Зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган тарихий кун

12:15 14 Ноябрь 2020 Жамият
757 0

Инсон омилига бўлган эътибор, одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш, халқ билан мулоқотнинг самарали усулларини жорий этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар давлатимиз, хусусан Президентимизнинг доимий эътиборида. Шу боис ижтимоий масалаларни ўз вақтида ҳал этиш, ҳамюртларимизнинг ҳаётий муаммоларига елкадош бўлиш мамлакатимиздаги барча давлат идоралари, жамоат ташкилотлари фаолиятида яққол ўз аксини топмоқда.

Шу йилнинг 11 ноябрь куни Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг VIII қурултойи бўлиб ўтди. Видеоконференсалоқа тарзида ўтказилган тадбирда мамлакатимиздаги энг йирик жамоат тузилмаси бўлган ушбу ташкилотнинг 2016-2020 йиллардаги фаолияти сарҳисоб этилди. Ютуқлар алоҳида эътироф этилиши баробарида галдаги устувор вазифалар белгиланди.

Юртимиз тарихида илк бор Президентимиз Касаба уюшмалари федерацияси қурултойи қатнашчиларига табрик йўллагани, унда 11 ноябрни «Касаба уюшмалари куни» деб белгилаш таклифи билдирилгани соҳа фаолиятига бўлган юксак ишончдан далолатдир.

Бу фаолиятимизда зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган тарихий кун. Вилоят ҳокими, вилоятдаги корхона-ташкилотлар мутасаддилари делегат сифатида иштирок этган қурултойда фарғоналик соҳа фидойилари ҳам келгуси фаолиятларида муҳим дастуриламал бўладиган вазифаларни белгилаб олди. Хотин-қизлар учун иш ўринлари яратиш, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, ҳаётбахш дастурлар орқали халқимиз турмуш шароитини яхшилашга муносиб ҳисса қўшиш борасида режалаштирилган кенг кўламли ишлар шулар жумласига киради.

2020 йилнинг ўтган даврида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Кенгаши томонидан 13 та шаҳар-туманда бизнес-лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш орқали 1 минг 379 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланди. Бунинг учун 5 млрд. 109 млн. сўм маблағ сарфланди. 19 та шаҳар-туманда 324 нафар аёлларга 417 млн. сўмликдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди. Бир нафар аёл уй-жой билан таъминланди, 50 нафарига моддий ёрдам ажратилди, 7 нафарининг уй-жойи таъмирланди. 1 минг 716 та янги иш ўрни яратилиб, бу мақсадлар учун 6 млрд. 145 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

Муштарак мақсад йўлида барчамиз бирлашсак, юрт тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлидаги эзгу ташаббусларни рўёбга чиқаришда касаба уюшмалари ташкилотларининг ўрни янада мустаҳкамланаверади.

Эркинжон НУРАЛИЕВ,
Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари
бирлашмаси кенгаши раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер