Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

10:43 05 Ноябрь 2021 Жамият
361 0

Фото: "Халқ сўзи"

2020 йилдан эътиборан мамлакатимизда 11 ноябрь - Касаба уюшмалари куни сифатида белгиланган бўлиб, айни сана билан боғлиқ тантаналар жойларда уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши томонидан “Сарбон” тантаналар мажмуасида “Юрт тараққиёти йўлида БИРЛАШАЙЛИК” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев барчани ушбу қутлуғ сана билан самимий қутлаб, касаба уюшмалари фаолиятини ривожлантиришда Фарғонада ўзига хос тажриба мактаби яратилганини эътироф этдилар. Хусусан, биргина “Аёллар дафтари” билан ишлаш борасида вилоятда 100 минг нафардан зиёд хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатилгани мамнуният билан айтиб ўтилди.  

Таъкидлаб ўтилганидек, ўтган даврда касаба уюшмалари томонидан барча соҳаларда ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш борасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилди. Айниқса, сўнги йилларда касаба уюшмалари жамиятнинг муҳим бир бўғини сифатида эзгу ташаббусларни рўёбга чиқаришда фаоллик кўрсатмоқда.

Ҳозирги кунда Фарғона вилояти касаба уюшмалари тизимида 3,5 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотларда 462 мингдан зиёд фаоллар фидокорона меҳнат қилмоқдалар. Касаба уюшмалари томонидан ишчи-ходимларни касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Байрам тадбирида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан эълон қилинган танловнинг “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши маҳалла фуқаролар йиғини раиси”, “Энг яхши аёл иш берувчи”, “Касаба уюшмалари лауреати мукофоти” сингари турли номинациялари ғолиблари диплом, пул мукофотлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, тадбирда 82 нафар касаба уюшмалари фаоллари, ҳамкор ташкилотлар вакилларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Касаба уюшмалари кунига 1 йил” кўкрак нишони топширилди.

Тадбир якунида байрам дастури намойиш этилди.

Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.

                              

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер