«Яшил» иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди

Фото: president.uz
Президент Шавкат Мирзиёев «яшил» иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.
Маълумки, ҳозирги замонда энергетика ва экология муаммолари долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис мамлакатимизда кўплаб қуёш ва шамол электр станциялари қурилмоқда, иқтисодиёт тармоқларида энергия тежамкор технологиялар жорий қилинмоқда.
Бу йўналишни изчил давом эттириш мақсадида, Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга оширишга оид давлат дастурида саноат тармоқларида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва энергия тежамкорлик дастурини ишлаб чиқиш белгиланган эди. Тақдимотда мазкур дастурда кўзда тутилаётган чора-тадбирлар ҳақида ахборот берилди.
Қайд этилганидек, бу ҳужжатда саноат тармоқларида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва энергия тежамкорлигини таъминлаш бўйича концепция белгиланади. Шу асосида 25 та стратегик аҳамиятга эга корхонада ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланади.
Бу орқали 2022-2026 йилларда саноат тармоқларида 3,9 миллиард куб метр табиий газни, 4 миллиард киловатт соат электр энергиясини ва 21 минг тонна нефть маҳсулотларини тежаш режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида ҳар бир маҳсулот таннархида энергия улушини 20 фоизга камайтириш мақсад қилинган.
2023 йил 1 июндан бошлаб маҳсулотларнинг экологик тоза энергия ва технологиялар ёрдамида ишлаб чиқарилганини тасдиқловчи «яшил сертификатлар» тизими жорий этилади.
Шу мақсадда иссиқхона газларининг чиқарилиши босқичма-босқич тартибга солинади. Бунда табиатга зарарни қисқартириш ишларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.
Шунингдек, «ифлослантирувчи тўлайди» тамойилини тўлиқ жорий этиш, бу борадаги моддалар рўйхатини кенгайтириш ва йиғим ставкасини ошириш ҳам таклиф этилмоқда.
«Яшил» иқтисодиёт бўйича илмий тадқиқотларни кўпайтириш, инновацион лойиҳаларни татбиқ этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳужжатда белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилишини доимий баҳолаб борувчи гуруҳ ҳам шакллантирилади. Унинг таркибига 15 та халқаро ташкилот ва молия институтларининг раҳбарлари киритилади.
Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, ҳар бир тармоқ кесимида энергия тежамкорлигини ошириш, маҳсулот ишлаб чиқаришда энергия харажатини камайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Буюк Британия бош вазири жаримага тортилди
- НАТО Украина масаласида Россия билан музокара қилишнинг ягона йўлини маълум қилди
- Энергия таъминотини яхшилаш масалалари кўриб чиқилди
- Мактабларда тил ва касб ўргатишни ривожлантириш чоралари белгиланди
- «Ватан — бамисоли қуёшга ўхшаш...»
- Буркина-Фасода ўғирлаб кетилган аёллар озод қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг