«Замин» фонди кўмагида Бухородаги яна 15 та мактаб сув билан таъминланади

16:33 29 Сентябр 2022 Жамият
720 0

Фото: Zamin Foundation

«Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Ромитан ва Шофиркон туманларидаги мактабларга ташриф буюриб, «Бухоро вилояти умумтаълим мактабларида сув таъминоти, санитария ва гигиена» лойиҳасининг натижалари билан танишди ҳамда ўқувчилар билан сувдан оқилона фойдаланиш, санитария ва гигиенанинг соғлом турмуш учун аҳамияти ҳақида суҳбатлашди.

Фото: Zamin Foundation

Бугунги кунда вилоятнинг 16 та мактабида қудуқлардан сув билан таъминлаш, сувни фильтрлаш ва хавфсиз ичимлик суви даражасигача чучуклаштириш тизимлари ўрнатилган. Сув таъминоти ва канализациянинг ички ва ташқи муҳандислик тармоқлари, ҳожатхона ва душ хоналари қурилган. Шунингдек, оқова сувларни суғорма сув даражасигача биологик тозалаш тизимлари ўрнатилган.

Мактаблар жойлашган ҳудудлар аҳолиси ҳам тоза ва хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Лойиҳанинг навбатдаги босқичи учун Бухоро вилоятидаги яна 15 та мактаб танлаб олинган. Лойиҳа БМТ Болалар фонди (UNICEF), «Ўзсувтаъминот» АЖ, Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Фото: Zamin Foundation

Шунингдек, Зироат Мирзиёева Бухородаги 123-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ташриф буюриб, ўқувчилар билан самимий суҳбатлашди.

Болалар ўз ютуқлари ҳақида сўзлаб бердилар. Уларни экология мавзусига қизиқтириш учун меҳмонлар «Zamin Eco education» ўқувчилари билан биргаликда дарахт экиш акциясини ўтказдилар. Тадбир давомида «ақлли суғориш» тизими намойиш этилди.

Фото: Zamin Foundation

Ҳаво ҳарорати ва намлик даражасини ўлчайдиган датчиклар туфайли суғориш учун керакли сув ҳажми ҳисоблаб чиқилади. Ушбу тизим билан танишув орқали мактаб ўқувчиларига сувни тежаш нақадар муҳимлиги тушунтирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер