Ёшларни молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади

16:49 01 Июль 2021 Жамият
294 0

Президентимиз Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тарбиялашга қаратилган сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз, деб таъкидлади.

Жумладан, ёшларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида кўпгина тадбирларни айтиб ўтдилар.

Масалан жорий 2021 йилдан бошлаб, бундай иқтидорли ёшлар «Эл-юрт умиди» жамғармаси маблағлари ҳисобидан чет элларда «стажировка» ўтайди. Шунингдек, республикамизда ишлаётган, халқаро нуфузли рейтингларда мингталикка кирган олийгоҳни тугатган ва чет элда илмий иш қилган ёш мутахассисларга қўшимча ҳақ тўланади.

Эътироф этиш жоизки, «Ёшлар дафтари» ва «Ёшлар дастурлари» тадбирлари доирасида олиб борилган амалий ишлар натижасида ўтган 8 ойи мобайнида «Ёшлар дафтари»га кирган 430 минг нафар йигит-қизнинг муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Жумладан, «Темир дафтар»даги оилалар фарзандлари бўлган 2 мингдан зиёд талабанинг контракт пули тўлаб берилган.

Шунингдек, бу йилдан бошлаб, иш берувчиларга уларнинг 25 ёшдан ошмаган ишчи-ходимлари учун ҳисобланган ижтимоий солиқ суммасини бюджетдан тўлиқ қайтариб бериш тартиби жорий қилинди. Натижада жорий йилнинг иккинчи ярмида 170 миллиард сўм, келгуси йилда эса 500 миллиард сўм маблағ 240 минг нафар ёшни ишга қабул қилган тадбиркорлар ихтиёрида қолади.

Айниқса, касб-ҳунар мактаби ва техникумлар ўқувчиларига корхоналарда амалиёт ўтаган даври учун 6 ой давомида 500 минг сўмдан субсидия бериш жорий этилгани, ёшлар ва уларнинг ота-оналар учун катта рағбат бўлди.

Бундан ташқари, ётоқхона билан таъминланмаган 62 минг нафар талабага ойлик ижара тўловининг 50 фоизини бюджетдан қоплаб бериш бошланди.

Президентимиз ёшларни тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги тадбирларга ҳам алоҳида тўхталиб, шу йилнинг ўзида 92 мингдан зиёд ўғил-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун, 2 триллион 300 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилганини, ҳудудларда ташкил этилган 186 та «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари»даги 3 мингта лойиҳа доирасида ёшларимиз учун 50 мингта янги иш ўринлари яратилганини маълум қилдилар.

Маърузада таъкидландики, бу йил мамлакатимизда мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларини қарийб 560 минг нафар ёшлар тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўяди. Шу боис ёшларнинг бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади ҳамда бу борада ҳар ўқув йили якуни билан туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасида битирувчилар бандлигини таъминлашга оид дастурлар қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилади.

Қишлоқларда яшаётган 230 мингдан ортиқ ишсиз ёшларга деҳқончилик билан шуғулланиш учун жорий йилда 61 минг гектар ер майдонлари ажратилди. Шунингдек, ғалладан бўшаган ерлардан яна 75 минг гектари 170 минг нафар ёшларга такрорий экин экиш учун берилди.

Жорий йилда бошлаган ер ислоҳотимиз доирасида пахта ва ғалладан қисқарадиган майдонларда озиқ-овқат экинлари етиштириш учун ерларни 10 йил муддатга ижарага бериш тизими йўлга қўйилади. Шу тариқа вилоят ва туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари учун яна 500 минг нафар ёшларни доимий иш билан таъминлаш имконияти яратилади.

Ёшларга бериладиган имтиёзли кредитлар ва лизинг асосида 50 мингдан зиёд енгил конструкцияли замонавий автосервис, маиший хизмат, чакана савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари барпо этилади.

Ёш оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади – деб таъкидладилар давлатимиз раҳбари.

Жумладан, ипотека дастури доирасида уй-жой сотиб олиш учун ёш оилаларга қўшимча 2 мингта квота ажратилади ва ушбу мақсадлар учун бюджетдан 60 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Мухтасар қилиб айтганда, бу каби эзгу ишлар Учинчи Ренессанс бунёдкорлари бўлган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Эркин ГАДОЕВ,
Олий Мажлис Сенати
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар
масалалари қўмитаси раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?