«Яшил энергетика» Ўзбекистон иқтисодиётига қандай фойда беради?

14:58 31 Август 2021 Иқтисодиёт
1333 0

Республикамизнинг устувор йўналишлардан бири барчамиз учун глобал масалага айланаётган электр энергиясининг зарурлиги ва ундан оқилона фойдаланиш, арзон, ишончли, барқарор ва замонавий энергетикани жорий этиш чораларини кўришдан иборатдир.

Аҳолини сифатли ва узлуксиз энергия манбалари билан таъминлашда аввало давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш, барқарор инвестицион лойиҳаларни жалб қилиш зарур.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев яқинда Навоий вилоятига ташрифи чоғида Кармана туманида барпо этилган 100 мегаватт қувватли мамлакатимиздаги биринчи йирик илк қуёш фотоэлектр станциясини рамзий ишга туширди.

Мазкур мажмуа қурилиши ўтган йили бошланган эди. Унинг доирасида 110 млн доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 300 мингта қуёш панеллари ўрнатилди. Бу лойиҳа амалга ошиши билан 80 млн. куб/метр табиий газ иқтисод қилинади ва бу газ аҳоли уйларига боради. Энг муҳими, 160 минг тонна заҳарли газлар ҳавога тарқалишининг олдини олади. Бу эса том маънода, Ўзбекистонни «яшил иқтисодиёт»га ўтишига биринчи қадам бўлиб, давлатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллигини нишонлаш арафасида муносиб совға бўлди, десак муболаға эмас.

Албатта, бу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Давлатимиз раҳбарининг узоқни ўйлаб олиб бораётган оқилона сиёсатининг яна бир амалий натижасидир. Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномада энергетика соҳасини ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб, мазкур йўналишда амалга ошириладиган лойиҳа ва режаларни бирма-бир санаб ўтган эди. Хусусан, иқтисодий фаоллик ва аҳоли даромадлари ўсгани сайин, энергия ресурсларига бўлган талаб ортиб бориши, нефть-газ ва энергетика соҳаларидаги ислоҳотларни, бошланган йирик лойиҳаларни якунига етказиш лозимлиги таъкидланган эди.

Ҳақиқатдан ҳам, юртимизда энергетика соҳасини тубдан ислоҳ қилиш масалаларида буткул янги тизим ташкил этиш бўйича Президентимиз раҳбарлигида сўнгги йиллар ичида кўплаб йиғилишлар ва учрашувлар ўтказилди. Тегишли қонунлар, халқаро битимлар, қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Биргина энергетика соҳасида жорий йил якунига қадар умумий қуввати 1 минг 800 мегаваттга тенг бўлган иссиқлик ва қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилиши кўзда тутилмоқда. Ҳозирги кунга келиб, энергетика соҳасида давлат хусусий шериклик механизмлари асосида жами 19 та, қиймати 7,4 млрд АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳалар амалга оширилиб, шундан бугунги кун ҳолатида 12 та лойиҳа бўйича битимлар имзоланган. Бунинг натижасида ишлаб чиқариш ҳажми 14 минг мегаваттдан 15 минг 800 мегаваттга етказилади. 2016 йилга нисбатан ўсиш кўрсаткичи эса 52 фоизни ташкил қилади.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида 240 мегаваттдан 2 та ва 230 мегаваттга тенг 1 та, Хоразм вилоятида 174 мегаватт, Бухоро вилоятида 270 мегаватт, Қашқадарёда 220 мегаватт қувватга эга иссиқлик электр станциялари, Самарқанд вилоятида умумий қуввати 100 мегаваттдан бўлган қуёш электр станцияси ишга туширилиши арафасида турибди. Шу билан бирга, Сурхондарёда 38 мегаваттга тенг «Зарчоб-2» ва Тошкент вилоятида 8 мегаваттга тенг «Камолот» гидроэлектр станциялари ишга туширилади.

Хулоса ўрнида айтганда, республикамизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолининг энергия ресурсларига бўлган талабини тўлиқ қаноатлантириш мақсадида давлатимиз томонидан барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Носиржон АМИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?