«Зарафшон ойна»сининг жозибаси

21:03 05 Декабрь 2022 Жамият
685 0

Фото: Халқ сўзи

Қизилқум ҳақида сўз кетса, унинг бағрида Менделеев даврий жадвалидаги барча элементлар жамлангани, албатта, тилга олинади. Бироқ мазкур бой хомашё ресурсларидан яқин-яқинларгача фақат олтин ва урангина қазиб олиниб, оддий қум, тош ва тупроқдан ҳам мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим маҳсулот ишлаб чиқариш қизилқумликларнинг етти ухлаб тушига кирмаган бўлса, ажаб эмас. Хусусан, ҳудуднинг ойна ишлаб чиқаришдаги асосий хомашё – кварц қуми, оҳактош ва доломитга бойлиги Зарафшон шаҳрида истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга туртки берди.

— Давлатимиз раҳбари 2018 йилда Навоий вилоятига ташрифи чоғида ойна ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, бунда корхонани замонавий ускуналар билан жиҳозлаш вазифаларини белгилаган эди, — дейди «Зарафшон ойна» МЧЖ таъсисчиси Баҳодир Юсупов. — Шу асосда 250 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилиб, Германия, Франция ва Италия давлатларидан энг сўнгги авлод ускуналар келтирилди. Натижада хомашё қазиб олишдан тортиб, тайёр маҳсулот ҳолига келтиришгача бўлган цикл ўзлаштирилиб, М0, М1 маркали ойна ишлаб чиқарилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, ушбу маркадаги маҳсулотни ҳамма завод ҳам ишлаб чиқара олмайди. Улар саноқлигина, ўшалар сафида эканлигимиз бизни қувонтиради. Маҳсулотимиз сифатига яна бир далил шуки, бугунги кунда қувватимиз йилига 12 миллион метр квадрат бўлгани ҳолда Европа мамлакатларидан 18 миллион метр квадратга талабгор бор. Лекин биз ички бозор талабидан келиб чиқиб, ишлаб чиқарган маҳсулотимизнинг 50 фоизини импорт ўрнини босишга йўналтирмоқчимиз.

Корхонада шиша ишлаб чиқариш жараёни, эритиш, қолиплаш, совутиш технологик линияларига ўрнатилган назорат ҳамда бошқарув тизими тўлиқ автоматлаштирилган. Шунга қарамай, унинг кон ва цехларидан 700 нафар зарафшонликлар иш ўринларига эга бўлишди.

— Мана шу корхона жойлашган ҳудуд 30 гектарлик ташландиқ ер эди, — дейди Зарафшон шаҳридаги «Тинчлик» МФЙ раиси Акбар Жўраев. — Бандлиги таъминланганларнинг ярмидан кўпини ёшлар, маҳалламизнинг ишсиз аёллари ташкил этади.

Заводнинг ижтимоий аҳамиятига тўхталадиган бўлсак, унинг ишга туширилиши туфайли кўплаб ёшларнингбандлиги таъминланди. Германия, Япония ва Италиядан келган мутахассислар олти ой мобайнида бу ёшларнинг малака ва кўникмаларини оширишларига ёрдамлашдилар.

— Корхонамизда хомашёдан тортиб то тайёр маҳсулот олингунгача бўлган барча жараён 24 соат давомида сифат лабораторияси назорати остида бўлади, — дейди корхона технологи Улуғбек Норқулов. — Ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизнинг махаллийлаштириш даражаси 99 фоизни ташкил этади. Айни кунларда мавжуд қувватларимиз йилига 40 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот ишлаб чиқариш имконини бериб, шунинг 20 миллион долларлик ҳажми экспортга йўналтирилади.

«Зарафшон ойна»да ички коммуникациялар тайёр маҳсулотни бевосита омбордан темир йўл ҳамда автотранспорт воситалари орқали истеъмолчиларга етказиб бериш имкониятига эга. Ойна каби нозик маҳсулот бозорида бу муҳим аҳамият касб этади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу корхона нафақат мамлакатимиз ёки минтақа, балки Европа бозорида ҳам ўз рақобатбардошлиги билан бирга жозибадор таклифлари орқали истеъмолчилар эътиборини тобора тортмоқда.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер