Ёшлар билан ишлаш – ҳаёт-мамот масаласи

10:47 31 Октябр 2024 Жамият
78 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Ҳар бир даврда ёшлар билан ишлаш муҳим масала ҳисобланган. Зеро, аждодлар томонидан мерос бўлиб келаётган юртнинг тақдири мана шу авлодлар қўлида. Шу боис уларнинг ҳаётда ўз йўлини топиши, жамиятдаги фаоллигини таъминлаш борасида барча чора-тадбирлар қўлланилади.

Бугунги кунда республикамизда ёшларни қўллаб-қувватлашга бўлган эътибор ҳар доимгидан ортган. Жорий йилнинг 12 январь куни Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда ёшлар билан ишлаш ҳаёт-мамот масаласи эканлиги таъкидланиб, ёшларни ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органларига оталиққа бириктириш ҳамда улар билан тизимли ишлаш юзасидан қатор вазифа, топшириқлар белгилаб берилиши бунга мисолдир.

Ана шу топшириқлар ижросини таъминлаш Андижон вилоятидаги 909 та маҳаллада яшовчи 301 минг 279 нафар ёшлар ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органларига секторлар кесимида тақсимлаб берилди. Шундан сўнг ҳар бир йигит-қиз билан алоҳида суҳбатлашиб, уларнинг муаммолари ва эҳтиёжлари ўрганилди. Натижада оталиққа олинган ёшларнинг 219 минг 962 та таклиф ва муаммолари аниқланди. Уларни ўрганиш, ижобий ечимини таъминлаш учун салкам икки минг нафар масъуллар бириктирилди. Шундан сўнг ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатиш, турли танлов ва лойиҳаларга жалб қилиш орқали ёшларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш ишларига киришилди.

— Бугунги ёшлар жуда зеҳнли, зийрак, тиришқоқ, — дейди Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-майор Ойбек Саидов. — Уларнинг мақсади юксак. Шунчаки амалий ёрдамга муҳтож, холос. Бу моддий кўринишда бўладими ёки маънавий, бундан қатъи назар, озгина эътибор берилса ҳаётда ўз ўринларини топиб кетиши аниқ. Шу боис ҳарбий хизматчилар томонидан 400 нафардан зиёд оталиққа олинган андижонлик ёшлар билан алоҳида ишламоқдамиз. Уларнинг жамиятдаги фаоллигини таъминлаш учун аввало, оиласидаги ўрнини белгилаб беришга, унга муносиб бўлишини таъминлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Натижада юзлаб ёшларни доимий даромад манбаига эга қилиш, айримларини касб-ҳунарга йўналтириш, баъзиларининг эса таълим олишини таъминлаш ишлари йўлга қўйилди.

Биз одатда ёшларни қўллаб-қувватлаш, деганда моддий жиҳатдан кўмакни тасаввур қилиб ўрганиб қолганмиз. Аслида моддий таъминоти яхши бўла туриб, масъулларнинг ёрдамига муҳтож йигит-қизлар ҳам йўқ эмас.

— Куни кеча «Янги Андижон» массивида вилоят ҳокими иштирокида ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди, — дейди Андижон туманида фаолият юритувчи якка тадбиркор Олимжон Айсаров. — Унда оталиққа олинган ёшлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, тайёрланган ҳунармандчилик буюмлари, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ижодий ва амалий санъат намуналари кўргазмаси ташкил этилди. Бу шунчаки кўргазма бўлиб қолмай, ёшларга бўлган эътиборнинг амалий ифодаси бўлди, десам, хато бўлмайди. Боиси, шу ернинг ўзида ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотини харидорга етказиш каби масалалар муҳокама қилиниб, аниқ вазифалар белгилаб олинди. Шахсан мени ҳам шу масала қийнаб келаётган эди. Хонадонимда мебель ишлаб чиқаришни йўлга қўйдиму, уни сотиш масаласидаги уқувсизлигим туфайли даромад топишга қийналиб келаётгандим. Ҳозирда соҳага доир катта тажрибага эга бўлган устозлар ёрдамида харидор эҳтиёжи ва бозор тамойиллари йўналишларида тажриба тўпламоқдаман.

Сир эмаски, касб-ҳунарга эга бўлмаган ёки ўз йўналиши бўйича муносиб иш топа олмаган аксарият ёшларимиз турли давлатларда, айниқса, Россия ва Қозоғистон мамлакатларида ёлланма ишчи вазифасини ўтамоқда. Хорижда даромад топишнинг айби йўқ, бироқ ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож ҳолатда фаолият юритиш ачинарли, албатта! Бу муаммонинг ягона ечими уларни ўз юртида даромадга йўналтиришдан иборатдир.

Бўстон туманидаги «Маданият» маҳалласида яшовчи Баҳодир Тошалиев ҳам бир неча йиллар давомида Россия ўлкаларида меҳнат қилди. Оиласидан узоқда даромад топишнинг ўзи бўлмади. Бундан хабар топган туман адлия бўлими ходимлари уни оталиққа олди.

— Ҳудудимизда иш ўринлари мавжуд бўлмаганлиги боис асосий даромадни томорқадан оламиз, — дейди Б.Тошалиев биз билан суҳбатда. — Шу боис адлия ходимлари мени қўлда бошқарилувчи моторли култиватор билан таъминлашди. Бу нафақат, мен учун, балки маҳалладошларимиз учун ҳам айни муддао бўлди. Боиси, томорқаларга техник воситалар кира олмаслиги боис ҳайдов ишлари қўлда амалга оширилаётган эди. Эндиликда бир кунда 5-6 та оиланинг томорқасини ҳайдаб бериш эвазига 600-700 минг сўм маблағ ишлаб топмоқдаман. Бундан кейин бошқа мамлакатларга бориб ишлашимга ҳам ҳожат қолмади.

Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Болалигимизда ўзимизнинг боғимиз бўлар эди. Бир куни отам ёнига чақириб, катта дарахтлар орасида кўкка бўй чўзаётган ниҳолни кўрсатди.

— Буни қарагин, у катта дарахтларнинг эътиборига муҳтож, — деган эди отам. — Агар икки ёнидаги дарахтлар унга офтоб нуридан баҳраманд бўлишига имкон берсалар эртанги кунидан умид бор, акс ҳолда нобуд бўлади.

Энди билсам фарзандларимиз ҳам ана шу ниҳол каби ён-атрофдагиларнинг ёрдамига, эътиборига муҳтож экан. Уларни тўғри йўналтирсак бир кун келиб бизни ҳам кўзлаган манзилимизга тўғри элтади. Тескариси бўлса ўзимиздан ўпкалаганимиз маъқул... Масалага шу жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, давлатимиз раҳбари асос солган ташаббус тез орада ижобий натижасини бериши, шубҳасиз. Зеро, бугун эътибордан, амалий кўмакдан бебаҳра қолган йигит-қизнинг ўзи йўқ, десак, муболаға бўлмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?