Юлдузсиз қаҳрамон қисмати

16:33 10 Март 2020 Жамият
1660 0

...Ўшанда машъум 1941 йилнинг ёзи эди.Икки йилча муқаддам армия сафида йигитлик бурчини ўтаб қайтган Камол Пўлатов она – қишлоғи Атторонда муаллимлик қилаётганди. Уруш бошланди – ю, миллионлаб юртдошларимиз қатори бу алпқомат йигитнинг ҳам ҳаловати бузилди.Биринчилар қаторида фронтга йўл олди. Кетар чоғи кўнгли бир нимани сезган каби умр йўлдоши Фотимага “Ўзингни, боламизни асра.Чироғимизни ёқадиган шу”, деди.

Кетди. Ортига қарай — қарай кетди. Рауфжоннинг ота томон чўзилган жажжи қўллари ҳавода муаллақ қолди...

Камолга илгари армияда хизмат қилгани, рус тилини билгани асқатди. Жангларда мардлиги, довюраклиги билан назарга тушди. Унга лейтенант унвони берилди. Бўлинма командири қилиб тайинланди. Сталинград(ҳозирги Волгоград) учун бўлган аёвсиз жангларда унинг бўлинмаси олдинги маррада эди. Шундай жангларнинг бирида душман ҳужумини қандай бўлмасин қайтариш топшириғи берилди. ”Пўлатов, ҳамма умидимиз сендан.  Душманни тўхтатиб, вақтдан ютишимиз керак. Ортга йўл йўқ”,- деди Камол ва унинг йигитларини муқаррар ўлим чангалига ташлаётганини англаб турган қисм командири Хабиров.

Ваҳолонки,кучлар тенг эмасди. Аммо урушда буйруқ муҳокама қилинмайди. Бўлинма аскарлари бўрилар галасидек ёпирилиб келаётган танкларга қарши мардонавор курашдилар. Ўндан зиёд танк олов исканжасида қолди. Аммо душман ҳамла қилишдан тўхтамасди. Мана, икки-уч танк окопга яқинлашиб қолди. Камол аччиқ тутун ичра ён – атрофга қаради. Жангчиларининг барчаси нобуд бўлган, жанг майдони жаҳаннамга айланганди. Қўлига гранатани олганича, танкнинг яқинлашишини кутди. Зирҳли машина бир зумда тутун ичида қолди.Камол шундоқ рўпарасига келиб қолган яна бир танкка граната улоқтирди.Аммо масофа яқин эди. Кучли зарба ва олов тўлқини ўзини ҳам чамаси беш – олти метр нарига улоқтириб юборди.

Қисм кузатув пунктидан ҳаммасини кўриб турган Хабиров “Яша, Пўлатов”, дея бақирди – ю, шундай мард жангчидан айрилиб қолганини ўйлаб, бошини чангаллади...
 

Кейинчалик у бу бўлинма аскарларининг ортга чекинмай, тенгсиз олишувда душманни пароканда қилишгани, лейтенант К. Пўлатовнинг қаҳрамонларча ҳалок бўлгани тўғрисида қўмондонликка хабар беради. Ўз навбатида қўмондонлик ромитанлик бу жасур йигитни мукофотга тавсия этади. Шу тариқа Камол Пўлатовга ўлимидан сўнг СССР Олий Совети Президиумининг 1943 йил 21 апрелдаги Фармони билан “Совет Иттифоқи Қаҳрамони” унвони берилади.

Бу хабар олис Ромитанга ҳам етиб келди, албатта. Маҳаллий раҳбарлар зудлик билан қаҳрамоннинг қишлоғига йўл олишди. Тантанали митинг ўтказилди. Бу ердаги колхозга Камол Пўлатов номи берилди. Хотини ва боласи яшаётган уйни таъмирлаб беришди. Оиласига бузоғи бўлган сигир туҳфа қилишди. Фақат... Фақат бу тантана бир чеккада маъюс бош эгиб турган азадор Фотимага татимасди. Шўрликнинг кўнгли алғов – далғов эди.

Энди эса яна ўша машъум жанг майдонига қайтамиз. Навбатдаги танкни портлатиб, ўзи ҳам юзтубан йиқилган Камол тирик қолганди. Ҳушига келганида тепасида автомат ўқталиб турган икки фашист турганини кўрди. Кўзларига дунё қоронғу бўлиб кетди. Мажолсиз, ярадор йигит шу тариқа асирга олинди.

Ўлмай тирик қолгани бу тақдирнинг иноятимиди ёки?.. Келинг, бу саволга жавоб беришдан аввал у ҳақида эшитган, уни билган кишилар сўзига қулоқ тутайлик.

— Биз ўшанда ёш бола эдик, — дея эслайди 80 ёшли отахон Аҳад Ҳасанов.- Атторон қишлоғидан шундай қаҳрамон чиқибди, деган гап-сўзларни эшитганмиз.

— Қишлоғимиздаги деярли ҳар бир хонадондан кимнингдир отаси, акаси ёки ёр-биродари урушга кетганди, — дейди 85 ёшли Шариф ота Шаропов.— Кечагидай ёдимда, отам Шароф Ражабов урушга жўнар паллада бола эмасманми, “Ғўлин ( туршак) олиб беринг”, деб хархаша қилгандим. Бир ҳовуч туршакни қўлимга тутқазгани шундоқ кўз олдимда. Орадан бир йил ўтар-ўтмас, 1942 йилда ундан “қора хат” келди. Бу ёғини суриштирсангиз,қишлоғимиздан атиги икки киши урушдан соғ-омон қайтди. Камол Пўлатовга келсак, унинг қаҳрамон бўлгани ҳақидаги хабарни биз ҳам эшитганмиз. Уйини ремонт қилиб беришганини ҳам биламан.
 

Дарвоқе, биз маҳалла фаолларидан бири Сафар Бозоров ҳамроҳлигида Камол Пўлатовнинг қариндоши, 83 ёшли отахон Соли Баҳромов билан ҳам суҳбатлашдик.

— Биз Камол билан холавачча бўламиз, — дейди у киши. — Унинг қаҳрамон бўлгани, фарзанди Рауфжонни давраларнинг тўрига ўтқизишгани айни ҳақиқат. Афсуски, қисмати оғир кечди...

Яна ўша суронли йилларга қайтамиз. Фашистлар қўлида тутқунлик азобини тортган Камол юзлаб асирлар қаторида озод қилинади. Сўраб – суриштириш бошланади. К. Пўлатов ўша машъум жанг тафсилотини сўзлаб беради. Ярадор, боз устига ҳушсиз ётган чоғида фашистлар асир олишганини айтади. Қилни қирқ ёришга устамон тегишли идоралар воқеага ойдинлик киритиб, лейтенант Камол Пўлатов Ватан хоини эмаслигига ишонч ҳосил қиладилар. Акс ҳолда унинг қолган умри турмада ўтиши муқаррар эди.

Гап шундаки, уруш йилларида душманга асирлик хоинлик билан тенглаштириб қўйилганди. У ёки бу аскарнинг қандай вазиятда фашистлар қўлига тушиб қолгани ҳеч кимни қизиқтирмас, асирликда бўлдингми, демак, сен сотқинсан, Ватан хоинисан, деган тамға босиларди. Бу тамға минглаб бегуноҳ аскарларнинг умрига зомин бўлганини, айби йўқ кўплаб кишиларнинг турмаларда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган азоб-уқубатларга дучор этганини бугун яхши биламиз. Айнан шу тамға Камол Пўлатовга ҳам ҳукм ўқишга улгурганди.

Бу жасур юртдошимизнинг аччиқ қисматига ойдинлик киритиш борасида фидойилик кўрсатган Ғиждувондаги “Қидирув клуби” раҳбари Эркин Латипов номига(Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) 1986 йилнинг 12 майида СССР Олий Совети Президиумининг мукофотлаш бўлимидан келган 189-рақамли жавоб хатида айтилишича, 1918 йилда туғилган Камол Пўлатовга “Совет Иттифоқи Қаҳрамони” унвони берилган.1947 йилда эса мукофот бекор қилинган.

Қаҳрамоннинг кейинги қисмати ҳақида ёзиш эса янада оғир. Камол неча йиллик айрилиқдан кейин она – қишлоғига қайтиб келган паллада у ҳақда турли миш-мишлар авж олади. ”Қаҳрамонликни адаштириб бунга беришган экан”, “Душманга ўз хоҳиши билан асир тушган эмиш” қабилидаги таги пуч гапларни эшитиш оғир, албатта. Бу ҳам камлик қилгандай, маҳаллий раҳбарларнинг бу оилага нисбатан муносабати ҳам буткул ўзгаради. Улардан бири ҳатто “Айбинг тирик қолганинг” дейишгача боради. Орадан кўп вақт ўтмай Камолнинг бошига оғир жудоликлар тушади. Ёлғиз зурриёти Рауфжон хасталаниб вафот этади. Бу кўргулик етмагандай умр йўлдоши Фотима ҳам ҳаётдан эрта кўз юмади. Ҳаётнинг бешафқат зарбалари қаҳрамоннинг ҳам соғлигига зиён етказади. Урушда душман танкларига бағрини қалқон қилиб, улар йўлини тўсиб қўйган йигит тақдирнинг руҳий зарбалари, айрилиқлари олдида ожиз қолади. У 1950 йилда вафот этади. Ўшанда юлдузсиз қаҳрамон ҳали 33 ёшга ҳам кирмаган эди.

Номинг ўчгур уруш шу тариқа бир хонадоннинг чироғини буткул ўчирди!

Туман марказидаги Хотира ва қадрлаш хиёбонида “Ромитан фидойилари” сарлавҳали лавҳа бор. Унда бир гуруҳ юрт жонкуярлари қаторида Камол Пўлатовнинг номи ҳам ёзиб қўйилган. Бу инсон ким бўлган, у қандай қаҳрамонлик кўрсатган? Афсуски, бу саволга ҳозир бармоқ билан санарли даражада оз кишилар жавоб бера олишади, холос. Улар ҳам асосан қаҳрамон туғилиб ўсган қишлоқ кексаларидир. Ўтган асрнинг 90- йилларида Эркин Латипов вилоят газетасида, 2000 йилда ёзувчи ва публицист Жўра Фозил “Ромитаннома” газетасида Камол Пўлатовнинг жасорати, аянчли қисмати тўғрисида мақола ёзиб хайрли иш қилишганди. Агар туман ҳокимлиги савобталаб инсонларни жалб этган ҳолда шу мард юртдошимизнинг хотирасини тиклаш ҳақида ўйласа айни муддао бўларди. Бу ишнинг ёшлар тарбиясида ҳам аҳамияти бениҳоя катта. Зеро, Иккинчи жаҳон урушида юртимиздан етишиб чиққан юлдузли ва юлдузсиз қаҳрамонлар она-Ватанга садоқат тимсоли бўлиб қолаверадилар.

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер