Залварли ютуқлар тагзамини илм-фан, мафкура ва маънавиятга қурилади

10:59 20 Апрель 2023 Жамият
503 0

Архив сурат

“Халқ сўзи” газетасининг шу йил 11 апрель сонида эълон қилинган Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовнинг “Миллат учун ҳаёт-мамот масаласи” мақоласи жамиятимизда, айниқса, илм-фан жамоатчилиги, маънавият ва маърифат улашувчилар орасида катта акс садо берди. Чунки унда янги Ўзбекистонимиз бугуни ва келажаги учун ўта муҳим бўлган масала, яъни таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш орқали миллий ғояни мустаҳкамлаш масаласи кўтарилган.

Шубҳасиз, ҳар бир миллатнинг энг катта устуни — бу унинг маърифати, маънавияти, илм-фани тараққиётидир. Президентимиз таъкидлаганидек, “Дунёқарашни нима ўзгартиради — илм, даромад, манфаат”. Бу ерда илм бежиз биринчи ўринга кўтарилгани йўқ. Зеро, қаерда ва қайси соҳада бўлмасин, эришиладиган залворли ютуқлар тагзаминида илм-фан, мафкура ва маънавият ётади.

Дунё мамлакатларига назар солсак, АҚШ табиий қазилма бойликлари, Россия ўрмон фонди, араб мамлакатлари эса нефть ва газ ресурсларига бой эканлигига гувоҳ бўламиз. Шу ўринда “ўзимизда-чи?” деган савол туғилади. Баралла айтишимиз мумкинки, бизнинг энг катта ресурсимиз, бу — иқтидорли ёшлар!

Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг 60 фоиздан зиёд қисмини ёшлар ташкил қилади. Жамиятимизнинг ушбу қатламдан эртанги кун учун, келажак учун умидлари жуда катта. Албатта, бу йўлда таълим тизими сифатини янада яхшилаш, жаҳон тажрибасига таянган ҳолда замонавий методлар асосида билим бериш, малакали кадрлар етиштириш олдимизда турган энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

“Миллат учун ҳаёт-мамот масаласи” мақоласида айнан таълим-тарбия, маънавият соҳасида мавжуд кўпгина долзарб, оғриқли нуқталар келтирилиб, уларнинг ечими бўйича ҳам таклифлар айтиб ўтилгани таҳсинга сазовор. Эндиликда биз фақатгина фикрларни ўқиб ёки таҳлил қилиб эмас, балки уни амалиётга жорий этиш тамойилларини ҳам ўйлашимиз лозим. Шундай экан, таълим берувчи ва таълим олувчи ўртасида муносабатларни мустаҳкамлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиб, бартараф қилиш, айрим масалаларни ечишга ундайди. Дейлик, чақалоқ қорни тўймаса йиғидан тўхтамаганидек, педагог ҳам қониқарли маош олмаса, бу, ўз навбатида, иш фаолиятига сезиларни таъсир кўрсатади ва маъсулиятсизликка олиб келади...

Кейин пайтда четдан малакали кадрларни жуда кўп жалб қилмоқдамиз. Шу билан бирга, ўзимизнинг педагогларни фақат тоифа учун малакасини ошириш эмас, балки четда ишлаши, малака ошириши учун кенг имкониятлар эшигини очишимиз лозим. Тўғри, бундай амалиёт бор, аммо айрим йўналишлар, баъзи фан тизимлари бу борада ҳали-ҳамон оқсаётир.

Шу ўринда яна бир фикр. Мактаб мисолида қарайдиган бўлсак, ўқитувчининг тоифа учун ҳаракат қилиши, режадаги дарс соат талашиши, диққат-маркази фақатгина молиявий масалани кўзлагани инсон таъбини хира қилади. Бу фикрни мен беш йилдан буён мактаб тизимида фаолият юритиб келаётган бир ёш педагог мисолида айтиб ўтмоқдаман. Афсуслар бўлсинки, бундай ҳолатлар айрим қўштирноқ ичидаги олий таълим муассасаларида ҳам учраб туриши бор гап.

Япония таълимига назар солсак, қатъий қонун ва қарорлар, кучли сабр ва ўз устида ишлаш энг катта ютуқ саналади. Уларнинг таълим соҳасидаги юксак натижаларини оламшумул ихтиро ва янгиликлар, XXI асрнинг энг янги лойиҳалари кўринишида ҳам билиб олишимиз мумкин. Шу маънода, барча таълим муассасаларида ўқитувчининг рейтингини ўқувчининг натижалари белгилаб бериши тўғри қарордир. Ёшларнинг маъанавиятини шакллантиришда уларни бўш қолдирмаслик ва бунга бевосита ота-она ҳамда ўқитувчи бефарқ бўлмаслиги лозим.

Профессор Р. Холмуродов ўз мақоласида миллат учун, жамият учун таълим тизими ва маънавиятнинг нечоғли аҳамиятли, ҳатто ҳаёт-мамот масаласи эканлигини аниқ мисол ва таҳлиллар билан очиб берган. Унда кўтарилган масалалардан тўғри хулоса чиқариб, олдимизга қўйилган асл мақсадни янада чуқур англаб, аввало, таълим тизимини сифат жиҳатидан яхшилай олсак, умуммуаммолар ечимига кенг йўл очган бўламиз.

Қаландар САФАРОВ,

Низомий номидаги Тошкент давлат

педагогика университети декани,

биология фанлари доктори, профессор,

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?