Зафар маҳалласида муаммоларни бартараф этиш йўлида қизғин иш олиб борилмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Қамаши туманидаги Зафар маҳалласи туман марказида жойлашган. Шунга қарамай, йиллар давомида ҳудудда инфратузилма объектлари, йўл, коммунал хизматлар, бандлик масалалари, ободончилик ишлари билан боғлиқ кўплаб муаммолар тўпланиб қолган эди.

Жорий йилда Президентимизнинг тегишли топшириғига кўра амалга оширилаётган “Обод хонадон — обод кўча — обод маҳалла” дастурига Зафар маҳалласининг ҳам киритилиши бу ердаги кўплаб муаммоларни тизимли бартараф этиш имконини бермоқда.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда Зафар маҳалласидаги 530 та хонадонда 2300 дан зиёд киши истиқомат қилади. Уларнинг ярмига яқини ҳудуддаги 12 та кўп қаватли уйда яшайди.

Ушбу кўп қаватли уйларнинг учтаси 2021-йилда фойдаланишга топширилган. Уларда шарт-шароит билан боғлиқ муаммолар мавжуд эмас. Бироқ, қолган 9 та икки қаватли уй 1960 йилларда бунёд этилган бўлиб, ниҳоятда таъмирталаб аҳволга келиб қолган эди. Шунга кўра, ишчи гуруҳ томонидан дастур доирасида ушбу уй-жойлар ва уларнинг атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси тузилиб, ишга киришилди.
Аввало кўп қаватли уйлар ёнида аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан қуриб олинган ноқонуний қурилишлар бузилиб, ҳудуд ободонлаштирди. Уйларнинг ташқи фасад қисми, подъезлари таъмирланиб, барча подъездларга замонавий темир эшиклар ўрнатилди. Шу ерда яшовчи оилалар умумий фойдаланиши учун алоҳида усти ёпиқ тандирхона, тўй ва бошқа маросимларни ўтказиш учун замонавий кўринишдаги шинам айвон қуриб берилди. Ободонлаштириш ишлари эса давом этмоқда. Мутасаддилар кўп қаватли уйлар жойлашган бу ҳудудни обод ва кўркам манзилга айлантиришни мақсад қилишган.

Зафар маҳалласи аҳлининг асосий муаммоларидан яна бири ичимлик суви эди. Бир пайтлар ҳудуддаги аҳоли хонадонларига марказлашган ичимлик суви етказиб берилган, бироқ кейинчалик тизим ишдан чиқиб, сув келмай қўйган.
Дастур доирасида эски сув иншооти таъмирланиб, 4,8 километр сув тармоғи тортилди. Бу борадаги ишлар якунланиб, тизим тўлиқ ишга туширилганидан сўнг маҳалладаги хонадонларга қайтадан марказлашган ҳолда тоза ичимлик суви кириб боради.
Қолаверса, ободонлаштириш, қурилиш-бунёдкорлик ишлари давомида маҳалладаги таъмирталаб ҳолга келиб қолган 1 километр йўлга асфальт ётқизилди, 20 та бетон устунлар янгиланиб, 1 километр ҳаво кабеллари алмаштирилди. Ижтимоий соҳа объектларида кенг кўламли таъмирлаш ишлари олиб борилди.

— Бундан ташқари, дастур доирасида маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Обид Ғойимов. — Шунга асосан, ўзини-ўзи банд қилиш истагида бўлган 11 кишига тикувчиликни йўлга қўйиши учун субсидиялар олиб берилди. 8 кишининг имтиёзли кредит асосида мотороллер олишига кўмаклашилди. Ўн тўрт киши ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган бўлса, 3 нафар киши касб-ҳунар ўрганишга йўналтирилди.
Эътиборли томони, маҳалладаги ободлик шукуҳи одамларнинг кайфиятида, руҳиятида ҳам ўз аксини топмоқда. Ҳудудни ободонлаштириш, дарахт экиш, яшил майдонларни кўпайтириш, томорқадан самарали фойдаланиш каби ишларда аҳолининг ўзи ҳам жонбозлик кўрсатяпти. Имкони етганлар эса бу борадаги ишларни молиявий томондан ҳам қўллаб-қувватлаш ҳаракатида. Масалан, ҳудуддаги тадбиркорлардан бири ўз ҳисобидан замонавий маҳалла биносини қуриб бераётган бўлса, бошқалари маҳалладаги кам таъминланган оилаларнинг уй-жойларини таъмирлаб бериш, ободонлаштириш ишлари кўмак кўрсатмоқда.

Маълумот ўрнида: Қашқадарё вилоятида Зафар маҳалласидан ташқари Деҳқонобод туманидаги Тоғайтемир, Нишон туманидаги Гулистон, Миришкор туманидаги Обод маҳаллаларида ҳам “Обод хонадон — обод кўча — обод маҳалла” мезони асосида ободонлаштириш, қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг