ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Фарғонада «Атлас байрами»га тайёргарлик жараёни билан танишди

10:27 26 Сентябр 2022 Жамият
581 0

Фото: Халқ сўзи

Маълумки, шу йилнинг 20-22 октябрь кунлари Фарғона вилоятининг ипакчилар шаҳри – Марғилонда анъанавий «Атлас байрами» фестивали ўтказилиши режалаштирилган.

Ўтган ҳафтанинг сўнгги кунлари ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади бошчилигидаги таниқли мутахассислар ва экспертлардан иборат делегация вакиллари Фарғона вилоятига ташриф буюриб, фестивалга тайёргарлик жараёни билан танишдилар.

Ҳозирда вилоятда, хусусан, Марғилон шаҳрида «Атлас байрами» бешинчи миллий матолар фестивалига қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Эътиборлиси, 20 октябрь куни фестивалнинг тантанали расмий очилиш маросимида Марғилонга Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан Ҳунармандлар шаҳри мақоми белгиланган махсус сертификат топширилиши кутилмоқда.

— Агар таъбир жоиз бўлса, кейинги йилларда Фарғона мамлакат ва халқаро миқёсдаги фестиваллар, байрам тадбирларига мезбонлик қилиш борасида катта ютуқларга эришяпти, — дейди Республика «Ҳунарманд» уюшмасининг Фарғона вилояти бўлими раҳбари Расулжон Мирзааҳмедов. — Ишонамизки, ушбу тадбирни ҳам юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун салоҳиятимиз етарлидир.

Бу каби изчил саъй-ҳаракатлар туризм соҳасида Фарғонанинг ўзига хос брендини яратиш ҳамда миллий қадрият ва анъаналаримизни кенг тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга.

Ўз навбатида Сара Ношади мазкур фестиваль юқори савияда ўтказилиши ва жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистоннинг бу борадаги ўзига хос салоҳияти яна бир бор тўлиқ намоён этилишига ишонч билдирди. Фестивалда дунёнинг турли мамлакатларидан машҳур дизайнерлар, ҳунармандлар, халқ амалий санъати усталари, журналистлар иштирок этиш истагини билдираётганини мамнуният билан таъкидлади.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?