"Ёстиқ ости"да қолган пуллар ҳақида билдирилаётган фикрларни тўғри тушуниб, хулоса қилиш зарур

23:32 02 Март 2021 Жамият
457 0

Олий Мажлис Сенати Раиси биринчи ўринбосарининг аҳоли қатламларида 10 миллиард доллар атрофидаги пул "ёстиқ ости"да ижтимоий самара келтирмай ётганлиги ҳақидаги фикри ижтимоий тармоқларда жуда кўп мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Хусусан, айрим фойдаланувчилар томонидан сенатор фикри нотўғри талқин қилиниб, турли-туман изоҳлар билдириляпти. Ваҳолонки, парламент юқори палатаси аъзоси ўз сўзида банк ва молия бозорларимизнинг бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермаслиги оқибатида, биринчи навбатда айнан ўша оддий халқ даромаддан "қуруқ" қолаётганлигини айтган.

Борингки, ўша 10 миллиард долларнинг барчаси амалдору бойваччалар қўлида ёки "ёстиғи ости"да йиғилиб қолган тақдирда ҳам, уларни фоизу даромадлар билан қизиқтириб, бу пулларни реал иқтисодиётга жалб этиш мамлакат банк-молия тизимининг вазифаси эмасми?! Ахир, бу пуллар реал иқтисодиётда айланса, минг-минглаб иш ўрни яратилиб, ўша оддий халқнинг фойдасига хизмат қилмайдими?..

Ўзимизда миллиардлаб пул (валюта) "ёстиқ остида"ми, сандиқлардами, қутилардами, шиша банкалардами, қаерда бўлмасин — иқтисодиётда айланмай, "пўпанаклаб" ётсаю, биз хорижликлардан инвестициялар, қарзлар, кредитлар сўраб юрсак, қайси мантиққа сиғади.

Ижтимоий тармоқлардаги лавҳалардан бирида кўзим тушди — бир одам ёстиғини кўтариб, уни тагида бир неча тангаси борлигини кўрсатиб, сенатор фикрини мазах қиляпти. Ваҳолонки, у аввало, ўзини, қолаверса, бутун халқни мазах қиляпти. Чунки агар банк тизимимиз, молия бозорларимиз жаҳон андозаларига мос ишлаб, одамларни ўша "бир танга"сини ҳам ўз ихтиёрлари билан реал иқтисодиётга жуда қисқа муддатларга бўлса ҳам қўйишдан манфаатдор қила олганда эди, мамлакатимизда камбағаллик даражаси кескин тушиб кетган бўларди.

Мухтасар қилиб айтганда, билдирилаётган фикрларни тўғри тушуниб, хулоса қилсак, мақсадга мувофиқ бўларди.

Замир ХОЛМАХМEДОВ,

иқтисод фанлари номзоди, доцент.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?