Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида БМТ моделига бағишланган конференция бўлиб ўтди

22:06 09 Октябр 2023 Сиёсат
454 0

Шу йилнинг 6 — 8 октябрь кунлари Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида (ЖИДУ) “Ҳамма учун барқарор дунё сари” (“Towards a sustainable world for all”) шиори остида БМТ модели бўйича конференция бўлиб ўтди.

ЖИДУ томонидан Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда турли олий ўқув юртлари ва мактабларнинг халқаро муносабатлар ва жаҳон муаммоларини ҳал этишга қизиқувчи талабалар иштирок этди.

Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев конференция иштирокчиларини қутлар экан, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги юксак нуфузи ва ўрни ортиб бораётгани, Ўзбекистон раҳбари томонидан БМТ минбаридан илгари сурилган муҳим ташаббуслар ва глобал ғоялар ҳамда ташаббусларни амалга оширишда ёшлар иштирокининг долзарблигини таъкидлади.

Ўз навбатида, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Анас Карман замонавий халқаро муаммоларни ҳал этишда ҳамкорлик ва дипломатия катта аҳамиятга эга эканини қайд этди.

“БМТ модели” — бу нуфузли халқаро ташкилот қандай ишлаши ҳақида кўпроқ маълумот олишни истаганлар учун машҳур образли ўйин. ЖИДУда бўлиб ўтган тадбир иштирокчилари дипломатлар образига кириб, турли мамлакатлардан келган делегатлар ролини ижро этишди ва БМТ олдида турган масалаларни муҳокама қилишди, глобал муаммолар бўйича мунозаралар олиб боришни ўрганишди.

UWED MUN 2023 конференцияси ўз иштирокчиларига ўзини жаҳон ҳамжамиятининг бир қисми сифатида ҳис қилишларига ёрдам берди ва ёшларнинг халқаро ҳамжамият ривожига қўшаётган ҳиссаси бўйича ўзига хос фаол фикр алмашиш платформасига айланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?