Юз билан юзлашган мактаб

20:59 05 Июль 2021 Жамият
333 0

Ўлкамизнинг қадим шаҳарларимиздан бири саналган Нурота шаҳрида жойлашган машҳур 1-намуна мактаби ҳақида билмайдиган одам бўлмаса керак. Даргоҳ ўзининг юз йиллик тарихи, энг муҳим ва ўзига хос жиҳатлари, довруқли кадрларининг жўшқин, мазмунли ҳаёти ва устозларнинг қайноқ педагогик фаолияти билан довруқ қозонган.

1-сон мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларидан 18 киши Давлат мукофоти ва унвонларига сазовор бўлишган: Ҳадя Юсупова, Раҳматулла Мансуров, Очил Наврўзов, Турсунқул Эргашев, Усмон Нурмуродов, Сангимо Ҳамроева, Маҳкам Холмедов, Хосият Ҳайитова «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи», Ҳотамбой Муродов, Рустам Аҳмедов «Ўзбекистон халқ ўқитувчиси, Маҳмуд Юсупов, Ҳамдам Эшонқулов, Нуриддин Калонов «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими», Аҳмад Отабоев «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист», Холиқул Худойқулов «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи»; Раҳмонқул Насимов «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор» Облоқул Хўжақулов, Эгам Хўжақулов, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» фахрий унвонини қўлга киритган. Мактаб битирувчиларидан Фанлар академияси бир академиги, йигирма бешта фан доктори, икки генерал, ўнлаб давлат ва жамоат арбоблари етишиб чиққани таҳсинга лойиқ ҳодиса.

Мактабнинг асосчиси халқпарвар, ишбилармон Ҳожи Болта Қозоқов таниқли давлат арбоби Файзулло Хўжаев, машҳур адиб Садриддин Айнийларнинг яқин дўсти, маслакдоши бўлган. Жадидлар ҳаракатига қўшилиб, илғор ва демократик ғояларни тарғиб қилишда фаол қатнашган. Савдогар ниқоби остида иш олиб бориб, инқилобий руҳдаги газеталарни Нуротага келтирган. 1921 йил январда иш бошлаган мактаб дастлабки савод чиқариш мактаби эди. Маълумотларга қараганда, ушбу мактаб собиқ Бухоро халқ республикасида дастлаб очилган янги замон мактабларининг ўн еттинчиси бўлиб, араб алифбоси ёрдамида ёзув-чизув ва ҳисоб-китоб билимлари ўргатилган эди.

Заҳматкаш муаллифлар Рустам Аҳмедов, Бахтиёр Омонов, Қаҳҳор Раҳмонов, Абдурасул Эргашевнинг узоқ йиллик машаққатли изланишларга таяниб, бир асрлик тарих йилномасини яратишган. Унда мингга яқин устозлар ва шогирдларнинг номлари, бажарган ишлари ва қолдирган излари хронологик равишда ёритилган, тарихни ўзида муҳрлаган фотосуратлар ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилинганди. Аввало, тарихномага дастлабки асослар мавжудлиги ижодий ишларига ёрдам берган. Муаллифлардан бири, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси Рустам Аҳмедов қарийб 40 йил давомида 1-намуна мактаби вориси бўлган 2 мактабда ўлкашунослик тўгарагини бошқариб, икки мингдан зиёд керакли маълумотларни тўплаган. Тўгарак аъзолари 1-мактаб ўқитувчию ўқувчилари билан 1970-1990 йилларда кўплаб суҳбатлар, учрашувлар ўтказган ва изланишлар олиб борган.

НурДУ, Нурота дорилфунуни номини олган илк мактабнинг шон- шуҳрати ҳар жиҳатдан фахрланишга арзигулик. Нурота туманидаги «1-намуна» мактаби Ўзбекистон таълим тизими тарихида ёрқин из қолдирган табаррук даргоҳ ҳисобланади. 2021 йилда мактаб ташкил этилганига 100 йил тўлади. Туманда ушбу тарихий санага катта тайёргарлик кўрилмоқда. Зотан, у нафақат Навоий, Самарқанд вилояти мактаблари, балки юртимиз маорифи ҳаётининг унутилмас шонли воқеаларини ёдимизга туширади...

"Халқ сўзи"

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?