Жаҳонда электромобиллар даври бошланди: Ўзбекистон бунга тайёрми?

16:54 16 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
491 0

Жаҳонда қайси давлат ёки компания инновацияларни кўпроқ ва тез жорий қилса, ўшалар тез бойиб кетади. Шунинг учун ҳам ҳозирги вақтда янги технологик компаниялар даромадлари кескин ошиб бормоқда, уларнинг акциялари курси ва капиталлашув даражаси тез ўсмоқда. Ушбу компаниялар жойлашган давлатлар ялпи ички маҳсулоти ҳажми ўсишига ижобий таъсир қилмоқда. Масалан, 2020 йилда дастурий таъминот ишлаб чиқарадиган Microsoft компаниясининг капиталлашув даражаси 1 359 млрд. доллар (дунёда 2-ўринда), информацион технологиялар ишлаб чиқарадиган Apple Inc. компаниясининг эса 1 286 млрд. доллар (дунёда 3-ўринда) бўлган. Бу компания ҳам дунёнинг энг катта ва инновацияларга асосланган иқтисодиёти бўлган АҚШда жойлашган.

Ҳозирги вақтда жаҳонда энг муҳим глобал технологик янгиликлардан бири электромобиллар ҳисобланади. Бу жаҳон автомобиль бозорини ўзгартиради, оқибатда автомобилсозлик ва у билан боғлиқ тармоқлар ўзгаради. Deloitte компаниясининг прогнозига кўра, 2025 йилгача жаҳонда ҳар йили электромобиллар ўсиш суръати 34 % фоизни ташкил этиб, уларнинг сони 25-30 млн.тага яқин бўлади. Ўз навбатида, анъанавий двигателли автомобиллар улуши камайиб боради.

Ўзбекистон автосаноати ҳам жаҳонда автомобиль бозоридаги трендлар ва прогнозларни ҳисобга олиб стратегияни юритиши лозим. Қувонарли томони шундаки, республикамизда «Labo» автомобили базасида электромобиль яратиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. «Labo» электромобилининг бошланғич таннархи 10 минг АҚШ доллари атрофида бўлади. Электромобилнинг бир қувватланиши минимал 150 километр, максимал 250 километргача масофага етиши кўзда тутилган. Қувватлаш 220 вольтли токдан бўлса, 4 соатдан 8 соатгача, қувватлаш станциясида эса максимал 1 соат кетади. Ушбу электромобилнинг айрим деталлари импорт қилинса ҳам у республикамизда биринчи бўлиб янги даврнинг инновацион техникаси бўлади.

Шунингдек, «Қўқон» эркин иқтисодий зонасидаги «Шаффоф омадли саноат» қўшма корхонасида электромобиль ишлаб чиқариш лойиҳаси Хитойнинг Silk Road Company компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллион АҚШ доллари бўлиб, шундан 24 миллион доллари хорижий инвесторларга тегишлидир. Ҳисоб-китобларга кўра, электромобиллар нархи 3 минг доллар атрофида бўлади.

Шу билан бирга, республикамизда электромобиллар импорт қилинмоқда. 2020 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонга хориждан 2,1 миллион доллар сарфлаб, 82 та электромобиль импорт қилинган. Аммо ушбу ҳолат бўйича ҳам ижтимоий тармоқларда ҳар хил фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.

Мамлакатимиз аҳолиси ҳам глобал технологик янгиликлар натижаларидан баҳраманд бўлишга ҳақлидир. Муҳими, электромобиллар ёқилғилар ишлатилиб, атроф-муҳитга зарарли чиқиндилар чиқармайди. Йилдан йилга электромобилларнинг янги моделлари яратилиб, улар тежамкор ва самарали бўлиб бормоқда.

Биз ҳам элекромобиллар даврига ҳамоҳанг бўлишимиз лозим. Республикамизда турли тоифадаги замонавий электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, уларни қувватлаш шохобчаларини барпо этиш ва тезлик билан ушбу технологик жараён талабларига жавоб берадиган миллий кадрларни тайёрлашимиз зарур. Мазкур мақсадларга эришишнинг самарали йўли тармоқда бозор механизми ва тамойилларини фаол жорий этишдир. Яъни, Адам Смитнинг «кўринмас қўли»дан фойдаланиш лозим.

Фозил Додиев,
иқтисод фанлари номзоди

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?