Юртимизда "Озиқ-овқат маҳсулотлари сифат ҳафталиги" бошланди

11:18 23 Ноябрь 2021 Жамият
261 0

Illyustrativ foto

Мамлакатимизда давлат сиёсатини янада мустаҳкамлаш, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш, ҳар бир фуқарода соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик маданиятини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, жисмоний фаоллик ҳамда овқатланиш меъёр ва қоидаларига амал қилмаслик, таркибида туз, қанд, ёғ миқдори кўп бўлган таом ва ширинликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш қатор касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, етарли даражада витамин ва минераллар истеъмол қилмаслик оқибатида ёшларда рационал ўсиш ва ақлий ривожланишда ортда қолиш, катталарда эса юрак қон-томир, эндокрин, хавфли ўсма каби инсоннинг эрта ўлимига олиб келиб келиши кузатилмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда «Озиқ-овқат маҳсулотлари сифат ҳафталиги» тадбирини 2021 йилдан бошлаб ҳар йили ноябрь ойида ўтказиш белгиланган.

Республикамизда 22 — 27 ноябрь кунлари ўтказиладиган «Озиқ-овқат маҳсулотлари сифат ҳафталиги» давомида аҳолига оммавий ахборот воситалари орқали сифатли ва хавфсиз овқатланиш тамойиллари, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори белгиланган меъёрлардан юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини инсон соғлиғи учун зарари, болалар ва ўсмирлар томонидан кучли газланган, рангли, ширин ҳамда энергетик ичимликларнинг истеъмолини тартибга солиш бўйича тавсиялар акс этган репортажлар ва лавҳалар намойиш этилади. 

Бундан ташқари, мутахассислар иштирокида давра суҳбатлари, брифинглар, учрашувлар ва интервьюлар шаклида кенг жамоатчиликка етказилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?