Янгиланаётган божхона: очиқлик, шаффофлик ҳамда ишончлилик тамойиллари асосида

22:17 20 Август 2022 Жамият
413 0

Бугун мамлакатимиз илғор, ривожланган давлатлар сафидан мустаҳкам ўрин эгаллашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар эса халқимизга муносиб турмуш шароитларини яратиб бериш мақсадида қилинмоқда. Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг шахдам одимлари дунё ҳамжамияти томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.

Ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида аҳоли фаровонлигини таъминлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти юксалтириш каби бир қатор эзгу ғоялар мужассам. Бу божхона тизимидаги ўзгариш ва янгиланишларда ҳам намоён бўлмоқда.

Хусусан, тизимга “Рақамли божхона” тамойили кенг жорий қилинаётгани ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ҳам вақтини, ҳам харажатини тежашга хизмат қилмоқда.

Кенг миқёсда жорий қилинаётган “Хавфларни бошқариш”, “Ягона дарча”, “Е-транзит”, “Божхона ва юк операциялари” каби божхона ахборот тизимлари ва электрон хизматлар кўмагида божхона назорати ҳамда расмийлаштирувига сарфланаётган вақт тобора қисқариб бормоқда.

Хусусан, “Божхона ва юк операциялари” автоматлаштирилган ахборот тизими бу борада алоҳида аҳамиятга эга.

Ахборот тизимини жорий этишдан асосий кўзланган мақсад божхона назорати остидаги товарларга нисбатан божхона ва юк операцияларини электрон бошқариш, юк операцияларида божхона органи мансабдор шахсининг мажбурий қатнашишидан қисман воз кечиш, товарлар ҳаракати ҳисобининг назорати йўқолишини олдини олиш, божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларига сарфланадиган вақтнинг сезиларли даражада қисқартирилишига эришиш, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига кенг қулайликлар яратишдан иборат.

Тизимнинг энг муҳим вазифаси эса божхона назорати остидаги товарларга нисбатан божхона ва юк операцияларини электрон бошқаришни жорий этиш орқали божхона омбори эгаларига ишонч билдириш ҳамда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига қулайликлар яратиш, шунингдек товарнинг транспортда кўп вақт туриб қолишини олдини олишдир.

Аҳамиятлиси, божхона назоратига илғор технологиялар татбиқ этилиши натижасида декларацияни расмийлаштириш вақти экспортда 1,7 баробарга, импортда эса 1,4 баробарга қисқартирилди. Шу билан бирга, 76 фоиз божхона юк декларациялари соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган, бу кўрсаткич экспортда 84 фоизни ва импортда 74 фоизни ташкил этади.

Божхона соҳасида амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар, кенг кўламли ислоҳотлар ҳақли равишда халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилмоқда.

Биргина тадбиркорлик фаолиятини янада либераллаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш ва тадбиркорларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида муҳим ислоҳотлар ўтказиляпти.

Бироқ, таҳлиллар илғор рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш мумкинлигини кўрсатмоқда. Жорий йилнинг 27 апрель куни қабул қилинган “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони айни мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Фармоннинг асосий мақсади божхона маъмуриятчилигини янги босқичга олиб чиқиш, божхона ва юк операцияларини рақамли трансформация қилиш орқали инсон омилини кескин қисқартириш, божхона соҳасини очиқлик, шаффофлик ҳамда ишончлилик тамойиллари асосида коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш ҳисобланади.

Фармонга асосан божхона кўриги жараёнларини қамраб олган мобил электрон тизим ишга туширилади, божхона хизматлари тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда, «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали кўрсатиладиган хизматлар сони 40 тага етказилади.

Божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни биргина Тошкент шаҳар божхона бошқармаси мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, 2022 йилнинг 7 ойи давомида 194 минг 831 та божхона юк декларацияси расмийлаштирилиб, улар бўйича 11 триллион 304 миллиард сўмлик божхона тўловлари давлат бюджетига ўтказилди.

Тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган салкам 1 млрд. 211 миллион АҚШ долларидан зиёд маҳсулот хорижга экспорт қилинди.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 10 дан ортиқ турдаги ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган хомашё, технологик асбоб-ускуналар, маиший техника ва уларнинг қисмлари каби товарларнинг божхона расмийлаштирувида 8 трлн. сўмдан ортиқ божхона тўловларидан имтиёзлар берилди.

Божхона постида яширин иқтисодиётни қисқартириш, ноқонуний товар-моддий бойликларнинг юртимиз ҳудудига кириб келишининг олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, ўтган даврда 2019 та ҳолатда 150 млрд. сўмдан ортиқ товарларнинг ноқонуний йўл билан кириб келишининг олди олинди. Улар бўйича 20 млрд. сўмдан зиёд қўшимча божхона тўловлари ҳисобланиб, давлат бюджетига ундирилиши таъминланди.

Бир сўз билан айтганда, божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш мақсадида халқаро меъёр ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилишга қаратилаётган муҳим эътибор, соҳада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга, унинг инвестицион салоҳиятини оширишга, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга ва божхона органлари фаолияти шаффофлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Толибжон САИДОВ,

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер