Ёшлар парламентининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди

15:01 30 Июль 2020 Жамият
357 0

Бугун, 30 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламентининг видеоконфренсалоқа тарзида биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида Сенат ҳузурида Ёшлар парламенти ташкил этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Ёшлар иттифоқи тавсиясига асосан Сенат Кенгаши томонидан Ёшлар парламенти аъзолари тасдиқланди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев Ёшлар парламенти аъзоларини самимий қутлаб, турли йўналишларда Ватанга садоқат билан ишлаётган, таълим олаётган, ташаббускор, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга, кенг дунёқараш ва чуқур билим ҳамда лидерлик салоҳиятига эга ўғил-қизлар ушбу тузилмадан жой олганини таъкидлади.

– Елкангиздаги улкан масъулиятни чуқур ҳис қилиб, билдирилган юксак ишончни оқлашингизга, юртимиздаги миллионлаб ёшларнинг юқори палатадаги муносиб вакили бўлишингизга ишонамиз, – деди Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Б.Сайфуллаев. – Мамлакатимизда сўнгги йилларда ёшлар нафақат эртанинг бунёдкори, балки бугуннинг ҳал қилувчи кучи сифатида ўзларини намоён қилишлари учун кенг имкониятлар яратилди. Ёшлар парламентининг комиссиялари Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус асосида йўналишларга ажратилган. Ишонамизки, Комиссиялар аъзолари ўзлари масъул бўлган йўналишда бешта муҳим ташаббуснинг чинакам халқ ҳаракатига айланишига ҳам муносиб ҳисса қўшадилар. Ёшлар парламенти ўғил-қизларимизнинг ўз фикрларини баралла айтиши учун юксак минбар бўлишига ишонч билдирииб, уларнинг ҳар бири ўз ҳудудидаги ёшларга тегишли муаммоларини ўрганиб, сабабларини аниқлаб, ечимлари юзасидан таклифлар ишлаб чиқади. Бу борада уларга куч-қувват тилайман.

Тадбирда кун тартибидаги масала – Ёшлар парламенти раиси лавозимига Муҳаммадюнусова Моҳистара Муҳаммадилхом қизи номзоди кўриб чиқилди.

Моҳистара Муҳаммадюнусова 1995 йил Андижон вилояти Марҳамат туманида таваллуд топган. У БМТнинг юксак минбарларида дадил чиқишлар қилган шижоатли ёшлардан бири, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент шаҳридаги Вебстер (Webster) университетида таҳсил олган. Шу билан бирга, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши инглиз тили бўйича тренер координатори, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти методик таъминот бўлими бош мутахассиси, ушбу институтнинг илмий бўлими бош илмий ходими, Республика «Қизлар овози» клуби бош координатори бўлиб фаолият юритган. Шунингдек, Стенфорд университетида ташкил этилган «Халқаро аёллар саломатлиги ва инсон ҳуқуқлари» курси тингловчиси ҳам ҳисобланади.

Муҳаммадюнусова Моҳистара Муҳаммадилҳом қизи Ёшлар парламенти раиси сифатида бир овоздан маъқулланди.

Мажлисда Ёшлар парламенти раиси ўринбосари – комиссия раисларини ва Ёшлар парламенти котибини сайлаш, Ёшлар парламенти Регламенти ҳамда иш режаси лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва бошқа ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?