«Зарчоб-1» ва «Зарчоб-2» ГЭСлари тўлиқ қувват билан иш бошлади

20:19 22 Ноябрь 2021 Иқтисодиёт
1061 0

Сурхондарё вилоятида гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш, янги ГЭСлар қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ўтган йили мураккаб пандемия шароитига қарамай, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан 6 та янги қурилиш ва модернизация лойиҳалари ишга туширилди. Мазкур лойиҳаларнинг умумий қуввати 118,3 МВтни ташкил этиб, бу эса қўшимча 543 млн. кВт/соат электр энергиясини ишлаб чиқариш имконини яратди.

Жумладан, жамият томонидан ўтган йили Cурхондарё вилояти Сариосиё туманида янгидан барпо этилган «Зарчоб-1» кичик ГЭСи ўз фаолиятини бошлаган бўлса, «Зарчоб-2» лойиҳаси ҳам муваффақиятли амалга оширилди.

«Гидропроект» АЖ томонидан лойиҳалаштирилган ушбу кичик ГЭСи учун зарурий технологик қурилмалар Хитойнинг етакчи компанияси томонидан етказиб берилди. Қурилиш-монтаж ишлари якунлангач, созлаш ва синовдан ўтказиш ҳамда автоматик тизим бошқарувини марказлашган тарзда мувофиқлаштириш ишлари олиб борилди. Йирик сув манбаи — «Тўпаланг» сув омборидан туннель ва канал орқали ушбу кичик ГЭСга сув етказиб берилди. Босимли ҳовуздаги сув кўтариш иншоотлари шай ҳолатига келтирилгач, белгиланган тартибда синовдан ўтказилди. Синов жараёнлари муваффақиятли ўтгач, «Зарчоб-2» кичик ГЭСи фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан уюштирилган тақдимот маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ГEС қурилиш-монтаж ишларида иштирок этган корхоналар иштирок этди.

Иншоотнинг расмий очилиш маросимида рамзий тугма босилиб, энг илғор технологик ускуналар ёрдамида дастлабки киловаттлар ишлаб чиқарила бошланди.

— Ушбу иншоотларда 2019 йилдан буён «Тўпаланг Холдинг» компанияси томонидан қурилиш-монтаж олиб борилди, — дейди «Тўпаланг» ГЭС раҳбари Асрор Улуғов. — Бу ерда келгусида яна 2 та агрегат қурилади. Ҳар бирининг қуввати 72,5 МВ бўлган жами 150 МВ электр энергия ишлаб чиқариш линияси бунёд этиш бўйича амалий ҳаракат бошланган.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, табиий ва қайта тикланувчи ресурс эвазига «Зарчоб-1», «Зарчоб-2» ГЭСлар томонидан экологик тоза ва барқарор электр энергияси ишлаб чиқарилиб, вилоят ижтимоий ва иқтисодий тармоқлари ва маҳаллий аҳолига етказиб берилади.

— Биз Ўзбекистонда энергетика соҳасини ривожлантириш, хусусан, кўп йиллик тажрибамиз асосида гидроэлектр станцияси қурилишида қатнашаётганимиздан мамнунмиз, — дейди хитойлик менежер Сун Жианфенг. — «Зарчоб-1» ва «Зарчоб-2» кичик ГЭСларида маҳаллий корхоналар билан бирга муҳим лойиҳани амалга оширишга керишдик. Бугун ҳар икала агрегатлар тўлиқ қувват билан ишлаётир. Келгусида ҳам бу борадаги ҳамкорлигимиз давом этади.

Шу билан бирга, ҳозирда «Тўпаланг» сув манбаидан вилоят аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашга доир мегалойиҳа жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида 361 км. масофага сув қувурлари тортиш ишлари олиб бориляпти. Бу тармоқ ишга туширилгач, вилоятнинг Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ ва Термиз туманлари ҳамда Термиз шаҳридаги қарийб 2 миллион нафарга яқин аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Илҳом РАҲМАТОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?