Жаҳон банки Ўзбекистонга яна 100 млн долларлик имтиёзли кредит ажратади. Қарз 30 йилга паст фоизларда берилади

15:03 15 Июнь 2021 Иқтисодиёт
491 0

Ўзбекистоннинг икки жанубий вилоятидаги шаҳарлар «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳаси доирасида ўзларининг муниципал хизматлари ва инфратузилмаларини яхшилашлари мумкин. Бу ҳақда Жаҳон банки маълум қилди.

Лойиҳанинг ушбу компонентини амалга ошириш учун 100 миллион АҚШ доллар миқдорида қўшимча маблағ ажратиш Жаҳон банки Директорлар Кенгаши томонидан тасдиқланди. Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси бўлган Халқаро тараққиёт ассоциацияси уни Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоизда ва 30 йилгача бўлган муддатга имтиёзли кредит шаклида тақдим этади.

Тадбирлар Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг алоҳида ўрта шаҳарларини қамраб олади. Мамлакатнинг ушбу қисмидан лойиҳада иштирок этадиган шаҳарларнинг якуний рўйхати вилоят ва шаҳар ижро ҳокимиятлари билан маслаҳатлашувлар тугаганидан сўнг кейинги 6 ой ичида тасдиқланиши режалаштирилган. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжлари ва имкониятлари ҳисобга олинади.

Ушбу икки вилоятларда лойиҳада иштирок этадиган ўрта шаҳарлар махсус инвестицион ривожланиш дастурларини амалга оширишни молиялаштириш учун маблағ олишади. Уларнинг таркибига шаҳар инфратузилмаси ва тегишли муниципал хизматларни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар киради.

Масалан, ушбу дастурлар доирасида қуйидагилар молиялаштирилиши мумкин: сув таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш ва кенгайтириш; электр инфратузилмаси ва кўчаларни ёритиш, автомобиль йўллари, пиёдалар ва жамоат транспорти зоналарини модернизация қилиш; жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш; жамоат жойларини, боғларни, кўчаларни ва уларнинг тегишли инфратузилмасини реконструкция қилиш; тегишли аҳоли пунктлари ҳудудида маданий мерос объектларини сақлаб қолиш бўйича реставрация ишларини олиб бориш.

Тахминан 4 миллион одам ёки ҳар иккала вилоятдаги умумий аҳолининг тахминан 70 фоизи учун такомиллаштирилган шаҳар инфратузилмаси ва муниципал хизматлар, шунингдек янги иш ўринлари яратадиган лойиҳа тадбирлари натижасида ишга жойлашиш имкониятларининг кенгайиши тўғридан-тўғри ёки билвосита фойда келтириши кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?