Ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этишда қандай муаммолар юзага келмоқда?

18:06 20 Ноябрь 2020 Сиёсат
353 0

Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлиси кун тартибидаги навбатдаги масала – мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этишда юзага келаётган муаммолар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, бутун дунё бўйлаб ҳукм сураётган COVID-19 коронавирус пандемияси инсон саломатлигини сақлашда чиниқиш, иммунитет мустаҳкамлиги қанчалар муҳим аҳамият касб этишини яна бир бор исботлади.

Дори-дармонлар сифатини ва таъсирчанлигини ошириш, вирусга қарши вакцина яратиш каби чоралар ҳам ўз йўлига, лекин соғлом турмуш тарзини кундалик қоидага айлантириш орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш муҳимлигини бугун бутун дунё давлатлари бир овоздан маъқуллади.

Шунинг учун сўнгги йилларда юртимизда аҳолини, айниқса, ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг соғлом ҳаёт кечиришларини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз томонидан 2020 йил 30 октябрда имзоланган «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бунинг ёрқин тасдиғидир.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида туман (шаҳар) ва маҳаллаларда жисмоний тарбия-соғломлаштириш инфраструктураси шакллантирилади. Хусусан, 9146 та маҳаллада 18292 та жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт майдончаси, 204 та туман (шаҳар)да саломатлик ва велосипед йўлаклари бунёд этилади.

Мажлисда Сенат томонидан аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш юзасидан ҳукуматга парламент сўрови юборилгани қанчалар ўринли ва долзарб масала бўлгани алоҳида таъкидланди.

Юборилган сўров Вазирлар Маҳкамасининг Раёсатида муҳокама қилингани ва тегишли чоралар кўрилгани ҳақида маълумот берилди.

Бугунги кунда Республикада мавжуд 51 651 та спорт иншоотларининг бир кунлик машғулотлар ўтказиш қуввати 2,1 млн. тани ташкил этади. Уларнинг 417 таси стадион, 10 863 таси спорт зали, 316 тасини сузиш ҳавзаси, 182 таси отиш тири, 39 841 таси спорт майдончаси, 8 таси отчопар ва 24 таси спорт манежидан иборат.

Ҳудудларда жойлашган очиқ спорт объектлари ҳамда истироҳат боғларида аҳолининг югуриш, юриш, бадантарбия ва бошқа спорт турлари билан шуғулланиши учун 5 447 та маҳаллага 7 905 нафар тренер бириктирилган.

Инвестиция дастури асосида ҳозиргача 68 та спорт иншооти фойдаланишга топширилган. 2020 йилда 44 та спорт иншоотини фойдаланишга топшириш юзасидан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур иншоотларнинг фойдаланишга топширилиши натижасида бир кунда қўшимча 13 493 нафар аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун имкониятлар яратилади.

Карантин даврида аҳоли, хусусан, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган онлайн спорт мусобақаларида 326 000 дан ортиқ аҳоли жалб этилган. Шунингдек, карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда «яшил» ҳудудларда спортнинг 42 та тури бўйича спорт тадбирлари ҳамда бадантарбия машғулотлари йўлга қўйилган.

Мажлисда сенаторлар Президентимизнинг «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини тўлиқ назорат қилиш ҳамда COVID-19 коронавирус пандемияси даврида жорий этилган карантин чекловлари сабабли фаолият олиб бормаган спорт тўгаракларида келгусида қўшимча ўрганишлар ўтказиш ва бунда уларга қанча ёшлар жалб этилгани, мазкур тўгаракларнинг хизмат кўрсатиш нархи аҳоли реал даромадига мувофиқлиги, камбағал оилалар вакилларига спорт машғулотлари учун яратилган имкониятлар ва имтиёзлар каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш масаласи қўшимча ўрганилиб, Сенатнинг 2021 йилдаги ялпи мажлисларида муҳокама этилишига келишиб олинди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?