Япониялик атом энергетиклари «Навоийуран» корхонасида

06:01 28 Май 2022 Жамият
670 0

Фото: Халқ сўзи

Мамлакатимиз раҳбари жорий йилнинг 19 май куни геология соҳасини янада ривожлантириш, фойдали маъданлар ва ерости суви захираларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишаркан, мутасаддиларга мазкур ишларда ҳамкорлик доираларини кенгайтириш, тармоққа энг илғор технологияларни жалб этиш топшириқларини берган эди.

Мазкур вазифалар ижроси доирасида «Навоийуран» давлат корхонаси раҳбарияти Япониянинг “Itochu Corporation” корпорацияси менежери Тошитака Шибата бошчилигидаги делегация аъзоларини қабул қилди.

Учрашувда «Навоийуран» давлат корхонаси Бош директори Жаҳонгир Ҳасанов “Itochu Corporation” корпорацияси билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш истиқболлари ҳақида сўз юритди. Шунингдек, «Навоийуран» давлат корхонаси томонидан ишлаб чиқариш жараёнларида илғор технологияларни қўллаб рудадан уранни ажратиб олиш даражасини янада ошириш, пировардида маҳсулот таннархини камайтириш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Музокараларда “Itochu Corporation” корпорацияси вакиллари Ўзбекистоннинг фойдали қазилмалар захираларга бойлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Япониянинг “Itochu Corporation” ҳамда “JOGMEC” компаниялари ўртасида геология қидирув ишларини олиб бориш бўйича уч томонлама меморандум имзоланганини мамнуният билан эътироф этди.

— «Навоий уран» давлат корхонасининг ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишдик, — дейди “Itochu Corporation” корпорацияси геологи Гоми Атсуши. — Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, корхонада технологик жараёнлар ва транспорт тизими мониторинги тўлиқ автоматлаштирилгани бизни ҳайратга солди. Шунингдек, конларда фойдали маъданлар захирасини халқаро стандартларга мувофиқ баҳолаш тизими ҳам юқори даражада йўлга қўйилганки, бу маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнларида бебаҳо омил саналади.

Учрашув якунида «Навоийуран» давлат корхонаси муҳандис-мутахассислари кунчиқар мамлакат атом энергетикаси соҳаси тажрибасини ўрганиш мақсадида Японияга ташрифи борасида келишиб олинди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер