Ёшлар маънавияти юрт келажагини белгилаб беради

13:03 16 Июнь 2021 Жамият
300 0

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва тизим-ташкилотлари ёшлари ўртасида мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги муносабати билан «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида «Йилнинг энг фаол ёш ходими» кўрик танловининг Республика босқичи ўтказилди.

Маълумки, мамлакатимизда ёшларнинг дунёқарашини шакллантиришда маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашга нисбатан давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бугунги кунда бутун дунёда ғоявий-мафкуравий курашлар кескин давом этаётган, маънавий таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги даврда ёшлар ўртасида миллий қадриятларга беписандлик, зарарли ёт ғоялар таъсирига берилиш, жиноятчилик ва экстремизм ҳаракатларига адашиб қўшилиб қолиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида мамлакатимизда ёшлар орасида толерант дунёқарашни шакллантириш мақсадида маънавий-маърифий ишларнинг таъсирчанлигини ошириш, маънавият соҳасидаги ички ва ташқи таҳдид ҳамда хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, жамиятда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашда давлат органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамиятга эга.

«Йилнинг энг фаол ёш ходими» кўрик танлови Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида Ёшлар ойлиги доирасида барча давлат бошқарув органларининг ёш фаол ходимлари ўртасида ўтказилиши белгилаб берилган эди. Ушбу танловни юқори савияда ўтказиш мақсадида Агентлик томонидан Низом ишлаб чиқилди ва Бош директор буйруғи билан Ҳакамлар ҳайъати таркиби тасдиқланди.

Мазкур танлов дастлаб вилоятлардаги ҳудудий филиаллар, тизим ташкилотлари ўртасида ташкил этилиб, унда ўнлаб изланувчан, иқтидорли ва ўз касбини севадиган мутахассислар иштирок этдилар. Таъкидлаш лозим, танловда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятлари ҳудудий филиаллари ёшлари ҳам ўзларининг ғоялари билан беллашдилар. Ҳудудий ҳамда тизим ташкилотларида ғолиб бўлган энг ёш фаол ходимлар танловнинг республика босқичига йўлланма олдилар.

Танловнинг республика босқичида Ўзбекистон миллий метрология институти билан Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази ёшлари турли шартлар бўйича беллашдилар.

Танловнинг бешта шартида танлов иштирокчилари ўз маҳоратларини кўрсатдилар. Айниқса, Миллий метрология институти Вахобжон Нишонов биринчи шартда ўзини таништирар экан, у меҳнат фаолиятида ташқари фермер хўжалигида гилос етиштириш билан шуғулланиши, ота касбини давом эттириб сартарошлик қилиши, бадиий адабиёт ва спортга бўлган қизиқиши, танишувни акс эттиришда видеороликлардан фойдаланиши Ҳакамлар ҳайъатида алоҳида қизиқиш уйғотди ва юқори баҳоланди. У «Менинг ғоям» консепциясини баён этиш жараёнида унинг ғояси бўйича ҳамкорлик қилаётган республикамизнинг соҳа бўйича етук олимлари қаторида чет эллик олимлар ҳам ўз фикрлари билдирдилар.

Ваҳобжон Нишонов бугунги кунда тиббиётнинг энг долзарб мавзуларидан бири ҳисобланган «Тиббиёт соҳасида ўлчашлар аниқлигини ошириш (Тиббиёт метрологияси)” лойиҳаси билан «Менинг ғоям» концепциясини тақдим қилди.

Қизғин мунозаралар руҳида ўтган кўрик-танловда Ўзбекистон миллий метрология институти ходими Ваҳобжон Нишонов биринчи ўринга, Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази ходими Мавлонжон Мансуров эса иккинчи ўринга лойиқ деб топилди.

Қисқача Ваҳобжон ҳақида гапирадиган бўлсак, у Ўзбекистон миллий метрология институтининг ёш мутахассиси, изланувчан, иқтидорли ва ўз касбини севадиган метролог ҳисобланади. У 1992 йилда Андижон вилояти, Балиқчи туманида туғилган, 2018 йил Андижон машинасозлик институтининг «Метрология, стандартлаштириш ва сифатни бошқариш» мутахассислиги бўйича магистратурани тамомлаган.

Ваҳобжон Нишонов 2017 йилдан «Андижон синов ва сертификатлаштириш маркази» давлат корхонасининг Менежмент тизимларини сертификатлаштириш идорасида мутахассис лавозимида меҳнат фаолиятини бошлаган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон миллий метрология институтининг «Радиотехник катталиклар, ионловчи нурланишлар ва путур етказмасдан текшириш» бўлимида 1-тоифали мутахассис лавозимида ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Ёш метролог Ўзбекистон миллий метрология институти ва Халқаро атом энергияси агентлиги билан ҳамкорликда олиб борилаётган «Ўзбекистон Республикасида иккиламчи эталонлар дозиметрия лабораториясини яратиш» лойиҳасини амалга оширишда мазкур лабораторияда халқаро методлар асосида калибрлаш фаолиятини жорий этишда иштирок этиб келмоқда. Бунинг натижасида ионловчи нурланишларни ўлчаш лабораторияси платформасида «Иккиламчи эталонлар дозиметрия лабораторияси» ташкил этилмоқда.

У Тошкент давлат техника университети, Тиббиёт муҳандислиги кафедрасида мустақил изланувчи (PhD) сифатида ўз илмий ишини олиб бормоқда.

Ҳозирда Ваҳобжон ўзи фаолият олиб бораётган бўлимда калибрлаш ишларини кенгайтириш, хорижий миллий метрология институтларининг калибрлаш методикаларини ўрганиш ҳамда менежмент тизимлари ҳужжатларини жорий этиш бўйича менежер вазифасини ҳам бажариб келмоқда. Унинг Ш.Мўминов билан ҳаммуаллифлигида инглиз тилидаги “Metrological support system in the field of health care of the Republic of Uzbekistan” номли илмий мақоласи, Испаниянинг European Journal of Research Development and Sustainability да чоп этилган. Ш.Исматуллаев билан ёзган яна бир илмий мақоласи «Электрокардиографлар, электрокардиоскоплар ва электрокардиоанализаторлар қиёслаш усуллари ва воситалари» деб номланиб, юртимиздаги “Scientific Progress” илмий журналида чоп этилган.

У қисқа вақт мобайнида жамоада ўзини тиришқоқ, масъулиятли, билимдон мутахассис сифатида кўрсатди. Касбдошлари билан яхши, самимий алоқалар ўрнатган, ахлоқ-одоби, меҳнатсеварлиги, жамоат ишларида фаоллиги, масъулиятлилиги билан институтда ҳурмат қозонган.

Дарҳақиқат, ёшларнинг дунёқарашини шакллантириш бу уларнинг эртанги келажаги учун замин яратишдир. Чунки биз уларнинг илғор, замонавий дунёқарашга ўргатамиз. Уларни бирор муаммони ҳар томонлама ўрганиш ва таҳлил қилишга ўргатамиз. Масаланинг энг муҳим жиҳати худди шу йўл билан ёшларни ҳар қандай «фобия»лардан сақлай оламиз. Шу нуқтаи назардан ҳам бундай танловларнинг ўтказилиши ёшларни ўз устиларида ишлашга, ижодкорликка, изланишга ва янгича ғоялар асосида меҳнат қилишга ундаши билан аҳамиятлидир.

Наибахон Мамадалиева,
Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш Агентлиги
Маънавий-марифий ишлар самарадорлигини ошириш,
«Давлат тили тўғрисидаги»ги Қонун ҳужжатларига
риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича
Бош директор маслаҳатчиси,
филология фанлари доктори, профессор

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?