Янгиланган мактаблар фойдаланишга топширилди

14:32 13 Январь 2025 Жамият
306 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Пастдарғом туманидаги бешта умумтаълим мактаб ўқувчилари янги бинода ўқишни бошлади. Инвестиция дастури асосида тумандаги бир қатор таълим муассасалари янгидан қурилди.

“Қўшчинор” маҳалласидаги 774 ўринли 50-умумтаълим мактабини таъмирлаш учун қарийб 8 миллиард сўм маблағ ажратилди. Мактаб биносининг очилиш маросимида сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

— Ўқувчилик давримизда бундай барча шарт-шароитларга эга, синфхоналари ёруғ, кутубхонаси адабиётларга бой мактаб бўлмаган, — дейди меҳнат фахрийси Меҳли Бойқўзиев. — Бугун янги мактабда яратилган шароитларни кўриб, ёшларга ҳавасим келди. Энди набираларимнинг сифатли таълим олишидан кўнглим тўлди.

Фурқат маҳалласидаги 19-мактаб биноси ўтган асрнинг 70-йилларида ҳашар йўли билан қурилган. У деярли ўзининг хизматини ўтаб, биноси яроқсиз ҳолатга келиб қолганди. Унинг ўрнига инвестиция дастури доирасида 3 миллиард 400 миллион сўм маблағ эвазига 420 ўқувчи ўрнига мўлжалланган янги мактаб биноси барпо этилди.

Туманнинг Ўрта Чархин маҳалласидаги 46-умумий ўрта таълим мактабида ҳам инвестиция дастури асосида бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Мактабнинг 450 ўринли биноси мукаммал таъмирланиб, замонавий ҳолатга келтирилди. Лойиҳа қиймати 4 миллиард 609 миллион сўм бўлган мазкур объектда қурилиш ишлари “Ўткир Сарбон Сервис” хусусий корхонаси томонидан амалга оширилди.

Зормон маҳалласидаги 85-умумий ўрта таълим мактаби 1989-йилда қурилган. 320 ўринга мўлжалланган ушбу мактаб биноси ҳам анчагина таъмирталаб аҳволда эди. Шу боис 3 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция маблағлари ҳисобидан мазкур таълим даргоҳи ҳам замонавий ҳолатга келтирилди.

Кичик Найман маҳалласидаги 16-умумтаълим мактабининг биносидаги синфхоналарини таъмирлашда дизайн, материаллар сифати, мебель танлашга алоҳида эътибор қаратилди.

— Пастдарғом туманида ўтган йилда 13 та умумтаълим мактаби ва битта давлат мактабгача таълим ташкилотида қуриш, мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди, — дейди Пастдарғом туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Музаффара Абдиева. — Энди таълим соҳаси ходимларидан фақат болаларга сифатли таълим бериш талаб этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?