Завқ ортига яширинган зарар ёхуд битта чилим заҳри 150 дона сигарета зиёнидан кучлироқ

11:22 04 Октябр 2018 Жамият
5667 0
Иллюсттратив фото

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар йили дунёда қарийб 6 миллион кишилар кашандалик билан боғлиқ касалликлар оқибатида ҳаётдан кўз юмади. Хавотирли жиҳати шундаки, вақтида чора кўрилмаса, мазкур кўрсаткич 2030 йилга бориб, 8 миллионга етиши мумкин.

Чилим — тамаки маҳсулотлари орасида соғлиқ учун энг зарарлиси. Афсуски, кейинги пайтларда уни чекиш нафақат эркаклар, балки хотин-қизлар ўртасида ҳам оммалашиб бормоқда. Баъзи давлатлардаги тамаддихона ва ресторанларда чилим истеъмолига нисбатан чеклов ўрнатилмагани, интернет орқали унинг кенг тарғиб қилинаётгани, одамлар онгида чилим тамакига қараганда зарарсиз, деган нотўғри фикр шакллангани, қолаверса, айрим ёшлар уни “мода” ўрнида қабул қилаётгани бу иллатнинг кенг тарқалишига сабаб бўлаётир.

Кашандалар чилим чекканда асаби тинчланиши, ўзини енгил ҳис этиши, тамаки сингари унга қаттиқ боғланиб қолмаслигини рўкач қилишади. Бироқ сўнгги тадқиқотларнинг кўрсатишича, чилим одамни ўзига қарам қилишда тамакидан ўтса ўтадики, аммо ундан кам эмас.

АҚШнинг Виржиния ҳамдўстлиги университети ҳамда Байрут университети ходимлари чилим чекишнинг зарарли таъсирига ойдинлик киритиш мақсадида катта ёшли 31 кўнгилли ўртасида тажриба ўтказди. Иштирокчилар галма-галдан аввал чилим, сўнгра бир донадан тамаки чекиб кўришди. Шундан кейин қатнашчиларнинг қони таркиби таҳлил қилинди. Тажриба чилим чекканда одам қонидаги ис гази миқдори уч баравар ошишини, тамакидан кам бўлмаган миқдорда никотин ютишини исботлади.

Чилим Шарқ мамлакатлари бўйлаб кенг тарқалган. XIX асрга келиб Европада оммалаша бошлади. У, одатда, тутун тортишга мўлжалланган найчадан иборат бўлади. Чилим тамакиси ёпишқоқ масса кўринишида бўлиб, унга мева, асал ёки қиёмга ўхшаш хуштаъм моддалар қўшилади. Совитиш воситаси сифатида чилим чойнагига одатда сув, баъзан спиртли ичимлик солинади.

Чилим чеккан одам тамакига нисбатан 40 баравар кўп ис газини ичига ютади. Шу боис уларнинг юрак-қон томир, нафас йўли ва онкологик касалликларга чалиниш эҳтимоли кўпроқ. Яна шу нарса аниқки, чекиш ускунасига солинадиган аралашманинг зарари тамакиникига нисбатан бир неча баравар юқори. Чунки тамаки ишлаб чиқариш жараёни халқаро стандартлар асосида қатъий назоратда, чилимни эса ҳар ким ўз таъбига кўра тайёрлайди.

Доимий фойдаланиладиган чилим қувурчасида турли инфекциялар яшаши ҳам мутахассислар томонидан исботланган.

Унинг суюқлик солинадиган чойнаги тамакини тўлиқ фильтрлашга қодир эмас. Чунки тамаки тутуни таркибидаги барча модда ҳам сувда эримайди. Мисол учун, буғ таркибидаги углерод моноксиди ичакларни кенгайтириб, одамни сархуш қилади, юрак уришини тезлаштиради, меъёрдан кўп миқдорда ажралганида эса марказий асаб тизими ва бош мия фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, инсон ўлимига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

— Чилим чекиш гепатит ҳамда турли юқумли касалликлар ривожланишига олиб келади, — дейди Тошкент шаҳар наркология диспансери нарколог-шифокори Фахриддин Низомов. — Бир маротаба чилим чекиш 150 дона сигарета чеккан билан баравар. Спиртли ичимлик ичиш билан бир вақтда чилим чекиш эса унинг зиёнини бир неча баравар оширади. Чилим чойнаги фильтр вазифасини бажаради. Бироқ у чилимдан чиқадиган зарарни 100 фоиз фильтрлай олмайди. Оқибатда юздан ортиқ оғир металл тузлари одам организмини заҳарлайди. Эркак ва аёлларда бепуштлик, ўсмирларда эса унга нисбатан руҳий қарамликни келтириб чиқаради, кашанда аёлларда ҳомиланинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.

Бугун ижтимоий тармоқларда айрим ёшларимизнинг кафе ёки ресторанларда навбатдаги чилимкашликдан завқлангани акс этган суратларга кўзимиз тез-тез тушади. Енгил-елпи ҳаётни хуш кўрувчилар учун улфатлар билан бир стол атрофида жам бўлиб, суҳбат асносида қўлма-қўл қилиб чилим чекиш олифталик, ўзини кўз-кўз қилиш воситасига айланмоқда. Аслида эса у “оммавий маданият”нинг бир кўриниши экани инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир.

Яқинда қабул қилинган “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида”ги Қонун фуқароларни бу иллатларнинг аянчли таъсиридан муҳофаза қилишга, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шароитларини яратишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Ҳар бир инсон — ўз бахтининг бунёдкори. Саломатликни асраш ҳар кимнинг ўз қўлидадир. Шундай экан, ўткинчи ҳою ҳавасга берилаётган, вақтинчалик завқ-шавқни деб кашандаликка ружу қўяётган айрим инсонлар бугун қўл ураётган “одат”ининг оқибатини ҳам ўйлаб кўрсалар, фойдадан холи бўлмайди.
Шаҳзод ҒАФФОРОВ.

Р/s: Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан 2018 йил 2 июль куни “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни имзоланган эди.

Мазкур Қонуннинг 15-моддасида Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга кириши белгилаб қўйилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?