Ёмғирлатиб суғориш томчилатиб суғоришдан фойдали...ми?!

22:13 01 Декабрь 2020 Жамият
347 0

Ҳасанбой Боййигитов Риштон туманидаги «Қайрағоч ҳосилдор» фермер хўжалиги раҳбари. У кейинги йили 20 гектар ерда синов тариқасида ёмғирлатиб суғориш усулида ҳосил етиштириш ҳаракатида юрибди. Шу тариқа бугунги кунда нафақат пахтачилик, балки қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларида ҳам эскича усуллар ўзини оқламай қолгани, кутилган натижа бермай қўйганини амалда исботлаш ниятида.

Фермер хўжалиги кейинги уч йил давомида Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда иш олиб борди. Самарали ҳамкорлик доирасида фермер ўзаро тажриба алмашиш мақсадида АҚШга борди.

— Техасда ернинг Канадагача бўлган оралиқ масофаси 6000 км. бўлиб, бу ер буюк текислик, дейилади, — дейди у. — Бўш турган мазкур ер табиий равишда шу даражада текиски, лекин сув, ариқ, зовур, дарахт... ҳеч нарса йўқ. Аммо фермерлар ҳайдалмаган ва текисланмаган қуруқ ерга ўғитини қўшиб пахта экяпти. Ортиқча меҳнатга ҳожат йўқ.

Ёмғирлатиб суғорилганда экинга суюқ азот қўшиб берилади. Пахтачиликда биздаги энг юқори ҳосилдорлик 45 — 46 центнер, АҚШда фермер шу усул орқали гектаридан ўртача 75 центнердан пахта ҳосил олади. Бу, албатта, инновациянинг самараси.

Биз 20 гектар ердаги ғўзани 7 кун суғорамиз. Агар ёмғирлатиб суғорсак, ўша харажатнинг ўндан бири ҳам кетмайди. Лекин ўша самарани беради. Энг муҳими, сувни тежовчи бу усулда ғўза баргидан ҳам, томиридан ҳам қувват олади.

2021 йилдан 20 гектар ерда ёмғирлатиб суғоришни йўлга қўймоқчиман. Агар тайёр томчилатиб суғориш техникасини сотиб оладиган бўлсам, 1 млрд. 800 млн. сўм кетар экан. Ёмғирлатиб суғориш усули харажатлари дастлабки ҳисоб-китобларимга кўра, 900 млн. сўмга тушади. Янги усулни ишга туширсам, у буғдойни ҳам суғоришда жуда асқатади.

Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?