикистон, Мўғулистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Россия, Хитой, Туркия, Эрон, Беларус ва Қирғизистон республикалари жамоалари ғолиблик учун баҳслашяпти.

Кеча ўтказилган «100 метрга тўсиқлар оша югуриш» тури бўйича эркаклар ўртасида жаҳон чемпионатида терма жамоамиз аъзолари умумжамоа ҳисобида илк маротаба 2-ўринни эгаллаб, жаҳон чемпионатининг кумуш медалига сазовор бўлишди. Бу турда1-ўринни Россия, 3-ўринни эса Қозоғистон терма жамоаси вакиллари эгаллади.

Аёллар ўртасидаги баҳсда эса Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Беларус, Туркия Республикалари жамоалари куч синашмоқда.

Чемпионатларда жами 200 нафардан ортиқ спортчи иштирок этмоқда.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Жайрона Абдуваитова ўз натижаси билан (16.19 сония) терма жамоамиз спортчилари ўртасида энг яхши натижани кўрсатди ва Ўзбекистон миллий рекордини ўрнатди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу жаҳон чемпионатида аёллар терма жамоамиз илк маротаба иштирок этмоқда.

— Жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этяпман, — дейди Қирғиз Республикаси жамоаси аъзоси Жанат Муқталий ули. — Самарқандда ўтаётган мусобақа менда катта таассурот қолдирмоқда. Ҳар жиҳатдан пухта ҳозирлик кўрилган. Мусобақада қатнашаётган бошқа дўстларим ҳам буни таъкидлашяпти. Яратилган шароитлар спортчиларга кўтаринки кайфият улашмоқда. Юқори кайфият мусобақада ҳам юқори натижаларга эришимизга хизмат қилади. Барча иштирокчиларга омад тилайман.

Халқаро ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар федерацияси ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур чемпионат баҳслари 5 октябрга қадар давом этади.

Қайд этиш керакки, ушбу Халқаро ёнғин-қутқарув спорти бўйича эркаклар ўртасида XVII жаҳон чемпионати ва аёллар ўртасида VIII жаҳон чемпионати ўз мазмун-моҳиятига кўра, Ўзбекистон Республикасининг дунё мамлакатлари билан ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқалари ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер