Ёш дипломатлар билан учрашув

17:19 01 Июль 2022 Жамият
706 0

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида тизимда фаолият юритаётган ёш дипломатлар ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон» боғида Ёшлар кунига бағишланган тантанали тадбирдаги нутқи жонли эфирда намойиш этилди.

Ёш авлод вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда янгиланишларнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Бу масала мунтазам тарзда давлатимиз раҳбарининг диққат марказида бўлиб, айнан ёшлар «Учинчи Ренессанс» ва Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари эканлиги нутқда ҳам алоҳида таъкидланди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимида меҳнат қилаётган ёш кадрлар сони барқарор ўсиб, улар мамлакатимиз манфаатларини жаҳон майдонида самарали илгари суриш, хорижий шериклар билан жадал ҳамкорликни амалга ошириш, чет элдаги Ўзбекистон фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича Вазирликка юклатилган вазифаларни сифатли амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов вазирликда ёш авлод вакилларининг интеллектуал, маънавий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун барча шарт-шароитларни яратиш бўйича ишлар изчил давом эттирилишини маълум қилди. Шу билан бирга, ТИВ раҳбари ёш мутахассисларни доимий равишда ўз устида ишлаш, билим, тажриба ва малакаларини орттиришга интилиш, инновацион иш усулларини жорий этишга чорлади.

Учрашув доирасида ТИВ Марказий аппарати ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида фаолият юритаётган қатор ёш дипломатларни ўз хизмат вазифаларини муваффақиятли ва виждонан бажаргани, жамоатчилик ҳаётида фаол иштирок этгани учун тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер