Ёшлар ишлари агентлиги ёшлар учун қай тартибда грант ва субсидия ажратмоқчи?

12:57 21 Январь 2021 Иқтисодиёт
1167 0

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлашга оид қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳада келтирилишича, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан грант ва субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Агентлиги қуйидаги йўналишлар бўйича грантлар ва субсидиялар ажратади:

ёшларга оид дастурлар, лойиҳалар ва илмий-тадқиқот ишларини молиялаштириш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш;

мамлакатимизда бешта муҳим ташаббусни кенг жорий этиш;

ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини амалга ошириш;

ёшлар саломатлигини муҳофаза қилиш ва улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш;

ёшларнинг ижтимоий заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш;

ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш;

ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш;

ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ бошқа йўналишлар.

Агентлик томонидан грант ажратиш тартиби қуйидагича:

Агентлик грант ажратиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, электрон оммавий ахборот воситаларида ҳамда Агентликнинг интернет тармоғидаги расмий веб-сайтида танлов ўтказилиши ҳақида танлов ўтказилишидан камида 30 кун олдин эълон жойлаштиради.

Танловда иштирок этиш учун ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар Агентликка талабгор ташкилотлар томонидан бевосита, почта орқали ёки электрон кўринишда тақдим этилиши мумкин.

Талабгор ташкилотлар томонидан танловга тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати ва шакли, тақдим этилган ҳужжатларни қабул қилиш ва Жамоатчилик кенгашига йўналтириш тартиби Жамоатчилик кенгаши томонидан белгиланади.

Танлов ғолиби Жамоатчилик кенгаши томонидан танловга тақдим этилган лойиҳаларни кўриб чиқиш, умумлаштириш ва уларни баҳолаш натижаларига кўра аниқланади.

Жамоатчилик кенгаши қарорига мувофиқ грант ажратишга тавсия этилган лойиҳалар молиялаштириш учун Агентликка юборилади.

Агентлик Жамоатчилик кенгашининг ижобий қарори нусхаси келиб тушган кундан эътиборан:

уч иш кунида грант олувчиларнинг рўйхатини Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштиради;

ўн беш иш кунида грант маблағини ажратиш тўғрисидаги икки томонлама шартнома лойиҳасини тайёрлайди;

шартнома имзоланган пайтдан бошлаб бир ой муддатда дастлабки молиялаштиришни амалга оширади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?