Юртимиздаги мактабларда биринчи қўнғироқ садолари жаранглади

20:59 05 Сентябр 2022 Жамият
711 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Ёз бўйи мароқли ҳордиқ чиқарган болажонлар учун яна ҳаяжонли, қувончли ва масъулиятли дамлар бошланди. Биринчи қўнғироқ садолари жаранглаб, умумтаълим мактаблари йигит-қизларни яна ўз бағрига чорлади...

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Халқ таълими вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатимиздаги 10 минг 85 та мактабда янги ўқув йили бошланди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Бу дамлар, айниқса, мактаб аталмиш муқаддас даргоҳга илк бор қадам қўйган кичкинтойлар учун янада ҳаяжонли, орзиқиб кутилган ва унутилмасдир. Илк қўнғироқ садоси кўзлари чарақлаб турган биринчи синф ўқувчилари қалбида бонг уради. Энди улар ака-опаларига ўхшашга, улардек «аъло» ўқишга интилади...

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

2022/2023 ўқув йилида 702 минг нафар болажон умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул қилинди. Улар 12 турдаги ўқув қуроллари, мактаб сумкаси, дарсликлар мажмуасидан иборат Президент совғаларини қабул қилиб оларкан, дилларида чексиз қувонч, эртанги кунга ёруғ умид ва ишонч барқ уради.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 101-умумтаълим мактабида ҳам «Биринчи қўнғироқ» тадбири ана шундай кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Байрамона безатилган таълим даргоҳи ўқувчиларга яна ўз эшикларини очди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

«Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!» шиори остида ташкил этилган «Биринчи қўнғироқ» тадбирларида халқимиз ардоғидаги инсонлар, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари қатнашди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Тадбирда сўзга чиққанлар Президентимиз томонидан таълим тизимини жаҳон андозаларига мос тарзда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Бугун «Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан бошланади» деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Ўқитувчи-мураббийлар қадрини тиклашга қаратилган эътибордан уларнинг қадди ҳам тикланди. Улар бугун қаерда юрмасин «Ўқитувчиман!», дея баралла, ғурур-ифтихор билан айтадиган бўлди. Ойлик маошлари ошиб, ўз устида ишлашга, дарс ўтишнинг замонавий усул ва услубларини ўзлаштиришга имкон топмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Хоразм вилоятидаги умумтаълим мактабларида ҳам биринчи қўнғироқ садолари жаранглаб, 37 минг 325 нафар ўғил-қиз мактаб остонасига илк қадам қўйиб, биринчи синфга қабул қилинди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

— Президентимиз Мустақилликнинг 31 йиллигига бағишланган байрам тантаналаридаги нутқида юксак марраларга эришиш учун 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида бешта асосий вазифани белгилаб берди, — дейди Гурлан туманидаги 5-умумтаълим мактаби директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Анор Маҳмудова. — Таълим соҳасини ислоҳ қилиш, ўқувчи ёшлар замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашлари учун қулай шароит яратиш, мактабларнинг ўқув дастурлари, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш энг биринчи ва асосий вазифа қилиб қўйилди. Чунки барча муваффақиятларнинг калити сифатли таълимга бориб тақалади.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Вилоятда умумтаълим мактабларининг моддий базасини яхшилаш, таълим жараёнига инновацияларни жорий этиш, малакали педагог кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда инвестиция, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари асосида вилоятда 2 та мактаб янгидан қурилди, 16 та мактабда реконструкция, 22 та мактабда мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. Вилоятда 1-4 синф ўқувчиларини бепул нонушта қилишлари учун бюджетдан 100 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов янги ўқув йили бошланиши муносабати билан Урганч туманидаги 4-сон умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда иштирок этиб, янги бунёд қилинган мактабнинг ўқув ва лаборатория хоналарида яратилган шароитлар билан танишди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида жами 1268 та умумий ўрта таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Шундан 1260 таси умумий ўрта таълим мактаби, 8 таси ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат ҳисобланади.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Самарқанд шаҳридан ташқари вилоятдаги бошқа барча умумтаълим мактабларида янги ўқув йили бошланиб, билимлар куни тадбирлари бўлиб ўтди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Вилоят халқ таълими бошқармаси маълумотига кўра, янги ўқув йилида вилоятда 3 та мактаб янгидан ташкил этилиб, қўшимча 6490 ўқувчи ўрни яратилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Бу йил вилоятда мактабларнинг биринчи синфларига эса 83 550 нафар ўқувчи қабул қилинди. Уларга «Президент совғаси» тантанали топширилди. Шунингдек, «Президент совғаси» вилоятдаги 25 та хусусий мактабларнинг 982 нафар ўқувчиси учун ҳам тўлиқ тарқатилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Андижон вилоятида янги ўқув йили олдидан вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов тўғридан-тўғри эфир орқали устозлар ва ўқувчиларга табрик йўллади. Унда вилоятда ёш авлодни тарбиялаша учун яратилган шароит ва келгуси режалар ҳам тилга олинди. Маълум қилинишича, бу йил вилоятдаги 762 та умумтаълим мактабида 596 минг 803 нафар ўқувчи таҳсил олади. Уларнинг 67 минг 400 нафарини 1-синф ўқувчилари ташкил этади.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

— Қувончим ниҳоятда чексиз, — дейди Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи Насибахон Аҳмедова. — Қаттиқ ҳаяжондаман! Боиси фарзандим Хумоюнжон бу йил Андижон шаҳридаги 24-умумтаълим мактабининг 1-синфига қабул қилинди. Ўзим ҳам шу мактабда таҳсил олганман. Орадан ўтган давр мобайнида масканда катта ўзгаришлар юз берибди. Спорт зали, ошхона ва фаоллар хонаси янгиланибди. Стадионда барча шароитлар муҳайё. Кутубхонада керакли адабиётларни топиш мумкин. Энг муҳими, таълимдаги сифат ўзгаришлари. Ўғлимнинг келажагидан кўнглим тўқ!

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Айтиш жоиз, бу йил 18 та мактабда ўқувчилар учун қулай шароит яратиш мақсадида таъмирлаш ишлари амалга оширилган бўлса, 4 та мактаб биноси янгидан барпо этилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Таъкидлаш керакки, мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларида «Биринчи қўнғироқ» тадбирларидан сўнг «Мустақиллик дарслари» ўтказилди. Ушбу дарсларда истиқлол йилларида эришилган ютуқлар, ёшларимиз томонидан қўлга киритилган катта ғалабалар ҳамда миллий тарихимизнинг ёрқин лавҳалари ҳақида ўқувчиларга сўзлаб берилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер