Юзлаб қишлоқ ёшлари иш билан таъминланди

10:13 02 Сентябр 2021 Жамият
258 0

Ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, йигит-қизларимизга ўз қобилияти ва салоҳиятини тўла намоён этиши, ҳаётда муносиб ўрнини топиши учун қулай ижтимоий муҳит, муносиб шароитларни яратиб бериш давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсатнинг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу ҳақда сўз юритганда, кейинги йилларда мамлакатимиз аҳолисининг салмоқли қисми яшаётган қишлоқ ва овуллар, олис, чекка ва кўпмиллатли маҳаллалардаги ёшлар тақдирига, уларнинг бугуни ҳамда келажак истиқболига бўлган муносабатда кескин, таъбир жоиз бўлса, тарихий бурилиш юз берганини алоҳида таъкидлаб айтиш ҳар жиҳатдан ўринли бўлади.

Президентимиз топшириғига асосан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги иштирокида янгича ёндашув ва илғор технологияларга таянган ҳолда ҳаётга татбиқ этилаётган йирик ижтимоий лойиҳа ҳам Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги Пишоғар ҳамда Шароф Рашидов туманидаги Равот аҳоли масканларидаги юзлаб қишлоқ ёшлари, уларнинг оилалари ҳаётига рўшнолик олиб кираётгани билан чуқур маъно-мазмун касб этмоқда.

Гап шундаки, ёшлар ўртасида ишсизлик даражаси юқори, суғориладиган экин майдонлари аҳоли сонига тақсимлаганда анчагина кам бўлган мазкур ҳудудларда асрлар давомида бўш ётган ерлар ўзлаштирилиб, ундан ризқ-рўз ундирилмоқда, шунинг ёрдамида бири-бирига занжир халқларидек узвий боғлиқ бўлган ўткир муаммоларга комплекс ечим топилмоқда.

Зомин туманининг Пишоғар қишлоғи ҳудудидаги бамисоли мовий денгиздек бир текис мавжланиб турган мана бу ям-яшил жўхоризорлар ўрни бундан атиги 4-5 ой илгари ҳам қуп-қуруқ дашт эди, десангиз, кўпчилик ишонмаслиги мумкин. Аммо ҳудуднинг табиий иқлим шароити, тупроқ таркиби ва геологияси эътиборга олинган ҳолда аниқ ҳисоб-китоб асосида бошланган эзгу ишлар бугун ўзининг илк натижаси билан кўрган кўзни қувонтирмоқда.

Лойиҳа доирасида ажратиб берилган 300 гектар ернинг 140 гектарида қўш қатор усулида экилган маккажўхори ўстирилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежовчи замонавий усулларни амалда қўллашни кенгайтиришга қаратилган фармон ва қарорлари асосида томчилатиб суғоришдан фойдаланилмоқда.

Энг муҳими, мазкур саъй-ҳаракатлар авваламбор қишлоқ ёшларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, жўхори майдонининг 50 гектари вазирлик ўз оталиғига олган 200 нафар пишоғарлик ёшларнинг 100 нафарига 50 сотихдан тақсимлаб берилган.

Эътиборлиси, янги ерларни ўзлаштириш, унга ишлов бериш, уруғлик сотиб олиш ва экиш, томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш, экинни минерал ўғитлар билан озиқлантириш, зараркунанлардан ҳимоя қилиш каби масалалар билан боғлиқ харажатлар давлат томонидан қопланмоқда. Шу тариқа зоминлик ёшлар унумдор заминда деҳқончилик билан шуғулланиш орқали доимий иш ўрнига эга бўлди. Жорий йилнинг ўзида ёш миришкорлар ўзларига тегишли ерда олий навли маккажўхори етиштириб, ўртача 7-8 тоннадан ҳосил олиши ва ҳар бири ўртача 25 миллион сўмдан даромад қилиши режалаштирилган.

Баракали ҳосил кўтариш кўп мезон ва омилларга боғлиқ албатта. Лекин сифатли уруғлик уларнинг ичида энг муҳими, десак, муболаға бўлмайди. Шу боисдан ҳам янги ўзлаштирилган майдонларга маккажўхори уруғчилиги бўйича дунёдаги етакчи мамлакатлардан келтирилган сифатли ва юқори навли уруғ қадалган бўлиб, бўлғуси ҳосил чўғи баланд бўлишини экин ривожининг ҳозирги ҳолатидан ҳам билиш мумкин.

Айтганча, ёш деҳқонлар фаолиятининг дастлабки йилида ҳосилни йиғиб, янчиб олишда ҳам амалий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилган. Бу, ўз-ўзидан равшанки, ижтимоий дафтарларда турган йигит-қизлар учун яна бир сезиларли мадад бўлади. Давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган ана шундай ғамхўрлик туфайли кўплаб оилалар рўзғорига барака киради, ёшларимиз ўз ишини янада кенгайтириши учун яхшигина бошланғич сармояга эга бўлади.

Бугунги кунда эса улардан талаб этиладигани битта. Яратиб берилган бундай имкониятлардан унумли фойдаланиш, ўз ерининг ҳақиқий эгасига айланиш, деҳқончилик сир-асрорларини пухта эгаллаб, мустақил фаолият юритиш, фаровон келажак учун мустаҳкам асос яратиш талаб этилади холос.

Бу ҳақиқатни яхши англаган ёшларнинг қадам олиши яхши. Бой ҳаёт ва меҳнат тажрибасига эга нуронийлар, ўз соҳасида мактаб яратган фахрий мутахассислар билан жонли мулоқотлар, уларнинг панду насиҳати, маслаҳат ва йўл-йўриқлари эса фақат бугун эмас, келажакда ҳам фойда беради.

Етмиш ёшдан ошган фахрий педагог ва агроном Мирзоулуғ Ҳайдаров вилоятда кўпчиликка яхши таниш. Узоқ йиллар талабаларга таълим берган, зироатчиликда катта амалий мактабга эга отахон билан суҳбат ҳар доим қизиқарли кечади.

Ёш деҳқонларнинг бошқа тенгдошлари билан бевосита даланинг ўзида кечадиган мулоқот ва учрашувлари ҳам уларга ўзгача руҳ ва кўтаринки кайфият бахш этади.

Сув – бу тириклик асоси, ҳаёт манбаи. Қўриқ ерни ўзлаштириш жараёнида 8 та артезиан қудуқ қазилиб, оби-ҳаёт чиқарилди. Узунлиги 200, эни 80 метрлик сув ҳавзаси барпо этилиб, аввал деҳқончилик учун умуман шароит бўлмаган ҳудудда кафолатли сув таъминоти тизими яратилди. Мазкур сув иншоотида тўпланган сув зарур минерал ўғитлар билан тўйинтирилиб, сўнг далага йўналтирилади. Мамлакатимиз раҳбари томонидан бу соҳада қатор имтиёз ва имкониятлар яратиб берилгани ишларнинг тез фурсатда сифатли амалга оширилишига замин бўлди. Келгусида мазкур ҳудудларда шу сингари яна камида 10 та ҳовуз барпо этиш мўлжалланмоқда.

Эътироф этиш ўринлики, сув ҳавзаси қурилиши билан ҳамоҳанг Пишоғор ҳудудидаги Қангли, Пишоғор, Ёшлик, Шўрча, Аржа, Ғулба, Мўғол, Қудуқча, Аччи, Узун, Қизилсой, Бахматчой, Шароф Рашидов туманининг Равот ҳудудидаги Равот, Нонисангил, Умар каби қишлоқлари ҳаётида беқиёс ўзгаришлар рўй берди. Йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш бўйича олиб борилган кенг кўламли амалий тадбирлар маҳалла ва оилаларга янги ҳаво олиб кирди. Умуман, қурилиш-таъмирлаш, ободлик ишлари бажарилмаган кўча ёки хонадоннинг ўзи қолмади.

Обод манзилларни айланиб, яна сув бўйига қайтамиз. Нега деганда, бу каби сув ҳавзалари фақат қишлоқ хўжалиги мақсадлари ва бандликни таъминлаш нуқтаи назаридан эмас, балки қишлоқларнинг умумий қиёфасини ўзгартириш, ҳудуд аҳли, айниқса, қишлоқ ёшлари учун муносиб ҳордиқ чиқариш, бўш вақтни мазмунли ташкил этиш нуқтаи назаридан ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга.

Эътибор берган бўлсангиз, сув атрофида гўзал манзара пайдо бўлди. Бийдай адирлар ўртасида одамлар мириқиб дам оладиган маскан бўй кўрсатди. Ушбу манзил илк кунларданоқ ранг-баранг тадбир ва анжуманлар, учрашув ва сайиллар ўтказиладиган, уч авлод вакилларини бирлаштирадиган нуқтага айланди.

Ёш зироатчилар ва фахрийларнинг учрашуви миқёс ва мазмун жиҳатидан кенгайиб, мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишланган байрамга, Пишоғар ва Равот ёшлари фестивалига айланиб кетди. Жиззахдан Зомин томон ёки Зоминдан Жиззахга катта йўлдан ўтаётганлар албатта тўхтаб, гўзал манзарани томоша қилишга ошиқди. Аҳолининг барча тоифасига мансуб юртдошларимиз, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, миллий маданий марказлар фаоллари, меҳнат фахрийлари, талаба ва ўқувчи ёшлар, умуман, кейинги ярим йил ичида ҳудудда рўй берган янгиланишлардан руҳланган кишилар янги сайилгоҳда жам бўлди.

Шу куни ушбу гўзал маскан миллий қадриятларимиз, бой маданият ва санъатимиз, саховатли заминимиз неъматлари, халқимиз турли соҳаларда эришаётган улкан ютуқлар, давлатимиз раҳбари илгари сурган беш муҳим ташаббус бераётган натижалар, юртимизда ҳукм сураётган ўзаро ҳамжиҳатлик, миллатлараро тотувлик бор бўй-басти билан намоён бўлган катта саҳна тусини олди.

Байрам иштирокчилари Пишоғар ва Равот қишлоқларидаги ўзгаришларга бағишланган ҳужжатли фильм билан танишишди. Ёшлар фестивали иштирокчиларининг мамлакатимиз ёшларига мурожаати ўқиб эшиттирилди.

Ёшлар фестивали, 3 авлод учрашуви, миллатлар аро дўстлик тантанаси Зоминдан то Равотгача бўлган қишлоқларда яшаб келаётган кекса ю ёш барчани барпо этилган гўзал ва файзиёб маскандаги сайлга жамлади.

Ватанпарварлик, дўстлик, миллий қадриятларни тараннум этувчи куй-қўшиқлар тун ярмига қадар давом этди. Юз йиллар давомида қақраб ётган тупроқнинг бағрига оби ҳаёт келиб ризқ рўзимиз барқ уриб бўй кўрсатгани каби, бу тантаналар қишлоқ ёшларининг онг у шуурига, руҳиятига янги нафасни олиб кирди. Одамларнинг тафаккурида янги мақсадлар уруғини қадади десак муболаға бўлмайди.

Ёшлар яратилаётган шароитлардан руҳланган ҳолда улардан самарали фойдаланишни ният қилишяпти. Кексалар эса бундай дориламон кунларга шукрона айтиб, келажак эгаларига оқ йўл тилаб, билдирилган ишончга муносиб бўлишни таъкидлашди. Бу каби байрамлар, хайрли ишлардан мақсад бир, одамларни бугунидан рози бўлиб, эртанги кунига бўлган ишончини мустаҳкамлашдан иборат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?