Юртимизда «Халқаро Зиёрат туризми ҳафталиги» бошланди

15:23 01 Ноябрь 2022 Жамият
507 0

Фото: Халқ сўзи

Бугун юртимиз бўйлаб «Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги» бошланди. Шу муносабат билан Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида мазкур ҳафталикнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда қирққа яқин хорижий давлатлардаги нуфузли халқаро ташкилотлар, диний ташкилотлар ҳамда давлат идоралари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида ҳафталик меҳмонлари ва тадбир иштирокчиларини қутлаб, юртимизнинг тобора ортиб бораётган туризм салоҳияти, хорижлик сайёҳларнинг мамлакатимизга бўлган қизиқишлари ҳамда мавжуд туризм йўналишлари ҳақида маълумот берди.

Шундан сўнг Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров сўзга чиқиб, халқимизнинг бой қадим қадриятлари, теран тарихий илдизлари, буюк аллома-аждодлари сийратига тўхталди. Нотиқ юртимиздаги мавжуд маданий мерос объектлари ва тарихий архитектура ёдгорликлари, шунингдек, ташкил этилган ҳафталик давлатимиз туризм соҳасининг янги қирраларини очиб беришини таъкидлади.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIS)нинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA – ИРСИКА) Бош директори Маҳмуд Эрод Қилич ҳафталик доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда ўтказиладиган «Марказий Осиё – Ислом санъати ўчоғи» халқаро форум тадбирлари ҳақида сўз юритди.

Форум доирасида ташкил этиладиган «Қуръони каримнинг Ўзбекистон фондларида сақланаётган қадимий нусхалари» мавзусида халқаро кўргазма, «Мовароуннаҳрда китобат маданияти» номли ислом амалий санъати турлари бўйича фестиваль ва савдо ярмаркаси ҳамда «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштириш масалалари» мавзусида халқаро конференция, шунингдек, халқаро ислом хаттотлик кўргазмаси, Араб каллиграфияси бўйича маҳорат дарси ва ислом санъатига оид давра суҳбати тадбирларининг аҳамияти, Ўзбекистондаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан исломий маданият ва маърифат йўналишида олиб борилаётган ҳамкорликнинг айни ҳолати тўғрисида ахборот берилди.

Ҳафталик доирасида, шунингдек, Самарқандда «Замонавий исломий меъморчилик» кўргазмаси, «Кўнгил оҳанглари» фестивали, «Марказий Осиё – Ислом санъати маркази» халқаро форуми ўтказилади. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Самарқанднинг бошқа диққатга сазовор жойларига саёҳат ташкиллаштирилади.

Бухорода эса «Мир Араб битирувчилари» форуми, «Ўзбекистон исломий мероси» конференцияси, «Ислом наққошлиги ва хаттотлик» кўргазмаси каби тадбирлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Бухоронинг осори атиқалари билан ҳам танишишади. Худди шу мазмундаги тадбирлар юртимизнинг яна бир қадимий маданий ўчоғи – Хивада ҳам бўлиб ўтадию

Тошкент шаҳрида ҳафталик дастуридан «Ислом иқтисодиёти» давра суҳбати, «Миллий либослар» кўргазмаси, «Ҳалол туризм» конференцияси, «Ҳалол таомлар» фестивали, Ҳазрати Имом мажмуасига саёҳат ўрин олади.

Ҳафталик якунида эса иштирокчилар учун гала-концерт тақдим этилади.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?