Замонавий ўзбек киносида миллий қадриятлар талқини — уч фильм мисолида

16:40 17 Май 2020 Маданият
781 0

Бугун замон – тезкор, давр – шиддатли. Ҳаёт аталмиш сурон солиб оқаётган уммоннинг гўё бир томчиси бўлган инсон баъзан кунлар, ойлар, йиллар, умуман олганда умри қандай ўтганини англай олмай қолади. Бир манзилга етган йўловчи ҳориб ортига қарагани мисол ўтган умрини сарҳисоб қилар экан, беихтиёр ўйга толади. Мен қандай яшадим, Оллоҳ мени табиатнинг гултожи инсон қилиб яратди. Мен-чи, шунга мос умр кечирдимми деган савол хаёлини банд қилиб, гоҳида ортида қолган кунлар, йўл қўйилган хатолар, ёшликдаги бебошликлар дилни хира қилиши ҳам бор гап. Мана шундай инсонларни ҳаётини экранда гавдалантириш, уларнинг камчилиги орқали бутун жамиятнинг оғриқли нуқтасига зарба бериш санъатнинг, жумладан, кино санъатининг ҳам долзарб вазифасидир.

Ҳар бир халқнинг, миллат-элатнинг ўз дунёқараши, миллий урф-одатлари, минг йиллар давомида шаклланган қадриятлари мавжуд. Ватанга муҳаббат, оилага садоқат, ота-она ва яқинларга меҳр-шафқат қолаверса, ҳар бир банданинг елкасидаги инсонийлик бурч, масъулият бутун ер юзига бирдай дахлдор бўлгани каби бизнинг ўзбек халқи учун ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Замона зайли билан кейинги пайтда фақат бугуни билан яшаётган, танҳо ўзи учун қайғурадиган, кимларнингдир олдида жавобгар эканлигини унутиб, оммалашиб бораётган маданиятнинг бир бўлагига айланиб қолаётганлар орамизда тобора кўпайиб бориши дилни хира қилиши билан бирга эртанги кун учун жон куйдирадиган фидойи ҳар бир шахсни ташвишга солмаслиги мумкинми?
 

“ИССИҚ НОН“ (режиссёр: Умид Ҳамдамов)

Кинорежиссёр Умид Ҳамдамовнинг ҳам Россиядаги ХХVIII “Киношок“ фестивалининг бош совринини қўлга киритган “Иссиқ нон“ фильмини суратга олишга ундаган ғайритабиий куч ҳам биз юқорида таъкидлаган аччиқ ҳақиқатлар бўлса ажаб эмас.

Постановкачи режиссёр ва сценарий муаллифи У. Ҳамдамов фильм ҳақида гапирар экан, фильм қаҳрамонларини айнан ўзи реал ҳаётда кўрганини айтади. Фильмдаги Зулфиянинг (З. Эргашева) ота-онаси ҳаёт, аммо, у болалигининг беғубор дамларини мактаб интернатда ўтказди. Ўсмирлигида ҳам оила қувончи, она меҳри, ота дийдоридан маҳрум. Чекка бир қишлоқдаги бувисининг уйида унинг ҳақиқатларини қабул қилиб яшашга маҳкум. Бувисининг ҳам дарди ўзига етарли, бутун қишлоққа маърифат зиёсини тарқатган ўқитувчининг ўз фарзандлари ноқобил чиққани уни оиладаги бир ожиза-ю бир этак боланинг яккаю ягона ҳимоячисига айлантирган. Болаларнинг келажаги, борган сари туман сингари тарқалиб, йўқликка юз тутаётган оила шаъни ҳам ёши бир ерга бориб қолган мана шу кампир зиммасида. “Киношок“ фестивалининг “Энг яхши актрисаси“ совринини қўлга киритган оиланинг, балки, бугунги жамиятнинг энг мазлума, жабрдийда кишиси Зулфиянинг янгаси (Ф. Саидова) сиймосидагилар камми орамизда?

Нима, у эрининг чўкиб кетмаганини, соғ-омон эканлигини билмайди, дейсизми? Баъзан шундай ҳақиқатлар борки, уларни билиш ёки билмасликнинг ҳеч қандай аҳамияти, боз устига бирон нафи ҳам йўқ. Фильм қаҳрамони ҳам бош олиб кетган, бола тарбияси, оила масъулиятидан юз ўгирган турмуш ўртоғини қўмсаш, ёки излашдан кўра қимматли вақтини гиёҳ теришга, нон ёпиб туриб, дўконга топширишга сарф қилгани ўзи учун ҳам унга маҳтал бўлиб турган қора кўзлари учун ҳам қанчалик фойдали эканини тушунганига анча бўлган. У энди эртанги орзу-ҳавасларини фақат болаларининг камолида деб билади. Шу мақсад йўлида эрта-ю кеч бетиним ҳаракатда. Бу хислат, бундай характер ҳар бир онага айниқса, болажон ўзбек аёлига бирдай тааллуқлидир. Зулфия ҳам бувисиникига келганида аввалига янгасининг сокин, маъюс табиати унинг ғашини келтиради. Лекин Зулфиянинг онаси билан учрашуви, мактабдаги тенгдошларининг унга бўлган муносабати у ва янгасини бир-бирига мустаҳкам боғловчи риштага айланишига сабаб бўлади.

Фильмда айни замон ҳақиқатини акс эттирган, ақли заиф йигит образи ҳам баъзи жойлардаги соғлом эр-йигитларнинг гарданидаги юк бус-бутунлигича аёлларнинг нозик жуссасида қолганини бугун улар истайдими, йўқми барига ўзлари балогардон эканини яққол тимсоли бўлиб хизмат қилган. Фильмнинг, балки, мана шу жиҳатлари “Киношок“нинг бирваракайига учта номинацияси бўйича ғолиб бўлишига замин яратгандир.


“ПАРИЗОД“ (режиссёр: Аюб Шаҳобиддинов)

“Киношок“ фестивалининг яна бир совриндори, ,“Бондарчук“ фестивалининг “Энг яхши актриса“ номинацияси ғолиби, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатларининг (МДҲ) “Энг яхши фильм“и, “Энг улуғ ва энг азиз ватан” республика танловида “Фильмнинг драматургияси учун“ мукофотга сазовор бўлган Аюб Шаҳобиддинов томонидан 2012 йилда суратга олинган “Паризод“ (“Жаннат менинг масканим“) фильмидир. Бу фильм қаҳрамони оддий, самимий, ҳаёт зарбаларига сукут билан жавоб қайтарадиган қиз образида тасвирланади. Бу қаҳрамон ҳам “Иссиқ нон” филмидаги Зулфиянинг янгасига қайси бир жиҳати билан ўхшаб кетади. У ҳам тақдиридан, қисматидан бирор марта, бирон ерда, бирон кишига нолимайди. Аммо ,,Паризод” филмининг У. Ҳамдамов филмидан фарқи шундаки, бу филмда оила олдидаги масъулият, рўзғорнинг ола хуржуни ёш қишлоқ шифокори Жонибекнинг (С. Лутфуллаев) зиммасига тушади. У эртадан кечгача тинимсиз югуриб-елишига қарамай бир бошини иккита қилолмай ҳалак. Топгани рўзғорнинг ғоридан ортмаяпти.

Фильм қаҳрамони ҳалол, касб қасамига содиқ, виждонли, самимий қишлоқ йигити. У одатдагидай тоғдан беморларидан бирини кўриб қайтаётганда йўлида биз юқорида таърифини келтириб ўтган қиз Паризод (З. Низомиддинова) учраб қолади. Қиз барига қўл силтаб, уйидан бош олиб чиққан, борадиган манзилининг эса тайини йўқ. Шифокор йигит эса уни тўғри уйига олиб келади ва буни ўз инсонийлик бурчи деб билади. Мана шу ерда филмга тугун тушади. Ахир Жонибек эрта-индин уйланаман деб турган йигит. Боз устига, у эргаштириб келган қиз ҳам кўрганнинг ҳушини оладиган даражада чиройли. Энди нима қилади? Паризодни (З. Низомиддинова) ҳайдаб юбора олмаса, бир тарафда нон ушатилиб қўйилган. Бўлажак жуфти ҳалоли Ойтуман (Ш.Темирова) ёниш остонасидаги гулхандай тутаб турибди. Унга айни чоғда шамол эмас, арзимас ел ҳам етарли.

Фильмда бир қанча образлардаги характерлар курашини турли талқинда кўриш мумкин. Жонибекка ёрдам қўлини чўзаётган, тўйни бемалол бошлайвер дея кўксига ураётган Исмат аканинг (Б. Муҳаммадкаримов) ҳам асл мақсади кейинроқ ошкор бўлади. Аслида отангнинг жуда кўп яхшилигини кўрганман, дея бунга жавобан тўёнани холис ниятда эмас, Жонибекнинг уйидаги Парига кўз олайтириб, ўз шаҳвоний нафсини қондириш учун қилаётгани маълум бўлади. Шу ўринда режиссёр ҳар қандай дамда ҳам чин инсонийликни, ўзбекона қадр-қимматни, минг йиллардан буён мерос бўлиб келаётган меҳр-оқибат тушунчаларини қалбига жо қилган қаҳрамонлар билан ўз нафсини қулига айланган персонажларни бир-бири билан таққослаш орқали филмга ҳаётий реалликни олиб кира олганини таъкидлаш жоиз.


“ЧАШМА“ (режиссёр: Ёлқин Тўйчиев)

Биз юқорида санаб ўтган туйғулардан кимки қанчалик йироқлашиб боргани сари унинг қалбидан ҳаловат, ҳаётидан эса мазмун йўқолиши ҳам бор гап. Бу постановкачи режиссёр ва сценарист Ёлқин Тўйчиевнинг Москва шаҳрида ўтказилган “Перспектива“ Халқаро кинофестивалининг бош совринига лойиқ кўрилган, 2006 йилда суратга олинган “Чашма“ фильмида ҳам ўз ифодасини топган. Барча кадрлар умуминсонийлик ғоялари билан суғорилган.

Жумладан, профессор, шифокор Раҳмат ака (Х. Саъдиевнинг) дунёнинг хою ҳавасидан воз кечиб, қишлоқда тегирмончилик қилиши, касалхонага тушганида уни кўргани келган қизларнинг гап-сўзларидаги бемеҳрлик орқали ойдинлашгандай бўлади. Хабар олишга келган фарзандларидан тўнғичининг муносабатида отага бўлган ачиниш, унинг аҳволига куюнчак қизларга хос характер эмас, балки, мажбуриятдан келгани, нима бўлса ҳам бу дахмазалар тезроқ тугасаю тезроқ ўз юмуши томон шошилаётгани унинг хатти-ҳаракатларидан яққол кўриниб турибди.

Фильмнинг яна бир қаҳрамони Олима (М.Аҳмадалиева) эса ташқаридаги изғиринда турган ойисини кўрса-да, кўрмасликка олади. Бунга асосий сабаб эса диалоглардан маълум бўлишича, бир пайтлар у шаҳарда ўқиб юрган кезлари севгиси учун, севгилиси учун уйидан ҳайдалган эди. Бунга эса ойисини айбдор деб билади. Шунинг учун онасини кўришни ҳам, у ҳақида эшитишни ҳам истамайди. Кўчада дийдираб, аёзда музлаб турган онаизорни режиссёр иссиққина уйда турган мушук билан қиёслайди. Уни тўққиз ой вужудида сақлаб дунёга келтирган, яна қатор йиллар оқ ювиб, оқ тараган, емай едирган, ичмай ичирган муштипар онанинг қадри қайда-ю, бир ҳайвоннинг қадри қайда. Олиманинг ойиси Мадина (Д.Икромова) опадан элчи бўлиб келган бош қаҳрамон Орзибиби (Н. Каримбоева) “бундан чиқди фақат мушукларга меҳрибонман”, денг дея эшикни шаҳд билан ёпиб кетаркан балки, ҳозиргина таъкидлаб ўтилган фикрлар унинг ҳам хаёлидан ўтгандир.

Минг афсуски, айни дамда биз юқорида тилга олгандай инсонлар кундан–кунга ортиб бораётгани ва бунга тобора оддий ҳол сингари қараётганлар бугунги жамиятимиздаги энг катта фожиалардан биридир. Инсоният тобора яхши шароитларда яшашга, яхши кийинишга, энг сўнги русумли машиналарда юриш учун эрта-ю кеч тинимсиз ҳаракатда. Гоҳида шу санаб ўтилганлар шунчаки ўткинчи рўё цингари алдамчи, ялтироқ эканини ҳаётда булардан-да муҳимроқ, устунроқ турадиган эзгулик, вафо, қадр-қиммат, меҳр-муҳаббат ва садоқат аталмиш туйғулар борлигини ҳамма ҳам англайвермайди. Уйнинг бир бурчида турган экранда турли тақдирларни намойиш этиш орқали мулоҳазага, мушоҳадага чорлашга сабабчилар орасида миллий қадриятлар, ўлмас урф – одатларнинг талқини бўлган фильмларнинг борлиги кишининг вужудини фахрга тўлдириш билан бирга, тараққиёт тезлашувидаги ахборотлар алмашинувида кирланиб бораётган руҳият учун малҳам, глобаллашув замонидаги инсонийлик фазилатларини сақлагувчи қалқон ҳамдир.

Шуҳратбек Исломов,

ЎзДСМИ 2-курс талабаси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?