“Zamin” фондининг Андижон вилоятида амалга оширган ишлари таҳлил қилинди

15:24 23 Май 2022 Жамият
645 0

Фото: Халқ сўзи

“Zamin” фонди васийлик Кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Андижон вилоятида бўлиб, фонд томонидан жойларда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Жумладан, Хўжаобод туманидаги икки махсус мактаб ва Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабида бўлди.

Айтиш жоиз, Хўжаобод туманидаги ушбу мактаблар фонд томонидан замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Қолаверса, ўқувчиларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга аниқ ташхис қўйилди. 402 нафар ўқувчи эса «Эшитишни хоҳлайман» хайрия лойиҳаси доирасида рақамли эшитиш мосламаси билан таъминланди.

Зироат Мирзиёева мактабларда бўлиб, ўқувчиларнинг замонавий таълим шаклини қай тарзда ўзлаштираётгани билан қизиқди. Шу билан бирга “Zamin Education” лойиҳаси доирасида ўз ишини бошлаган IT-оромгоҳда юқори синф ўқувчиларининг дастурлаш ва робототехника кўникмаларини фаол ўзлаштираётгани, компьютер иловаларини яратганликлари гувоҳи бўлди.

Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабида фонд томонидан “Zamin Creative” ижод студияси ташкил этилганига ҳали ҳеч қанча вақт бўлгани йўқ. Шундай бўлсада, у театр санъати, fashion design (кийим дизайни) ва медиа-саводхонлик йўналишларига қизиқувчи ўғил-қизларнинг иқтидорини шакллантиришда муҳим ўрин тутмоқда. Зироат Мирзиёева студияда ёшлар билан учрашар экан, Наманган, Фарғона ва Жиззах вилоятларида ҳам бу каби студиялар фаолиятини йўлга қўйиш ҳақидаги режалар билан ўртоқлашди.

Ушбу ташриф давомида фонд томонидан Андижон вилоятида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, келгуси вазифалар белгилаб олинди.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер