Юртимизга, ўзбек тилига меҳр қўйган ҳиндистонлик қиз
Бухородаги таълим муассасалари, хусусан, Абу Али ибн Сино номидаги тиббиёт институтида ҳиндистонлик кўплаб талабаларни учратиш мумкин. Хан Хурия ана шуларнинг бири. Бу интилувчан қиз қисқа муддат ичида ўзбек тилини чуқур ўрганиб олгани, она тилимизда бийрон гапириши билан кўпчиликнинг назарига тушмоқда.
—Шифокор оиласида ўсиб-улғайдим, — дейди у. — Тиббиёт илмининг султони саналган Абу Али ибн Сино ватанида ўқиш орзуйим эди. 2020 йилда ниятимга етдим. Буюк аллома номи билан аталувчи ушбу олий ўқув юртида таҳсил олиб, бакалавр дипломига эга бўлдим. Айни пайтда эса мазкур институтнинг ординатурасида акушерлик ва гинекология йўналишида ўқимоқдаман. Шу билан бир қаторда хусусий клиникада амалиёт ўтаяпман. Устозларимдан миннатдорман. Ўзбекистонга, ўзбек тилига меҳр-муҳаббатим бўлакча. Шу боисдан ҳам бу тилни қунт билан ўргандим. Дўстларим, устозларим, шунингдек, клиникадаги беморлар билан ўзбек тилида гаплашаман. Бу касбий маҳоратимни оширишимда ҳам асқатмоқда.
Ҳиндистонлик талабанинг ўзбек тилида эмин-эркин сўзлашаётганини кўриб беихтиёр унга тасанно айтгинг келади. Ахир, бир умр юртимизда яшаб ўзбек тилини ўрганишни, маҳаллий аҳоли билан шу тилда мулоқотга киришишни ўйлаб ҳам кўрмаган кишилар оз эмас.
Хан Хурияга келсак, зеҳни ўткир бу талабанинг ўзбек тилини чуқур ўрганишга бўлган интилишлари зое кетмаяпти. Яқинда у олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижлик талаба-ёшлар ўртасида ўтказилган “Ўзбек тили — қалбим таржимони” кўрик-танловининг республика босқичида ғолиб чиқди.
Истам ИБРОҲИМОВ
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Исроил зарбалари оқибатида Ғазода 90 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг