«Ёмон» ота-оналарга ҳам қонун борми? Ёхуд Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежида бир кун

18:24 25 Январь 2021 Жамият
1033 0

Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежида вояга етмаган, хулқи ва саломатлигида нуқсони бор 47 нафар қиз тарбияланмоқда. Ҳа, урғу таълимдан ҳам кўпроқ тарбияга қаратиладиган масканда аянчлилиги жиҳатидан бири-биридан қолишмайдиган, аммо илдизи бир нуқта – оилага бориб тақаладиган 47 та тақдир яшамоқда.

Нега ҳали ўн саккизга ҳам кирмаган ўсмир қизлар болаликнинг соф, беғубор ҳавосидан тўйиб сипқориш ўрнига тамаки тутунидан лаззат изламоқда? Олтинга тенг, қайтиб келмас дамларини ҳунар ёки билим олишга эмас, бундай тарбия масканларида ўтказмоқдалар? Бу ерларга келишга, носоғлом ҳаётни танлашга уларни нима мажбур қилди?

— Энг асосий сабаб – оиладаги носоғлом муҳит, — дейди Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи директори Қаноат Холматова. — Таҳлилларимиз шуни кўрсатадики, бу ерда тарбияланувчиларнинг кўпчилиги ота-онасининг тақдирини такрорлайди, бир оила битта кечмишни икки-уч бор қайта яшайди. Улар ёки нотўлиқ оилада туғилиб ўсган, ёки ота-онасидан бири ичкилик, гиёҳвандликка муте бўлган, ёки ҳамиша етишмовчилик исканжасида яшаган.

Мария Завирюха (исм-шарифи ўзгартирилган) — 17 ёшда. Онаси молдавиялик лўли, отасининг насабида украиналик ва ўзбек қони бор. Мария гиёҳвандлик оқибатида дунёга келган саккиз фарзанднинг еттинчиси. Ҳозир Мариянинг суяниши мумкин бўлган икки инсони ҳам қамоқда. Онаси 8 марта, отаси 11 марта қамалган. Энг оғриқлиси шундаки, ота-она фарзандларидан гиёҳванд моддаларни ташувчи (курьер) сифатида фойдаланган. Энди тасаввур қилиб кўринг, бундай оилада туғилган фарзанднинг тақдири ўзгача бўлиши мумкинми?

Ота-она меҳри, эътиборидан мосуво, бошланғич таълимдан бебаҳра, кўрган-билгани — ичкилик, гиёҳвандлик, уруш-жанжал, қамоқ... Натижада, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ходимлари Марияни таълим олиши ва муҳофазада бўлишини ўйлаб, меҳрибонлик уйига топширганлар. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, кўча ҳаётига ўрганган қизалоқ у ердан қочган, ичкиликка берилган, турли дайди танишлар топган, ботинида аёллик назокати, иффати қолмаган.

— Ҳазорасплик Мадина Бекчанова (исм-шарифи ўзгартирилган) коллежимизга келганида, кўринишидан тортиб ўзини тутишигача Мауглини эслатарди, — дейди маънавият-маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Наргиза Абдуқаҳҳорова. — Таълим масканимизда дарслар 7-синфдан бошлангани учун Мадинани шу синфга олишга мажбур бўлдик. Аслида, 1-синфга ҳам бормаган, ўқиш-ёзишдан хабари йўқ. Нега ундай десангиз, боқувчисини йўқотгач, оила муқим яшайдиган бошпанасиз қолган. Тинимсиз у ердан-бу ерга кўчиб юришган. Қизнинг айтишича, ҳатто бировларнинг оғилхонасида яшашга ҳам тўғри келган экан. Қорин ғамида, бошпана дардида юрган онанинг боласини ўқитишга шароити, имконияти бўлмагани табиий. Онаси бошқа турмуш қургач эса, болаларнинг бошига янада оғир кунлар тушган. Ўгай отанинг зулми, номусига тегишга уриниши тўрт фарзанднинг тўнғичи бўлган Мадинага руҳий зарба бўлиб, уйдан қочиб чиқиб кетган. Оила таъсир қилолмаган жойда муҳит таъсири ғолиб келгану, бу қизимизнинг ҳам хулқида салбий ўзгаришлар содир бўлган.

Мана, сизга иккита ўсмир қизнинг бошдан кечирганлари. Икки мурғак қалбга бу кўргиликлар оғирлик қилмайдими? Кичик жуссаси бу каби катта юкни кўтаришга қодирми эди? Уларнинг бу ҳолга тушишига ким ёки нима сабабчи?

— 10 йиллик фаолиятим давомида айтишим мумкинки, бу қизлар ота-оналарининг гуноҳлари учун бадал тўлаяпти, — дейди муассаса психологи Зилола Ҳайитбоева. — Уларнинг ичида алам, ғазаб, нафрат йиллар давомида тўпланиб қолган. Бу туйғулардан бирданига фориғ қилишнинг иложи йўқ. Тарбияланувчиларнинг ҳеч бирига аниқ ташхис қўя олмайман, чунки уларнинг табиати жуда беқарор, ўзгарувчан. Тез тушкунликка тушади, ўз жонига суиқасд қилишга мойиллиги юқори. Шунинг учун уларнинг ҳар бири билан алоҳида ишлайман. Уларни ўрганиш жараёнида кузатув, эксперимент, суҳбат методларидан фойдаланаман. Биздан ҳамиша ҳушёрлик, кўздан қочирмаслик талаб этилади.

Бир қараганда бошқалардан ҳеч фарқ қилмайдиган қизларнинг феълидаги нуқсони нималарда кўринар экан, дея кузатишни бошладим. Уят, ибо, қўрқув, ўзини назорат қила олиш, маданият... шулар етишмасди уларнинг гап-сўзи, хатти-ҳаракатида. Аёл кишининг юзидан ҳаё кўтарилса, у ҳар қандай мавжудотдан қўрқинчли бўлиб қолади, деб бежиз айтилмаган экан.

Мария ва Мадинани суҳбатга чорлаб, уларнинг ички дунёси, орзу ва армонларини билгим келдию... сўнгида пушаймон бўлдим. Нега шу қизлар соғлом оилада туғилмади экан? Соғлом муҳитда вояга етмадийкин? Йўқса, бири рассом, бири қўшиғу рақсни маромига етказадиган санъаткор бўлармиди?! Иккинчи пушмоним шу бўлдики, уларнинг хулқидаги нуқсон худди юздаги холдек манаман деб кўриниб турибди. Бу холни юлиб олишга анча кеч бўлган...

Инсон яхши амали учун мукофотланса, жинояти учун жазоланиши тайин. Нега энди қилмишларининг, эътиборсизлик ва зўравонликларининг меваси бўлмиш ёмон фарзандлар учун ота-оналар жавобгарликка тортилмайди? Қонунда шу масала кўзда тутилганми?

— Албатта, ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди, – дейди Фарғона вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияси масъул котиби Қобил Ҳасанов.  — Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасида сиз назарда тутган барча саволларга жавоб бор. Унга кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача, болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиниши эса, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 12-боби 79-моддасига асосан ота-она (улардан бири) ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан, алимент тўлашдан бўйин товласа, узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса, муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса, ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи тарбияланувчиларнинг ўтмишига назар соларканман, қуйидаги воқеа ёдимга тушди. Бир ҳинд аёли эгиз чақалоғини чойшабга ўраб, даланинг четига қўядию, ўзи чопиққа тушади. Аёл кўздан нари бўлгач, бўри икки болани олиб қочиб, ғорга кириб кетади. Бўрилар тўдасида катта бўлган иккита болакайни орадан беш-олти йиллар ўтиб одамлар кўриб қолади. Улар на гапиришни, на қоматини тик тутишни биларди. Олимлар уларнинг устида узоқ ва машаққатли изланишлар олиб боришига қарамай, бари бесамар кетган.

Хулоса шуки, она бўрининг боласи ҳам бўри бўлган. Инсон боласи бўлиш учун вақт ўтган, тарбияга эса анча кеч эди...

Севара АЛИЖОНОВА,
журналист

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?