"Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" Давлат дастури бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда? — сарҳисоб

14:08 27 Июль 2021 Жамият
424 0

Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида 2021 йил мобайнида жами 273 та банд, жумладан жорий йилнинг 1 июлига қадар 126 та банд бўйича чора-тадбирларнинг ижросини таъминлаш назарда тутилган. "Тараққит стратегияси" маркази Ахборот хизмати шу бўйича батафсил маълумот берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 15 июль ҳолатига 99 та банди бўйича белгиланган чора-тадбирлар (шу жумладан, 9 та банд муддатидан аввал) тўлиқ ижро этилган. Қўшимча муддат талаб этган ҳамда шароит ва ҳолатга боғлиқ бўлган 2 та банднинг ижро муддати узайтирилган бўлса, 29 та банд ижроси бўйича тайёрланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва тегишли таклифлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Президенти Администрациясига киритилган. 2 та банд ижроси бўйича эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилган. Шунингдек, 3 та банд ижросини таъминлаш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Давлат дастури доирасида 2 та Ўзбекистон Республикаси Қонуни, 5 та Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарори, 2 та Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарори, 3 та Ўзбекистон Республикаси Президенти фармойиши, 8 та Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони, 24 та Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори ҳамда 24 та Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари қабул қилинган.

Шу билан бирга, 20 та банд бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. 13 та банд бўйича амалий чора-тадбирлар якунланиб, 7 та банд бўйича идоравий ва идоралараро норматив ҳужжатлар тасдиқланди.

Бундан ташқари, Давлат дастури ва унинг доирасида ўтган давр мобайнида салмоқли ва кенг кўламли ишлар олиб борилди. Жумладан:

Ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича

Республика бўйлаб 6 миллионга яқин ғайрати баланд, интилувчан ёшлар иштирокида етуклик ва ҳақиқий ватанпарварлик кўриги бўлган «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида фестиваллар ўтказилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев 30 июнь куни Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида иштирок этди.

Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида илгари сурилган янги ташаббус ва ғояларни амалга ошириш ҳамда Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ қуйидагилар белгиланди:

- 2021 йил август ойида «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган ҳар бир фарзанди учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши;

«Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг давлат олий таълим муассасаларида таълим олаётган фарзандларига 2021/2022 ўқув йилида биринчи ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши;

«Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилалар фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга янги турмуш қураётганида ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилиши;

Ёш оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида ипотека дастури доирасида бошланғич бадал ва фоиз тўловлари бўйича қўшимча 2 мингта ёш оилага уй-жой сотиб олиши учун субсидия ажратилиши;

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб республикадаги олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар учун Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси миқдорида ва ўқиш муддати тугагандан кейин еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатда қайтариш шартлари асосида таълим кредитлари берилиши;

Давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган ёки уларда илмий даража олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаб борилиши;

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб Тошкент шаҳрида Ёшлар бизнес мактаби, 2022 йилдан бошлаб барча ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилиши;

2021 йил 1 октябрдан бошлаб ёшларнинг «Бизнесга биринчи қадам» стартап ғоялари танловларини ташкил этиш ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарда камида уч нафардан ғолибга грантлар бериш амалиёти жорий этилиши;

Энг яхши лойиҳаларнинг ҳар бири учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача грант маблағлари берилиши ва улар 2022-2023 йилларда Давлат бюджетидан 100 миллиард сўм миқдорида қўшимча ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилиши;

2021/2022 ўқув йилидан босқичма-босқич умумий ўрта ва ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида ахборот технологиялари дарслари Кембриж дастури асосида ўтказилишини ҳамда ўқитувчиларнинг ушбу дастур асосида қайта тайёрланиши;

2021 йил якунига қадар барча умумий ўрта таълим мактабларини юқори тезликдаги Интернетга улаш ишларини тўлиқ якунланиши;

2021 йил 1 октябрдан бошлаб ҳар йили ёшларга мўлжалланган бадиий асарлар муаллифларини рағбатлантириш мақсадида «Болалар ва ёшлар учун энг яхши китоб» танловини ташкил этган ҳолда, танловда ғолиб деб топилган муаллифларга биринчи ўрин учун - 100 миллион сўм, иккинчи ўрин учун - 75 миллион сўм, учинчи ўрин учун - 50 миллион сўм мукофот маблағлари ажратилиши белгиланди.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та Фармони, 5 та қарори қабул қилинди.

Коронавирус пандемиясига қарши курашиш тадбирларини самарали ташкил этиш учун 660 минг доза AstraZeneca ва 6,5 млн доза ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси ва 370 минг доза Россиянинг "Спутник-V” вакцинаси етказиб келинди ҳамда шу кунга қадар жами 5,3 млн доза вакцина билан аҳоли эмланди.

Коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўгрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Фармон билан 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол- мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, у билан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатиш белгиланди.

Давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш бўйича

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш бўйича

Мазкур масалада Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши тузилди, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси сифатида қайта ташкил этилди ва уларнинг асосий вазифалари белгилаб берилди.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш бўйича

Олис аҳоли пунктларида, қишлоқ ҳудудларида аҳолининг ҳаёт тарзини яхшилаш, зарур инфратузилмани яратишни назарда тутувчи «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2021 йилда жами 7794 та қишлоқ ва маҳаллада 20,8 трлн сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишни назарда тутувчи параметрлар тасдиқланди.

Давлат бюджетининг шаклланишида фуқароларнинг иштирокини таъминлаш бўйича

Давлат бюджетининг шаклланиши ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнига аҳолини фаол жалб этиш ҳамда жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан 2021 йил май ойидан 14 та туман (шаҳар)да бюджет харажатларининг 5 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш, 2021 йил 1 июлдан жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдорини 10 фоиздан 30 фоизга ошириш, туман ҳокимликлари жамоатчилик фикри асосидаги тадбирларни бюджетдан молиялаштиришга оид маълумотларни ҳар чорак бўйича расмий веб-сайтларига ва «Очиқ бюджет» порталига жойлаштириш белгиланди.

Молиявий бозорларни ривожлантириш бўйича

Вазирлар Маҳкамасининг «Нобанк ва бошқа молиявий ташкилотлар шарҳини шакллантириш бўйича статистик ҳисоботларни юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида» қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор қабул қилиниши халқаро молия институтлари ва хорижий инвесторларни молия сектори ривожланиши ҳолати бўйича тўлақонли статистик маълумотлар билан таъминлаш орқали мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, шунингдек, халқаро рейтинг ва индексларда мамлакат ўрнини янада яхшилашга хизмат қилади.

Мазкур шарҳни шакллантиришнинг йўлга қўйилиши Марказий банк томонидан шакллантириб келинаётган пул-кредит шарҳлари билан биргаликда «Молия сектори шарҳи»ни юритишнинг йўлга қўйилишини ҳамда республика банк-молия тизими статистикасини халқаро стандартлар асосида ягона форматда тўлиқ қамраб олинишини таъминлайди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?