Ёшлар фестивали сурхондарёликларда унутилмас таассурот қолдирди

20:19 20 Июнь 2022 Жамият
203 0

Фото: Халқ сўзи

Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар кўмагида «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» фестивали ташкил қилинди.

Тадбир доирасида адиб Собир Термизий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ўтган «Ёш китобхон» танловида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар иштирок этди. Унда шаҳар ва туманлардан бир нафардан, жами 15 нафар иштирокчи тест ва савол-жавоблар орқали ўз билимини синовдан ўтказди. Шунингдек, «Беш ташаббус спартакиадаси», «Заковат» интеллектуал ўйини, «Жануб зукколари» телебеллашуви ҳамда «Китоблар карвони» каби бир-бирига уланиб кетган тадбирларда ёшлардаги жўшқинлик, кўтаринкилик яққол намоён бўлди.

Бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернетида ўтказилган ёш бахшилар кўрик-танловида «Энг ёш бахши», «Энг яхши достон ижрочиси», «Энг яхши куй ижрочиси», «Энг яхши терма ижрочиси» номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди ва муносиб рағбатлантирилди.

Шу куни уюштирилган меҳнат ярмаркаси туфайли «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари»га киритилган оилалар фарзандлари, ўнлаб йигит-қизлар доимий иш ўрнига эга бўлди.

Фестиваль давомида дўппи, дўмбира ва бошқа миллий қадриятларимизни тарғиб қилувчи кўргазмалар, театрлаштирилган томошалар, фольклор-этнографик жамоалар репертуарлари, спорт турлари бўйича маҳорат сабоқлари, кўргазмали чиқишлар ҳамда миллий таомлар танлови иширокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Термиз шаҳридаги муҳташам санъат саройида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ёшлар билан учрашди. Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот чоғида йигит-қизлар илм-фан, санъат ва адабиёт соҳаларида эришаётган ютуқлари ҳақида сўзлаб беришди.

Учрашувда кам таъминланган, қийин шароитда яшаётган оилалар фарзандлари бўлган, шунингдек, энг билимли, изланувчан талаба-ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг бир гуруҳига контракт пулини тўлаб бериш имтиёзини берувчи махсус сертификатлар топширилди.

— Фестиваль тадбирлари қамров ва кўлами жиҳатидан вилоят ёшларининг катта қисмини ўз атрофида бирлаштира олди, —  дейди Ёшлар ишлари агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Жамшид Чориев. — Ҳар қандай жамият равнақи ва тараққиётини таъминлашда ёшлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида ўтказилган тадбирлар биз бирлашсак, катта куч, улкан имкониятларга эга бўлишимизни амалда кўрсатди.

Фестиваль таниқли эстрада хонандалар иштирокидаги гала концерт билан якунланди.

Илҳом Раҳматов,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?