Ёниқ сўзи барҳаёт шоира

18:32 19 Май 2022 Жамият
474 0

Фото: Халқ сўзи

Шоирлар борки, улар ҳаёт бўлмасада, онгу шууримизда чуқур из қолдирган тирик сатрлари билан орамизда юргандек, ёнимизда тургандек гўё. Шу маънода Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ўзининг ёниқ сўзи, ўтли сатрлари билан ҳамиша халқ билан бирга, юртимизнинг ардоқли фарзанди сифатида доимо эъзоздадир. Бу юксак ҳурмат, иззат-эҳтиром атоқли ижодкоримиз таваллудининг 75 йиллигига бағишланган адабий-бадиий тадбирларда ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Ҳалима Худойбердиева Боёвут туманидаги Тараққиёт қишлоғида туғилган ва вояга етган. Бундан бир неча кун аввал унинг таваллуд санаси ушбу манзилда ҳам кенг нишонланди.

Сана муносабати билан Гулистон шаҳрида ўтказилган тадбирлар эса Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабидан бошланди. Меҳмонлар унинг шеърлари асосида яратилган ўлмас тароналар остида кутиб олинди. Ҳалима Худойбердиева ҳайкали пойига гуллар қўйилиб, хотираси эъзозланди.

Мактабдаги шоиранинг ҳаёти, ижоди ва меҳнат фаолиятини акс эттирувчи музейда эътиборни тортувчи қимматли экспонатлар бор. Масалан, улардан бири «Муқаддас аёл» шеъри учун берилган «Азиз ва муқаддассан, Аёл ” мукофотининг статуэткаси. Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида ўтказилган адабий-бадиий тадбирда ушбу шеър асосида яратилган қўшиқ ижросида залдаги барча томошабин жўр бўлганидан ҳам аёнки, Ҳалима Худойбердиева қолдирган адабий мерос халқимизнинг севимли сўзига айланган.

— Атайин ушбу тадбирларда иштирок этиш учун келдим, — дейди тожикистонлик журналист Мирзаолим Қаршиев. — Ҳалима Худойбердиеванинг ижоди Тожикистонда ҳам севиб ўқилади. Мушоираларимиз унинг шеърларисиз ўтмайди.

Бинобарин, тадбир меҳмонлари таркибида пойтахтлик меҳмонлар билан бирга бошқа вилоятлардан келган ижодкорлар, Ҳалима Худойбердиева шеърияти ихлосмандлари ҳам кўп бўлди. Навоий вилоятидаги «Ёш ижодкорлар» тўгараги бир гуруҳ аъзоларининг Сирдарё вилояти маркази ва ижод мактабига саёҳати айни тадбир вақтига тўғри келгани ҳам шунчаки эмас.

— Мазкур тадбирдаги иштирокимиз шогирдларимизга Ҳалима Худойбердиева ҳаёти ва ижодини янада чуқур ўрганиш учун жуда яхши имконият бўлди, — дейди навоийлик ижодкор Шойим Шерназар. — Айниқса, ўқувчиларимиз халқ шоиримиз номидаги мактаб музейидан ўзларига кўплаб маълумотлар олдилар.

Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида ўтказилган адабий-бадиий тадбирда ижодкорлар, шоиранинг яқинлари, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқди. Таниқли санъаткорлар томонидан Ҳалима Худойбердиева шеърларига басталанган қўшиқлар ижро этилди ҳамда саҳна кўринишлари намойиш қилинди.

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев иштирок этди.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер