Юка НАКАИ: “Ўзбекистонда дўстлар, билим орттириш билан бирга ҳаётдаги ўз мақсадимни ҳам топдим”

Япониянинг олий таълим муассасалари билан имзоланган ҳамкорлик битимларига мувофиқ, Тошкент давлат шарқшунослик институтида 5 нафар япониялик талаба ўзбек тилини ўрганмоқда. Ушбу талабалар қаторида эканимдан ғоятда бахтиёрман.
2019 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб серқуёш Ўзбекистондаман. Тўғрисини айтсам, Тошкентга келган илк кунларим янги курсдошларим мени қандай қабул қилишар экан, нотаниш одамлар орасида қандай яшар эканман дея хавотир олгандим. Бироқ халқингизнинг очиқкўнгиллиги, меҳрибонлиги хавотирларимнинг асоссиз эканини кўрсатди.
Бу ерда ўтаётган ҳар бир кунимиз таассуротларга бой. Тошкентда орттирган янги дўстларимиз билан Чимён тоғларига саёҳат қилиб гўзал табиатдан баҳраманд бўлдик. Самарқандда тарихий ёдгорликларни зиёрат қилиб, кўҳна ва қадимий шаҳарнинг бой мероси билан яқиндан танишдик. Саёҳат давомида дўстларимиз Самарқанд шаҳрининг қадимий обидалари, бозорлари, Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейинги даврда барпо этилган иншоотлару кўчаларни кўрсатди. Улар орасида Регистон майдонининг салобати ҳали ҳам кўз олдимда гавдаланиб туради. Саёҳатлар давомида халқингизнинг бой маданияти, анъана ва удумлари, тарихи ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотларга эга бўлдик.
Тошкент давлат шарқшунослик институтида японшунос талабаларнинг кўплиги жуда қувонарли. Айниқса, таълим муассасасида жорий ўқув йили очилган “Японшунослик” факультети, техник ускуналар ва ўқув материаллари билан таъминланган “Япон филологияси” кафедраси, кафедра қошидаги замонавий кутубхона бу ерда япон тили, адабиёти, тарихи, иқтисодиётини ўрганишга қаратилаётган катта эътибор намунасидир. Ушбу масканда ўтказилаётган маданий тадбирлар, нотиқлик санъати мусобақалари, турли илмий семинарлар профессор-ўқитувчи ва талабаларнинг японшуносликка қизиқишини янада оширмоқда. Иқтидорли ёшларнинг Япония университетларига тажриба алмашиш учун юборилаётгани ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиряпти.
Юртингизда шунга амин бўлдикки, ўзбек ва япон маданиятлари орасида муштарак жиҳатлар кўп. Бу икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Ўзбекистонда яшаб, халқингизнинг меҳнатсеварлиги, заковати, эртанги кунга катта ишонч билан боқишини кўриб, мамлакатингиз келажаги порлоқ эканлигига ишонч ҳосил қилдик.
Университетни битиргач, Ўзбекистон ва Япония муносабатларининг ривожи учун ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман. Ушбу сеҳрли диёрдан дўстлар, билим орттириш билан бирга ҳаётдаги ўз мақсадимни ҳам топдим.
Юка НАКАИ,
Токио чет тиллари университети талабаси,
Тошкент давлат шарқшунослик институти стажёри.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Юракка кўмилар асл шоирлар”
- Мирзо Бобур – буюк империя асосчиси
- Навоий вилоятида 2025 йил «Алишер Навоий йили» деб номланади
- Миллий гвардияга янги ваколат берилди
- Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди
- Президент «Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси» IV халқаро симпозиуми иштирокчиларига табрик йўллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг