Ёшлар ва таълим: Беқиёс ўзгаришларнинг амалий ифодаси

09:41 29 Сентябр 2020 Жамият
660 0

Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, фарзандларимизнинг жаҳон андозалари даражасида замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, уларнинг қобилият ва истеъдодини, интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат ва фидойилик туйғуларини юксалтириш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Давлат сиёсатининг асосий бўғини бўлган ёшлар ва уларнинг таълим-тарбиясига доир масалалар янада долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Чунончи, ёшлар тарбияси ва камолотида таълим муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, узлуксиз таълим, касб-ҳунарни ривожлантиришга эътибор йигит-қизларнинг жамиятда муҳим ўрин эгаллашлари учун кўмак беряпти.

Алоҳида қайд этиш лозимки, пандемия туфайли таълим соҳаси ҳам катта синовларга дуч келди. Онлайн дарслар ташкил этилди, фарзандларимиз таълим-тарбиядан узилиб қолмаслиги учун мураккабликларга қарамай муҳим чоралар кўрилди.

Яқинда Президентимиз томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунининг асосий мақсади ҳам ҳар қандай шароитда таълим соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, ёшларнинг билим олиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилиш ҳисобланади. Қонуннинг янги таҳририда таълим ва тарбияга миллий ҳамда умуминсоний қадриятларнинг сингдирилганлиги принциплари қайд этилган.

Қонунга мувофиқ, таълим турлари қуйидагилардан иборат:

· мактабгача таълим ва тарбия;

· умумий ўрта ва ўрта махсус таълим;

· профессионал таълим;

· олий таълим;

· олий таълимдан кейинги таълим;

· кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

· мактабдан ташқари таълим.

Қонунга кўра, давлат олий таълим, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, шунингдек, давлат иштирокидаги олий, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари Президент ёки Ҳукумат қарорлари билан ташкил этилади.

Нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш уларнинг таъсисчилари томонидан амалга оширилади.

Нодавлат таълим ташкилотларига лицензия Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилади.

Узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган тизим билан боғлиқ муаммолар босқичма-босқич ҳал этиляпти. Биргина олий таълим тизимида охирги уч йил давомида амалга оширилган ишлар хусусида тўхталсак. Республикада 45 та янги олий таълим муассасалари, жумладан, 30 та маҳаллий ва 15 та хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари фаолияти йўлга қўйилиб, олий таълим муассасалари сони 125 тага етказилди. 22 та хорижий давлатларнинг 104 та етакчи олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари жорий этилди. Ёшларни таълим билан қамраб олиш даражаси 25 фоизга етказилди. Халқаро илғор тажрибалар асосида профессионал таълим тизимини такомиллаштириш, бошланғич, ўрта ва ўрта махсус, профессионал таълим босқичлари ва уларга мувофиқ таълим муассасалари турлари, вариатив ва узлуксиз касбий таълим дастурлари тизими киритилди.

Қонуннинг янги таҳрирдаги намунасини ишлаб чиқиш жараёнида халқаро тажриба ўрганилиб, ривожланган давлатларнинг самарадор услублари миллий таълим тизимимизга жорий этилиши инобатга олинди. Соҳа ва тизимда сақланиб қолинаётган ва ҳал қилиниши зарур бўлган муаммолар ва масалалар ҳам атрофлича ўрганилди. Буларнинг барчаси таълим сифатини оширишга қаратилгандир.

«Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз — ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат» деган эди Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида. Ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида замонавий, илғор-инновацион шарт-шароитларни яратиб бериш учун Ўзбекистон бор куч ва имкониятларини ишга солмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон бошқа давлатларни ҳам ҳамкорликка чорламоқда. Шу боис давлатимиз раҳбари БМТнинг 75-сессиясида сўзлаган нутқида август ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Самарқанд халқаро форуми ўтказилганини эслаб, жаҳон ҳамжамиятини Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенцияси қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилиниши кутилаётган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси жаҳон миқёсида ёшлар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Ўз-ўзидан бу ташаббус маҳсули таълим тизимига ҳам ўзининг ижобий таъсирини ўтказмай қолмайди.

Гулшана ХУДОЁРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?