Юксак даражадаги эътироф ҳам шараф, ҳам масъулият бағишлайди

19:32 02 Июль 2021 Жамият
586 0

Куни кеча Ўзбекистон ёшларининг ҳаётида унутилмас кун бўлди. 30 июнь — Ёшлар кунида ёшларимизнинг ўзига бўлган ишончи бир неча карра ошишига, халққа хизмат қилишдек орзулари рўёбга чиқишига туртки берувчи ташаббуслар шахсан Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилди.

Аниқ ишонч билан айта оламан, кеча Президентимизнинг Ботаника боғида ўтказилган тантанали маросимдаги маърузаси ва ундаги ташаббуслар нафақат шу тадбирда иштирок этган ёшлар, кенг жамоатчилик вакилларини, балки уларни вояга етказаётган маҳалла-кўй, ота-она, устоз, ўқитувчилар, ҳатто у ёки бу сабабларга кўра хорижий давлатларда умргузаронлик қилаётган ҳамюртларимизни ҳам беҳад қувонтирди.

Инсон қачон қувонади, қачон ўзини бахтиёр ҳис қилади? Қачонки, ўзи ва яқинларини қийнаб турган масалага ечим топа олса, кўнгли, хаёлидаги саволларга тўғри жавоб ололса...

Президентимиз маърузасида билдирилган ҳар бир масала ва уларнинг ечимига оид таклиф ва ташаббусларни тинглаб, уларни қайта-қайта ўқир эканман, бир неча йиллар давомида ёшлар ташкилотида фаол бўлган инсон сифатида бир хулосамни билдириб ўтсам: Форумда биз ёшлар ўз вақтида ҳатто оғиз жуфтлашга ҳам ботинолмаган масалалар муаммо сифатида олий даражада тан олинди ва бу масалаларга аниқ ечимлар қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида яқиндагина расмий делегация вакиллари билан парламентга ташриф буюрган таниқли сиёсатчи, Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонгнинг бир фикрини ёдга олдилар. Жаноб Чунгонг «Сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган инсонлар ташкил этса-да, бутун дунё бўйича ёш депутатларнинг улуши 2,6 фоизга ҳам етмас экан. Олий мартабали меҳмон Ўзбекистонда бу кўрсаткич 6 фоиздан ошгани»ни алоҳида эътироф этди.

Эътиборлиси шундаки, юртимизда Ёшлар куни нишонланган 30 июнь кунида сайёрамиздаги энг кекса халқаро ташкилотлардан бири – Парламентлараро Иттифоқ ташкилоти учун ҳам муҳим сана, яъни Халқаро парламентаризм куни сифатида нишонланади. Парламентлараро Иттифоқ парламентлар ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш ва халқаро тинчлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ишида биргаликда фаолият кўрсатиш учун уларни бирлаштиришга хизмат қилувчи ташкилотлардан биридир.

Бугун, Ўзбекистондаги парламент, олий вакиллик органида сайланган депутат сифатида ёшларни парламент ҳаётига яқинлаштириш, қонун ижодкорлиги жараёнлари билан таништириш мақсадида ташкил этилган Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоларининг фаолиятини кузатиш, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш менга алоҳида завқ ва куч бағишлашини тан оламан.

Кеча Давлатимиз раҳбари бу борадаги кичик хизматимизни эътироф этгани эса, мен ва мен каби ёш депутатларга ҳам шараф, ҳам масъулият бағишлайди.

Биз, Қонунчилик палатаси депутатлари сиёсий етук ва фаол ёш йигит-қизларимизни миллий парламентимиз ва маҳаллий кенгашлар фаолиятига янада кенгроқ жалб этиш, маҳаллий кенгашларда ёшлар парламенти вакиллари мактабини ташкил этишга муносиб ҳисса қўшиш орқали халқимиз ва Президентимиз билдираётган ишончни оқлашимиз лозим.

Шу ўринда бир масалага эътибор қаратсам: Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида Ўзбекистон ёшларининг форуми мамлакатимиз тарихида илк маротаба 2020 йил 25 декабрь куни ўтказилганди. Ўттиз мингдан ортиқ ёшлар иштирок этган мазкур форумда ҳам давлат раҳбари ҳар бир ислоҳотни амалга оширишда ёшларнинг азму шижоати ва куч-ғайратига суянишини маълум қилганди, бу давлатнинг, ўзбек халқининг ёшларга бўлган ишончи нақадар юксак эканлиги ифодаси эди.

Мазкур форумда Президентимиз ёшлар сиёсати билан боғлиқ инқилобий фикрини билдириб ўтганди: «Ёшлар билан ишлаш Давлат Раҳбаридан бошлаб вазиргача, ҳокимдан тортиб маҳалла раисигача — ҳаммамизнинг энг асосий ишимизга айланиши зарур. Бундан буён барча даражадаги раҳбарлар фаолиятига ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш юзасидан амалга оширган ишларига қараб баҳо берилади».

Кеча, 30 июнда ўтказилган навбатдаги Ёшлар форумида биз, халқ вакилларига яна бир муҳим вазифа қўйилди. Яъни, ёшларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, хусусан Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича муовинлари, олийгоҳлардаги тегишли проректорларнинг мақоми, ваколати ва масъулиятини ошириш, иш услубларини ўзгартириш ва мутлақо такомиллаштиришга ҳисса қўшишимиз билдириб ўтилди.

Парламент палаталарида ана шундай мутасадди раҳбарлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва уларнинг ҳисоботларини эшитиб бориш тартиби жорий этиладиган бўлди.

Одилжон ТОЖИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?