Ёриқ маҳалласидаги ёруғ кунлар

18:01 15 Май 2025 Жамият
210 0

Отабек ИСРОИЛОВ/«Халқ сўзи». «Халқ сўзи» газетасининг 2025 йил 28 февралдаги 42-сонида «Маҳалла идораси қаерда?» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинганди. Бу олийҳиммат тадбиркорлар назарига тушиб, ўз маҳаллалари идоралари билан танишишга имконият яратди. Ўрта Чирчиқ туманидаги Ёриқ маҳалласида эзгу ишлар бошланиб, идора биноси янги қиёфа касб этди. Маҳаллада жойлашган 518 та хонадондаги 627 та оилада 2276 киши истиқомат қилади. Демакки, асосан, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиб, томорқаларини яшнатиб қўйган аҳолига хизмат кўрсатиш учун «маҳалла еттилиги»га қулай шароит зарур.

Маҳалла идорасига киришдан аввал ёриқлик «еттилик» фаолиятига қисман тўхталсак. Ахир, қулай шароит бўлмасада, режадагидек ишлаш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Ўтган вақтда маҳалладаги эҳтиёжманд оилалар вакиллари ва ишсиз ёшларнинг 103 нафарига 30-50 сотихдан ер 30 йил муддатга фойдаланиш учун берилди. Пировардида, аҳоли бандлиги ҳамда доимий даромади таъминланди. Улар бугунги кунда далаларда фасол, жўхори, картошка каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан машғул.

Яқинда фуқаролар йиғини раислигига сайловда ёриқликлар кўп йиллик тажрибага эга бўлган халқ таълими фахрийси Рустам Ҳошимовнинг номзодини яна бир овоздан қўллаб-қувватлади. «Маҳалла еттилиги» фаолият кўрсатаётган бино колхознинг собиқ идораси эди. У 1983 йилда қурилган. Орадан ўтган 20-30 йил давомида қаровсиз ётган бино маҳалла идораси тасарруфига ўтказилгач, бу ер таъмирланди, ранг берилди. Бироқ йиллар етказган оҳорни қайта тиклаш учун етарлича маблағ ва ҳафсала керак эди.

Олийҳиммат тадбиркор Абдурашид Раззоқов ҳомийлигида маҳалла идораси биносининг олтита хонаси, иккита катта даҳлизи қайта таъмирланди. Жумладан, бинонинг том қисми учун 300 дона шифер ёрдамида ёғин-сочин кунлардаги масала ҳал этилди. Замонавий эшик ва ромлар олиниб, «маҳалла еттилиги» жамоасининг ҳар бири учун алоҳида хоналар замонавий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди.

— Икки қаватли шундай катта бинони таъмирлаб берган тадбиркорнинг бу хайрли иши бошқаларга ўрнак ва намуна. Шинам, замонавий ва ёруғ хоналар ёриқлик ҳаётини янада яхшилаш йўлидаги хизматимизда ҳам ёруғликларни етаклаб келса, шунга имкон берса, неажаб! Бунинг учун маҳалладошимиз Абдурашид Раззоқовдан миннатдормиз! Ишига ривож тилаймиз, — дейди Ёриқ маҳалласи раиси Рустам Ҳошимов.

Оқсоқолнинг сўзларини маҳалладаги ёшлар етакчиси Ойбек Очилов давом эттирган ҳолда саховатли тадбиркорлар номлари бир-бир эслаб ўтди.

— Маҳалламизда Нуриддин Исматиллаев, Нуриддин Бозоров, Жамолиддин Исматиллаев, Дилмурод Неъматиллаев, Жасур Мирзаалиев сингари тадбиркорлар ҳомийлигида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилиб келинади, — деди Ойбек Очилов.

Ёриқ маҳалласидаги ёруғ кунлар анча аввал бошланганди. Эндиликда эзгуликнинг бу нурларидан маҳалла идораси ҳам мунаввар бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер