Ёзёвонда пахта ҳосилдорлигини 80 центнерга етказиш мақсад қилинган

11:16 22 Сентябр 2025 Жамият
195 0

Яқин йилларгача Марказий Фарғонанинг деҳқончилик учун ноқулай ҳудудида жойлашган Ёзёвон туманида пахта ва ғалла ҳосилдорлиги мақтанарли даражада эмас эди.

Қишлоқ хўжалигидаги кенг қамровли ислоҳотлар самараси туфайли ҳар гектар ғалла майдонидан 100 центнер ва ундан юқори, пахтадан 60-65 центнер ҳосил олаётган фермер хўжаликлари сафи йилдан йилга кенгайиб бормоқда.

Бу йил туманда 4850 гектар ерга пахта экилган бўлиб, унинг 4290 гектари истиқболли хориж навларидир. Жорий йилда туманда 2 минг 405 гектар, яъни умумий майдоннинг 50 фоизини пахта териш машиналари орқали териб олиш режалаштирилган. Айни кунларда 11 та замонавий пахта териш машинаси ёрдамида териб олинаётган ҳосил пешма-пеш сақлаш омборларига етказиб берилмоқда. Мавсум юмушларини ўзаро ҳамжиҳатликда ўтказиш учун 52 йиғим-терим отряди ташкил этилган.

Айтиш жоиз, юқори унумли замонавий пахта териш машиналарининг 8 таси ёзёвонлик фермер хўжаликлари томонидан жорий мавсум олдидан харид қилинди. Ҳозирда ҳар бир машина ёрдамида кунига ўртача 40-45 тонна пахта териб олиниб, 400-450 нафар теримчининг иши бажариляпти.

— Бу йил 148 гектар ерда пахта парваришладик, унинг 100 гектарида хориждан келтирилган истиқболли навдан мўл ҳосил етиштирилди,—дейди тумандаги “Баҳромбек” фермер хўжалиги раҳбари Мирзоҳид Олимов.—Фермер хўжалигимиз тасарруфидаги пахта териш машинаси кўмагида кунига 10-15 гектардаги ҳосил йиғиштириб олинаётир. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, маҳаллий навнинг ҳар гектаридан ўртача 40, Хитой навидан 60-65 центнер ҳосил олинмоқда.

Тумандаги “Мезон” фермер хўжалигида пахтачилик тармоғида ўзига хос тажриба мактаби яратилди. Хўжаликда соҳага илм ва технологиялар билан ёндашув ўз самарасини бериб, ҳосилдорлик ва даромад салмоғи тобора ортиб бораётир.

Фермер хўжалиги раҳбари Воҳиджон Обидовнинг маълум қилишича, бу йил 87,2 гектар майдонга хорижий пахта нави 76 схемада экилди. Шундан 60 гектар майдондаги ғўзалар плёнка остида, томчилатиб суғориш усулида парваришланди. Агротехник тадбирлар вақтида, сифатли амалга оширилди. Пахта далаларида мўл ҳосил етиштирилиб, шу кунларда йиғим-терим ишларига киришилди.

  — Мақсад – ҳар гектар ердан 80 центнердан ҳосил олиш, — дейди фермер. — Далалардаги ҳосил чўғи шундан далолат бермоқда. Яқин истиқболда эса тўлиқ хориж навини экиш, инновация ёрдамида ҳосилдорликни янада оширишни муҳим вазифа сифатида белгилаб олганмиз.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?